Элементлар миграцияси — Ер пўсти ва юзасида кимёвий элементларнинг ўз жойини ўзгартириши ва қайта тақсимланиши. Бу терминни фанга А.Е. Ферсман киритган (1923). Элементлар миграцияси суюқфаза (эритмалар, гидротермал эритмалар, ер ости ва ер юзасидаги сувлар), газсимон фаза (вулкан газлари ва фумароллар, минерал булоқлар ва нефт конлари газлари) ва қаттиқ фазада (диффузия ва қайта кристалланиш натижасида) содир бўлиши мумкин. Қаттиқ ҳолатда кимёвий элементлар, асосан, механик йўл билан (тўкилиб тушиши, сув оқимлари, чангтўзон ва бошқалар) кўчади. Сувли эритмаларда элементлар ионлар, молекулалар ва коллоид зарралар шаклида, газларда эса молекуляр ва аэрозоллар тарзида силжийди. Миграцион хусусият турли элементларда турлича бўлиб, кимёвий бирикмаларнинг таркибига ва элементларнинг қандай физик шароитда кўчишига боғлиқ. Элементлар миграцияси натижасида кимёвий элементларнинг айримлари сочилиб,,тарқалиб кетади, қолганлари эса тўпланади ва кўпинча саноат аҳамиятига эга конлар ҳосил бўлади. Интенсив Элементлар миграцияси метасоматизм, денгиз ҳавзаларида кимёвий дифференсиация ва бошқалар жараёнларда кузатилади. Ташқи жараёнлар таъсирида бўладиган Элементлар миграциясида биогеокимёвий жараёнлар катта рол ўйнайди. Фойдали қазилмаларни геокимёвий усуллар ёрдамида қидиришда Элементлар миграцияси қонуниятларига асосланилади.