Эҳтиёж – инсоннинг яшаши ва камол топиши учун керакли ҳаётий воситаларга бўлган зарурият. Эҳтиёж кишиларнинг ҳаётий воситаларига бўлган заруриятини ифодаловчи илмий категория сифатида тараққиётнинг ҳамма босқичлари учун умумий ва доимийдир. Унинг бозор иқтисодиёти шароитидаги тарихий кўриниши талаб тушунчасидир. Талаб эҳтиёждан фарқ қилиб, мустақил иқтисодий категория (илмий тушунча) сифатида амал қилади. Эҳтиёжнинг фақат пул билан таъминланган қисми талабга айланади. Демак, талаб – бу пул билан таъминланган эҳтиёждир.

Эҳтиёж зарур миқдордаги пул билан таъминланмаса, у „хоҳиш“, „истак“ бўлиб қолаверади. Талабнинг бир қатор муқобил вариантлари мавжуд бўлади, чунки нарх ўзгариши билан товарнинг сотиб олинадиган миқдори ҳам ўзгаради. Барча ҳаётий эҳтиёжлар (иқтисодий, ижтимоий, маданий, маънавий, сиёсий эҳтиёжлар) ичида ижтимоий–иқтисодий эҳтиёжлар алоҳида ўрин тутади. Бу эҳтиёжлар кишиларнинг яшаши, меҳнат қилиши ва ҳаёт кечириши учун турли неъматлар ҳамда хизматларга заруратдан иборат бўлади. Шу жиҳатдан олганда ижтимоий–иқтисодий эҳтиёжлар моддий ва маънавий эҳтиёжларни ўз ичига олади.

Моддий эҳтиёжлар —бу моддий кўринишдаги неъматлар воситасида қондирилувчи заруратдир. Булар истеъмол учун зарур бўлган кўплаб ҳаётий предметларни (ишлаб чиқариш ва транспорт воситалари, озиқ–овқат, кийим–кечак ва ҳоказо) ўз ичига олади.

Маънавий эҳтиёжлар—бу инсоннинг шахс сифатида камол топиши, дунёқараши ва маънавиятининг шаклланиши учун тақазо этиладиган номоддий неъмат ва хизматларга бўлган заруратдур. Улар кишиларнинг билим ва дам олиши, маданий савиясини ошириш, малака–маҳоратга эга бўлиш, турли маънавий йўналишдаги хизматлардан баҳраманд бўлиш каби эҳтиёжлардан иборат. Эҳтиёжларни истеъмол қилиш тавсифига кўра 2 га бълинади:

  1. шахсий эҳтиёж
  2. ишлаб чиқариш эҳтиёжи

Шахсий эҳтиёжлар—кишиларнинг пировард истеъмоли учун мўлжалланган маҳсулот ва хизматларга бўлган заруратдир. Масалан: озиқ–овқат, кийим–кечак, уй–рўзғор буюмлари, шахсга кўрсатиладиган турли хизматлар шахсий эҳтиёжларни намоён этади.

Ишлаб чиқариш эҳтиёжлари—маҳсулот ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатишни амалга ошириш мақсадида ишлатилувчи турли иқтисодий ресурсларга бўлган зарурат. Ишлаб чиқариш эҳтиёжларига хомашё (нефт, пахта ва ҳоказо), материаллар (пўлат, ёғоч, тола ва ҳоказо), асбоб–ускуналар, иш машиналари (юк машинаси, экскаватор, булдозер ва ҳоказо), ишчи кучи ва бошқаларни киритиш мумкин. Шунингдек, эҳтиёжларни

  • якка тарзда ва бирга қондирилувчи эҳтиёжлар;
  • бирламчи ва иккиламчи эҳтиёжлар;
  • якка, гуруҳий, ҳудудий, умумжамият эҳтиёжлари;

каби турларга ажратиш мумкин.

Инсоннинг шахсий манфаати, қизиқишлари ва турмуш тарзига мослаб қондирилиши мумкин бўлган эҳтиёжлар якка тарзда қондирилувчи эҳтиёжлар дейилади. Уларга овқатланиш, кийиниш кабиларни мисол қилиш мумкин. Ҳатто овқатланиш жараёни бирга (оилавий ёки бир неча кишилар билан) амалга оширилган тақдирда ҳам, ҳар бир кишининг овқатга бўлган эҳтиёжи алоҳида, якка тарзда қондирилади.

