Электролиз (электро… ва электролиз) — қиздириб суюқлантирилган электролит ёки унинг сувдаги эритмаси орқали ўзгармас электр токи ўтганида электродларда содир бўладиган оксидланиш қайтарилиш жараёнлари. Электролизнинг моҳияти кимёвий реаксияни электр энергияси ҳисобига амалга оширишдан иборат. Электр токи берилганда ионларнинг электрон қабул қилиш ёки электрон бериш ҳодисаси бирламчи жараённи ташкил қилади. Бу жараён натижасида кўпинча электролизнинг дастлабки маҳсулотлари ҳосил бўлади. Электролиз маҳсулотлари соф ҳолда ажралиб чиқиши ёки эритувчи билан ўзаро кимёвий реаксияга киришиши мумкин. Иккинчи ҳолда электролизнинг иккиламчи маҳсулотлари ҳосил бўлади. Қиздириб суюқлантирилган электролитлар электролиз қилинганида фақат бирламчи маҳсулотлар чиқади. Электролитларнинг сувдаги эритмаларида электролиз жараёни анча мураккаб боради, чунки кўпинча иккиламчи жараёнлар содир бўлади. Умуман электролиз жараёнининг бориши ва электролиз охирида қандай маҳсулотлар ҳосил бўлиши бирламчи маҳсулотлар, эритувчи табиати, электродларнинг қандай материалдан ясалгани, температура, электродлардаги токнинг зичлиги ва ҳоказоларга боғлиқ. Катод, яъни доимий ток манбаининг манфий қутбига уланган электрод қайтарувчилик ролини бажаради, анод эса (яъни манбанинг мусбат қутбига уланган электрод) оксидловчи сифатида хизмат қилади. Электродларда ажралиб чиқадиган моддаларнинг массалари, ток кучи ва электролиз давом этадиган вақт орасида математик тенгламалар билан ифодаланадиган боғланишлар мавжуд.

Электролиз жараёнининг саноатда ишлатилиши

Электролиз саноатнинг турли соҳаларида кенг қўлланади. Кимё саноатида хлор ва ишқорлар олишда, хлорат, перхлорат, персулфат кислота, калий перманганат, соф ҳолдаги водород, фтор ва бошқалар қимматли маҳсулотлар ҳосил қилишда, рангли металлургияда металларни рафинациялашда электролиздан фойдаланилади. Турли металларнинг бирикмаларини қиздириб суюқлантириб, электролиз ёрдамида ўша металлар ажратиб олинади. Машинасозлик, радиотехника, электроника, полиграфия саноатларида турли буюмлар сиртини металлар билан қоплашда ва бошқаларда электролиз қўлланади. [1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил