Электровоз (электро... ва русча: воз/воз(ит) — ташимоқ) — асосан, контакт тармоғи, баъзан ўзига ўрнатилган аккумуляторлар ёки фақат аккумуляторлардан энергия оладиган локомотив. Вазифасига кўра, магистрал (юк, йўловчи ва юкйўловчиларга мўлжалланган), манёврчи, саноат ва конларда ишлатиладиган, фойдаланиладиган ток турига кўра, ўзгармас ва ўзгарувчан токда ишлайдиган турларга бўлинади. Электровозга механик ва электр жиҳозлар ўрнатилади. Механик қисмига кузов, рамалар, ғилдираклар, тортиш юритмаси, рессоралар, тормоз қурилмалари, электр қисмига двигателлар ва бошқа аппаратлар киради. Магистрал йўловчи Электровозларнинг тезлиги соатига 200 км ва ундан юқори, юк Электровозлариники 110—120 км, Электровозлар двигателининг қуввати 6500 кВт га етади. Ўзгармас ток Электровозининг ф.и.к. 86 — 87%. Биринчи магистрал Электровоз 1932-йилда Россияда ясалган, кейинчалик такомиллаштириб борилган. Электровознинг тортиш кучини ошириш учун бир-бирига уланган бир неча Электровоздан фойдаланиш мумкин. Улар битта (одатда, олдиндаги) Электровоздан бошқарилади. Ўзбекистон темир йўлларида ҳам тепловозлар билан бир қаторда Электровозлар ҳам қатнайди.