Эҳтиёжлар — организм, инсон шахси, ижтимоий гуруҳ, умуман жамиятнинг ҳаёт фаолиятини сақлаб туриш учун зарур бўлган нарсаларга талаб, муҳтожлик. Назарий ва амалий иқтисодиётнинг фундаментал категорияларидан бири. Эҳтиёжлар субъект билан унинг фаолияти ўртасидаги боғланишларни ифода этади ва мақсадлар, майллар, интилишларда ва пировардида ҳаттиҳаракатлар, феълатворда юзага чиқади. Фаолият соҳасига қараб меҳнатга, билимга, мулоқотларга; объектига қараб моддий, маънавий; субъектига кўра якка (шахсий), гуруҳий, жамоавий, ижтимоий эҳтиёжлар бўлиши мумкин. Эҳтиёжларнинг умумий қонунияти — уларнинг умуман бевосита инсон фаолиятига, хусусан, ижтимоий ишлаб чиқариш га боғлиқ бўлишидир. Айни пайда фаолликка ундовчи куч бўлган эҳтиёжлар, ўз навбатида, ҳаёт шароитларига танлама таъсир кўрсатади, уларнинг ўзига хос томонларини белгилайди, у ёки бу фаолият усулларини ва эҳтиёжларни қондирадиган предметлар ишлаб чиқаришни рағбатлантиради. Масалан, бир вақтлар кишиларда автомобилга пайдо бўлган эҳтиёжлар уларни яратиш йўлида изланишларнинг бошланишига сабаб бўлди, бутун бир саноат тармоғининг пайдо бўлишига олиб келди.

Тарихан эҳтиёжлар ўсиб боради, улар хилма-хил, ўзгарувчан, тузилмавий ўзгаришларга учраб туради. Эҳтиёжлар тизимида иқтисодий эҳтиёжлар асосий ўринда туради. Уларга биринчи навбатда, моддияшёвий эҳтиёжлар (моддий ва маънавий) — озиқ-овқат маҳсулотларига, кийимкечак, ахборот воситалари (газета, китоб ва бошқалар)га эҳтиёжлар, шунингдек, иқтисодий эҳтиёжлар тузилмасида олий ўринда турадиган меҳнат қилиш, таълим олиш, соғлиқни сақлаш эҳтиёжлари киради.

Иқтисодий эҳтиёжларни ҳам уларни рўёбга чиқарадиган субъектларига қараб таснифлаш мумкин (шахсий — якка, жамоа ва ижтимоий — умумий эҳтиёжлар).

Бозор муносабатлари шароитларида иқтисодий эҳтиёжлар пул билан воситаланади ва талаб сифатида юзага чиқади (қаранг Талаб ва шаклиф). Ишлаб чиқариш ва эҳтиёжлар ўртасидаги теран ички боғланишлар эҳтиёжларнинг ўсиб бориши қонунида ўз ифодасини топади. Иқтисодиётнинг бутун тарихини энг оддий эҳтиёжлардан тобора ҳар томонлама ривожланган инсон эҳтиёжларининг шаклланишига ўтиш тарихи тарзида қараш мумкин.