Ekspressionizm
Экспрессионизм (лотинча, ехргекю – ифодалаш, изҳор қилиш) – 1900— 20-йилларда адабиёт ва санъатда юзага келган йўналиш; даврнинг ўткир инқирозларининг акс садоси сифатида юзага келган. Экспрессионизм асарларидаги ижтимоий танқидий руҳи билан параллел мавжуд бўлган ёки кейин юзага келган авангард санъатидан фарқ қилади. Унинг асарларида замонавий сивилизациянинг инқирози табиат ва инсониятга ёпирилиб келаётган ҳалокат кўриниши тарзида намоён бўлади. „ЭкспрессионизмС“ термини илк бор Х. Валден томонидан қўлланган (1911). Экспрессионизмда, асосан, ижодкорнинг субектив тасаввурлари, ҳистуйғулари ифодаланди, улардаги эҳтирослилик ва жиддийлик асарларга жўшқинлик бахш этди. Экспрессионизм тараққиёти қарама-қаршиликларга эга бўлди, бир томондан, модернистик анъаналарнинг ривожланишига таъсир кўрсаца, бошқа томондан, ижтимоий танқидий йўналишнинг қарор топишини таъминлади.
Бадиий адабиётда – экспрессионизм ўзининг типик характерга эга бўлмаган асарлари билан намоён бўлди. Экспрессионистик адабиётнинг асосий жанри лирик поэзия ва публицистик драма бўлганлиги ҳам бежиз эмас. Бу тахлит асарларда муаллифнинг узунданузоқ ва ҳиссиётли монологлари ўрин оларди. Экспрессионизм адабиётининг пайдо бўлиши Г. Тракл (Австрия), Г. Хейм ва Э. Штадлер (Германия) номлари билан боғлиқ. Уларнинг трагизмга бой лирикасида ҳаёт ўша давр тамаддунининг шиддатли одимини тутиш тарзидагина эмас, балки яқинлашиб келаётган тарихий бурилишларни сезиш, шахснинг ижтимоий мавжудотга шаксиз боғлиқлик ҳисси билан туғилган гирдибод ҳаракати йўсини тарзида талқин қилинган. Бу тахлит асарларни Г.Бенн, И.Бехер, Я. Ван Годдис, Ф.Верфел ва Э.ЛаскерШюлер лирикасида, В.фГазенклевер, Г.Кайзер, Л.Рубинер, Э.Толлер, Ф.фон Унру, К. Х. Янн драмаларида, А.Дёблин, Г.Мейринк, Л.Франк, К.Эдшмид ва қисман Ф.Кафканинг насрий асарларида ҳам кўриш мумкин.
Тасвирий санъатда экспрессионизм ўтмишдошлари (турли даражада символизмга яқин бўлган) голланд рассоми Ван Гог, норвегиялик Э. Мунк, белгиялик Ж. Энсор ижодидан таъсирландилар. Э. тамойиллари кўпроқ немис ва австриялик рассомлар ижодида ўзини тўлиқ намоён қилди. „Кўприк“ уюшмаси аъзолари (Э. Кирхнер, М. Пехштейн, Э. Хеккел ва бошқалар) Э. руҳида асарлар яратдилар; „Мовий суворий“ жамияти аъзолари (В.Кандинский, Ф. Марк ва бошқалар)нинг асарлари образ қурилишига кўра бирмунча етук бўлган; рассом О. Кокошка, М. Бекман, ҳайкалтарош В. Лембрук ва бошқалар эркин ижод қилдилар ҳамда тасвирий ифодалилик масалаларига эътиборни кўпроқ қаратдилар. Инқилобий мафқура таъсирида бир қатор рассомлар ижодида Э. уруш ва инсон ҳуқуқларини поймол этилишига қарши бўёқларга эга бўлди. Экспрессионизм графика (дастгоҳ ва китоб графикаси)да ҳам сезиларли ўрин тутди. Оққора бўёқларнинг кескинлиги, тасвирларда эркин шаклларни ишлатилиши график асарларга жўшқинлик бахш этиш билан бирга унинг ички моҳиятини ёритишга хизмат қилди (мас, белгиялик Ф. Мазарел асарлари).
Ўзбекистон тасвирий санъатида Э. таъсири ХХ асрнинг 20—30-йилларида М. Курзин, В. Еремян, В. Уфимсевларнинг айрим асарларида сезилади. Н. Кашинанинг илк ижодида шу таъсирни кўриш мумкин.
Мусиқада Э.нинг илк кўринишлари Г. Малер (етук симфониялари ва „Ер ҳақида қўшиқ“ туркуми) Р. Штраус („Саломея“ ва „Электра“ опералари) ижодида намоён бўлган. Мусиқий Э. тўлалигича Янги Вена мактаби вакиллари асарларида, кейинчалик унинг услубий тамойиллари бошқа композиторлар ижодида ҳам ўз аксини топган (П. Хиндемитнинг „Қотил— аёллар умиди“ ва „Авлиё Сусанна“, Э. Кшенекнинг „Соя устидан сакраш“, Б. Бартокнинг „Ажойиб мандарин“ опералари, А. Онеггернинг 3 ва 5симфониялари ва бошқалар). Э.га хос ўта ҳаяжонли, кескин кайфият қарама-қарши (оғир қайғули, ғамгин ёки хаёлий, осойишта бўлган) образлар тўқнашуви орқали юзага келади. Ифода воситалари атоналлик, додекафонията хос унсурларнинг кенг татбиқ этилиши, гармониянинг ўткир ҳамоҳангсизлиги, куй тузилмалари ўзаро боғланмаганлиги, вокал партиянинг нутқ интонацияларига асосланганлиги билан ажралиб туради. Ўзбекистон композиторларидан Ф. ва Д. ЯновЯновскийларнинг турли жанрдаги асарлари, Н.Зокировнинг опералари, М.Тожиев ва Т.Қурбоновнинг айрим симфонияларида Э. хусусиятлари учрайди.
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |