Endemik flyuoroz
Тиш қаттиқ тўқималарида қайд этиладиган бундай хасталик организмга ташқи муҳитдан ичимлик суви орқали меъёрдан кўпроқ фтор элементининг (сувда эриган ҳолда) кириши оқибатида юзага келади. Флюороз бу фтор элементи чақириши мумкин бўлган гипоплазиядир, десак ҳам хато қилмаймиз. Киши организмининг фторга бўлган бир суткалик талаби 3,5 мг атрофидадир. Бу талаб асосан ичимлик суви таркибида бўладиган фтор орқали қондирилади. Организмнинг ана шундай талабини қондириш учун ичимлик сувининг 1 литрида 0,8-1,2 мг фтор бўлиши кифоядир. Ичимлик суви таркибидаги фтор миқдори кўрсатилгандан ошиб кетган ҳолларда флюороз хасталиги кузатилади. Флюороз хасталиги 5 хил шаклда намоён бўлади.
Чизиқчали (штрихли) шакли
Бунда тиш эмали сатҳида кўпинча вертикал йўналишдаги бўрсимон чизиқлар пайдо бўлади. Айрим ҳолларда бу чизиқлар фақат лупа ойнаси орқали қаралганда аниқланиши мумкин бўлган даражада нозик бўлиши табиий. Эмал қаватининг бу хил жароҳатланиши кўпинча юқори жағ марказий ва ён курак тишлари сатҳидагина, баъзан эса пастки курак тишларда намоён бўлади. Бу хасталикда тиш эмал қаватининг фақат даҳлиз (вестибуляр) сатҳигина ўзгаришга учрайди.
Доғсимон шакли
Тиш эмал қавати сатҳида катта-кичик, яққол намоён бўлувчи бўрсимон рангли доғлар пайдо бўлади. Бу доғлар ялпи бўлиб, унда чизиқлар бўлмайди ва улар бутун эмал қавати сатҳи бўйлаб жойлашган бўлади. Айниқса бундай доғлар курак тишларининг кесувчи қирралари атрофида кўплаб ҳосил бўлади. Эмалдаги бу хил доғлар кескин соғлом тўқимага ўтиб кетади. Доғли эмал сатҳи силлиқ ва ялтироқдир. Доғлар аксарият ҳолларда олдинги курак тишларда учрасада, бошқа тишлар ҳам улардан холи бўлмайди.
Ҳол-ҳол бўрсимон нуқтали шакли
Флюороз хасталигининг бу хил шакли ҳар хил клиник белгилар билан кечади. Одатда тиш эмал қавати бўр рангида бўлади. Баъзан эса у ялтироқлигини сақлаши ёки тиниқлигини йўқотиши мумкин. Эмал сатҳида жароҳатли нуқта (чуқурча)лар пайдо бўлиши хусусий ҳол ҳисобланади. Бундай чуқурчалар атрофи (деворлари) нотекис, қорамтир тусда бўлиб, ўлчамлари 1-1,5 мм диаметрли, чуқурлиги эса 0,1-0,3 мм бўлади. Бу хил нуқтасимон чуқурчалар, аксарият ҳолларда тиш эмалининг даҳлиз сатҳида жойлашган бўлади. Бундай сатҳларда эмалнинг жароҳати натижасида очилиб қолган дентин тўқимасининг юзаси оч сарғиш рангдан тортиб, қўнғир-тўқ жигарранггача бўялгандир.
Флюороз хасталиги баъзан эмалнинг эрозияси(тиббиёт) шаклида ҳам намоён бўлади. Бўрсимон рангли эмал сатҳида бирмунча кенг ва чуқур жароҳатлар пайдо бўлиб, тиш юзасининг катта қисмини эгаллаши мумкин. Ҳосил бўлган жароҳатлар ҳар хил нотекис шаклларга эга бўлади. Эмалнинг бу хил жароҳатланиши натижасида тишлар кучли емирилади.
Деструксия шаклида кечувчи флюороз хасталиги
Эмалнинг бу хил жароҳатланиши, аксарият ҳолларда сув таркибида фторнинг меъёрдан бир неча маротаба кўп бўлиши натижасида, шу сув ичиладиган ҳудуд ва туманлардагина қайд қилинади. Бундай ҳолларда тишнинг нафақат эмал қавати жароҳатланиб қолмай, балки дентин тўқимасининг жароҳатланиши ҳам кузатилади. Натижада тиш коронкасининг шакли ўзгариши, унинг кучли емирилиши ҳоллари намоён бўлади. Тиш эмал қаватининг туси кескин ўзгаради.
Флюороз хасталигида беморлар тишларининг ранги ўзгаришидан, баъзан уларнинг емирилаётганидан шикоят қилишади. Флюороз хасталигидаги эмал рангининг ўзгаришини кариес ва гипоплазия натижасида содир бўладиган айнан шу хилдаги ўзгаришлардан фарқлай билиш муҳим аҳамият касб этади.
Солиштирма ташхис
Флюорозни аниқлашда кариес касаллиги билан солиштирма ташхис ўтказилади. Кариесда нуқсон битта ва бўйин қисмида жойлашган, флюорозда эса бир нечта ва тишнинг вестибуляр юзасида жойлашади.
Даволаш
Даво тадбирлари тиш қаттиқ тўқималаридаги ўзгаришларнинг чуқурлигига боғлиқдир. Жароҳатларнинг чуқурлиги натижасида тишларда емирилишлар, тож қисми шаклининг ўзгариши содир бўлган тақдирда даво тадбирлари ортопедик усулда олиб борилади. Енгил клиник белгилар билан кечувчи флюороз хасталигида терапевтик даво чора- тадбирлари қўлланади. Тишлар сатҳида ҳосил бўлган доғларга кучсиз кислоталар эритмаси билан ишлов берилиб, ундан кейин минераллаштирувчи хусусиятга эга бўлган эритмалар ёрдамида доғлар йўқотилади. Пигментли доғларни йўқотишда 10% ли хлорид, фосфат кислотасини ишлатиш мақсадга мувофиқдир. Фосфат кислотаси композит пломба тўлдиргичлар таркибида алоҳида шиша идишда бўлади. Флюорозни даволаш ва профилактика қилиш учун сувдаги фтор миқдорини меъёрга олиб келиш керак. Ҳозирги кунда флюорозни фотополимерлар билан даволанади.
Адабиётлар
- ↑ М.Т. Алэксандров. «Стоматология» – Москва: «ГЕОТАРМЕДИА», 2008 г..
- ↑ Стоматологик касалликлар. Тошкент: Ворис-нашриёт, 2016 — 51-бет. Қаралди: 7-декабр 2022-йил.