Одатда кишиларнинг турли даражалардаги гуруҳи (оила, жамоа, мамлакат фуқаролари ва ҳоказо) томонидан бирга намоён этилувчи эҳтиёжлар бирга қондирилувчи эҳтиёжлар дейилади. Масалан: таълим олиш бинолари, касалхоналардан, дам олиш жойларидан баҳраманд бўлиш, спорт ўйинлари ва кўнгилочар томошаларни бирга кўриш, мамлакат мудофааси ва тинчлигини сақлаш кабилар шулар жумласидандир.

Бирламчи эҳтиёж—бу инсоннинг ҳаётий фаолиятида зарурлик даражаси нисбатан юқори бўлган ва шу сабабли, биринчи навбатда қондириладиган эҳтиёж. Инсон ҳали билим олиши, санъат билан шуғулланиши, маданий ҳордиқ чиқаришидан илгари озиқ–овқат, кийим–кечак, уй–жойга бўлган эҳтиёжларини қондириши лозим.

Иккиламчи эҳтиёж—бу бирламчи эҳтиёжлар қондирилиб бўлгандан сўнг ундан юқори даражада намоён бўладиган ва қондириладиган эҳтиёж. Бу турдаги эҳтиёжларга билим олиш, малака ошириш, санъат билан шуғулланиш, дам олиш ва ҳоказоларни киритиш мумкин.

Якка эҳтиёж—бу алоҳида шахснинг ижтимоий–иқтисодий мавқеи, дунёқараши ва бошқа хусусиятлари таъсирида шакилланувчи эҳтиёжи. Жамиятдаги кишилар сони қанчалик кўп бўлмасин, улар ўз эҳтиёжларининг таркиби, даражаси ва қондирилиш воситалари жиҳатидан озми–кўпми фарқланадилар.

Гуруҳий эҳтиёж—бу маълум гуруҳ ёки жамоаларга бирлашган кишиларнинг биргаги эҳтиёжи. Бир оиланинг эҳтиёжи бошқа биридан, бир меҳнат жамоасининг эҳтиёжлари бошқасидан ўз таркиби ва даражаси жиҳатидан фарқ қилади.

Ҳудудий эҳтиёж—бу муайян ҳудудларда истиқомат қилувчи кишиларнинг биргаги эҳтиёжи. Инсон муайян ҳудудда истиқомат қилганлиги сабабли, унинг баъзи бир эҳтиёжлари мазкур ҳудудда истиқомат қилувчи барча инсонларнинг умумий эҳтиёжлари сифатида намоён бўлади. Масалан, ҳар бир маҳалла ўзининг гузари, унда жойлашган савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, болалар боғчаси, дам олиш жойлари, истироҳат боғлари ва бошқа иншоатларга эҳтиёж сезади.

Умумжамият эҳтиёжлари—бу жамият миқёсидаги барча кишилар учун умумий бўлган эҳтиёж. Жамият эҳтиёжларига қуйидаги бир қатор омиллар таъсир қилади:

  1. жамиятнинг иқтисодий тараққиёт даражаси;
  2. жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий тизим;
  3. табиий-географик шароитлар;
  4. тарихий-миллий анъаналар ва урф-одатлар;
  5. аҳоли сонининг ўсиши, унинг таркибидаги ўзгаришлар;
  6. халқаро, давлатлар, миллатлар ва минтақалар ўртасидаги алоқалар[1].


Яна қаранг

Ҳаволалар

  • Иан Гоугҳ (1994) Эcономиc Институтионс анд тҳе Сатисфаcтион оф Ҳуман Неэдс. Жоурнал оф Эcономиc Иссуэс. вол. 28, но. 1 (Марч 9), пп. 25–66.

Манбалар

  1. ↑ Иқтисодиёт назарияси
  • Иқтисодиёт назарияси Ш.Шодмонов, М.Рахматов