Eksport
Экспорт — товарларни чет эллик мижозларга сотиш бўлиб, бунда мазкур мамлакатда ишлаб чиқарилган товарлар мамлакатдан ташқарига чиқарилади.
Экспортни рағбатлантиришнинг кредит-молиявий усуллари
Экспорт (инг., лот. — олиб чиқаман, четга чиқараман) — товарлар, хизматлар, инвестиция, қимматли қоғозлар, технологиялар ва бошқаларни ташқи бозорга чиқариш. Товарларни бир мамлакат орқали олиб ўтиш (транзит) ва бир мамлакатдан олиб келинган товарларни бошқа мамлакатларга сотиш учун чиқариш (реэкспорт) ҳам экспортга киради.
Мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган моддий бойликлар экспорт таркиби (кўринма экспорт) миллий иқтисодиётнинг ўзига хос хусусиятлари, унинг халқаро меҳнат тақсимотидаги ўрни билан боғлиқ. Саноати ривожланган мамлакатларга саноат маҳсулотлари, айниқса, машинасозлик маҳсулотлари ва технологиялар экспорт қилиш хос бўлса, қолоқ аграр иқтисодиётга эга бўлган мамлакатлар экспортида хомашё ва озиқ-овқат асосий рол ўйнайди. Якка зироатчилик хўжаликлари ҳукмрон бўлган мамлакатлар экспортида 1—2 товар тури асосий ўринни эгаллайди.
Юкларни ташиш, воситачилик операциялари, туризм, илмий техника алоқаларидан ва бошқалар хизматларни сотишдан олинадиган даромадлар кўринмас экспортни ташкил этади ва иқтисодиёти ривожланган кўпгина мамлакатларда унинг аҳамияти ортиб бормоқда.
Ҳар қандай давлат учун экспорт, импорт ва чет элларда бошқа харажатларни тўлаш учун зарур бўлган чет эл валютасининг асосий манбаи. Давлатнинг ташқи иқтисодий сиёсатида (қаранг Ташқи иқтисодий сиёсат) экспортни кенгайтириш муҳим масала ҳисобланади ва давлат экспорт учун мўлжалланган ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашнинг турли шаклларини кенг қўллайди (солиқ имтиёзлари ва бошқалар молиявий кўмаклар; экспортни давлат томонидан кредитлаш).
Экспортни чеклаш (қаранг Квота) аксарият ҳолларда муайян мамлакатлар билан олиб бориладиган савдога эмбарго жорий этиш йўли билан сиёсий мақсадларда амалга оширилади. Айрим товарлар экспортни баъзан иқтисодий ёки экологик сабабларга кўра чекланади (мазкур товарнинг мамлакат иқтисодиёти учун муҳимлиги, йўқолиб бораётган ҳайвонлар ёки ўсимликлар турларини, миллий маданий бадиий бойликларни асраш ва бошқалар). Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига мувофиқ, товарлар экспортни божхона режимида, божхона тўловлари тўланганидан кейин, иқтисодий сиёсат тадбирларига риоя этилган ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа талаблар бажарилган ҳолларда Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудидан четга чиқарилади.
2003-йилда Ўзбекистон Республикаси экспорти 3725,0 млн. АҚСҲ долларидан иборат бўлди (импорт 2964,2 млн. АҚСҲ доллари). Унинг товарлар таркибида пахта толаси (19,8%), озиқ-овқат товарлари (2,7%), кимё маҳсулотлари, пластмасса ва улардан ясалган буюмлар (3,1%), энергия манбалари (9,8%), қора ва рангли металлар (6,4%), машина ва ускуналар (5,9%), хизматлар (14,4%) ва бошқалар асосий ўринда туради.
Кўпгина мамлакатларда экспорт товарлари қўшилган қиймат солиғидан ва шунга ўхшаш солиқлардан озод қилинади (яна қаранг Ташқи савдо).
Қодиржон Юсупов.
- экспортга товарлар етказиб беришни субсидиялаш;
- экспорт қилувчилар учун давлат кредитларини бериш ва хусусий кредитлар берилишини рағбатлантириш;
- хорижда амалга оширилувчи савдо битимларини давлат томонидан суғурталаш;
- экспортдан олинувчи фойдадан солиқ тўлашдан озод этиш ва ҳоказо.
Яна қаранг
| Иқтисодиёт ва молияга оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |