Электроэнсефалография (электро... ва юн. бош мия ва... графия) — бош мия фаолиятини текшириш усули; бош миянинг биоэлектрик фаоллигини электроэнсефалограф воситасида ёзиб олиш. Бош мияда содир бўладиган биоэлектрик фаол ҳаракатларни ёзиб олиш мумкинлиги ва уни клиник аҳамиятини илк марта немис психиатри Ганс Бергер аниқлаган (1929).

Э.дан тадқиқот ва диагностика мақсадларида фойдаланилади.

Мия ҳам ўз фаолиятида, худди бошқа аъзо ва тўқималар сингари, жуда кичик электр юритувчи куч (э.ю.к.) ҳосил қилиб туради. Уни электроэнсефалографда қайд этиш мумкин. Бунинг учун текширилаётган одам бошига пластинкасимон электродлар қўйилиб, улар аппаратга уланади, аппарат миянинг биопотенсиалларини ёзиб боради.

Бемор бошига электродларни ўрнатиш схемаси турлича, энг қулайи бу Юинг усули бўлиб, унда 12 электрод ишлатилади. Ҳар хил частотали тўлқинлар, турли фаза ва амплитудаларни акс эттирувчи эгри чизиқ — электроэнсефалограмма (ЭЭГ) миянинг мураккаб тузилишидаги хусусиятлар, бош мия пўстлоғидаги нейрон ва синапсларншк функсионал ҳолатига қараб ҳар хил кўринишда бўлади. Э. мияни нафақат физиологик, балки патологик ҳолатларини ҳам қайд қилиши мумкин.

Замонавий Э. аппаратлари кўп каналли (кўп тармокли) бўлиб, унинг ҳар бир канали мустақил кучайтириш, филтрлаш блоки (кераксиз тўлқинлардан тозалаш учун ва бошқалар), бош миянинг барча қисмларидан керагини танлаш учун тўплаш (коммутатор) блоки ва ўзиёзар (сиёҳли) ғалтакли галванометр билан таъминланган.

Ҳозирги электроэнсефалограф аппаратлари 8—24, баъзан 32 каналли бўлиб, клиник диагностикада 8 ёки 16 каналлигидан фойдаланилади; текширув ўтказиладиган хона ёруғ ва товушдан ҳимояланган, текширувчи ёки беморга ҳеч қандай таъсиротлар халал бермайдиган бўлиши керак. Шунингдек, уни беморга (мижозга) мутлақо безарар ва оғриқсиз эканлиги ҳам тушунтирилиши лозим.

Маълумки бош мия биопотенсиаллари жуда кичик, шу боис уни ёзиб олишда кучли электрон кучайтиргич (усилител) зарур бўлади.

Э.ни монополяр ва биополяр усулларда ёзиш ҳамда уни хоҳлаган комбинацияда амалга ошириш мумкин.

Э. жараёнида турли функсионал қўзғотиш усулларини қўллаш мумкин, бу сунъий қўзғотиш бош мияни фаоллаштириб, айрим юзага чиқмаётган "тўлқинларни" жонлантиради, бу "чақирилган" электротўлқинлар орқали тегишли касалликни аниқласа бўлади.

Э. ёзиш пайтида беморни ёши, умумий аҳволи ҳамда касалликнинг келиб чиқиши ва бошқалар кўпгина ҳолатларга аҳамият бериш лозим. Э. шифокорга муҳим маълумот беришига қарамай, уни барча клиник текширишларга қўшимча диагностика усули деб қараш мумкин.