Egotsentrizm
Эгоцентризм (лот. эго — мен ва — марказ) — шахснинг ўз қизиқиш доирасига боғланиб қолиши, бошқа одамлар ва нарсаларга нисбатан ўзининг дастлабки билишига оид қараши ёки фикрини ўзгартира олмаслиги, ҳатто ўз тажрибасига қарама-қарши ахборотларга мослаша билмаслигидан иборат, хислати. Эгоцентризм негизида инсоннинг ўз нуқтаи назарига қарама-қарши қарашлар мавжуд бўлиши мумкинлигини тан олмаслиги, тушуна билмаслиги ҳодисаси ётади. Шахсда ўзига ҳаддан зиёд ишониш устуворлиги туфайли у бошқаларнинг руҳий ҳолатлари, баҳолаш тизимини ўзиники билан айнан бир хил деб тасаввур қилади. Эгоцентризмни олдини олиш учун шахсда тадрижий равишда "ўзлик" марказидан "бизлик" "умумийлик" хаттиҳаракатига ўтиш қобилиятини ривожлантириш (децентрация)ни йўлга қўйиш жоиз. Якка шахс жамоа, миллат, жамият билан ҳамкорлик қилгандагина комил инсонга айланиши ҳамда кўпчилик фикри ва измига тушиши юксак наф келтиришини уқтириш лозим. Турмушнинг барча соҳаларида фаол иштирок этиш орқалигина эгоцентризмдан халос бўлиш мумкин. Эгоцентризм илк болаликдан яққол кўзга ташланади, лекин 12—14 ёшларда бу ҳолат янада кучаяди, ҳатто кексалик даврида ҳам давом этади. Тадқиқотларда эгоцентризмнинг бир неча турлари ўрганилган: а) билишга оид эгоцентризм шахснинг идрок ва тафаккур жараёнларида намоён бўлади; б) хулқ-атвор эгоцентризми одамларнинг хаттиҳаракати, хулқи ва қилиғини идрок этишдаги ноқобилликда ифодаланади; в) муомала эгоцентризми инсон томонидан ахборотни ўзгаларга узатишда юзага келади, бошқалар қўллаган тушунчалар, маълумотлар ва фикрлаш мантиғига менсимай муносабатда бўлишида акс этади. Шахслараро муносабатга киришиш, ишбилармонлик ўйинлари билан шуғулланиш орқали инсонда эгоцентризмнинг камайиши кузатилади.
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |