Эфиоп тили, геэз, гез, гииз — сом-ҳом тиллари оиласининг сом тармоғидаги эфиопсом тилларидан бири; тошлар, қоялар, сопол буюмларда сақланган ёдгорликлар ва насроний адабиёт битилган ўлик тил. Милоддан аввалги В асрда Жанубий Арабистондан кўчиб келган аҳолининг тили сифатида пайдо бўлган ва ИВ—ВИИ асрларда Аксум давлатининг, кейин Эфиопияда мавжуд бўлган бошқа давлатларнинг тили ҳисобланган. Милодий 1—2 минг йилликлар чегарасида сўзлашув тили сифатида истеъмолдан чиқиб (унинг ўрнини амхара тили эгаллаган), черковнинг ибодат тили тарзида ХХ аср бошларигача сақланиб келган. Бошқа эфиопсом тилларига қараганда кушит тиллари таъсирига камроқ учраган, кўплаб архаик белгиларни сақлаб қолган.

Эфиоп тили жанубий арабий консонант алифбо асосида шаклланган бўғинли ёзувдан фойдаланади (қаранг: Эфиоп ёзуви). Аксум битиклари (тош ва сополларда ва бошқалар) деб аталадиган илк ёдгорликлари ИВ асрга мансуб. В асрдан бошлаб Эфиоп тилига юнон, қибтий (копт), сурёний, қадимий яҳудий, араб тилларидан китобий ўзлашмалар, кушит тилларидан эса сўзлашувга хос ўзлашмалар кириб келган. Эфиоп тили бошқа эфиопсом тилларига муайян таъсир ўтказган; ундан ҳозирги илмий терминларни яратиш манбаи сифатида фойдаланилади[1].

Манбалар

  1. ↑ "Эфиоп тили" ЎзМЕ. Э-ҳарфи Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил