Entomologiya
Энтомология (лотинча: ҳашаротлар ва ...логия) — ҳашаротлар тўғрисидаги фан. Ҳашаротларнинг тузилиши, ҳаёт кечириши, уларнинг индивидуал ва тарихий ривожланиши, хилма-хиллиги, ер юзида тарқалиши, яшаш муҳити билан муносабатлари ва бошқаларни ўрганади. Вазифасига биноан, назарий, яъни умумий Э. ва амалий Э. фарқ қилинади. Умумий Э. ҳашаротлар морфологияси, эмбриологияси, физиологияси, биокимёси, этологияси, энтомогеографияси, палеонтологияси, систематикаси ва бошқалар фанларга ажратилади. Бу фанларни ўрганиш объектига биноан, янада кичикроқ бўлимларга ажратиш мумкин. Мас, систематика таркибида колеоптерология — қаттиқ қанотлиларни, лепидоптерология — капалакларни, мирмикология — чумолиларни ўрганади.
Амалий Э.нинг ўрганиш объекти — қишлоқ хўжалиги ўсимликлари ва маҳсулотлари зараркунандалари, одам, ҳайвонлар ва ўсимликларнинг паразитлари ҳамда халқ хўжалигида ва табиатда фойдали аҳамиятга эга бўлган ҳашаротлар. Амалий Э. ҳам ўз вазифасига биноан, ўрмон зараркунандалари (ўрмон Э.си), қишлоқ хўжалиги экинлари зараркунандалари (қишлоқ хўжалиги Э.си), хонаки ва ёввойи ҳайвонларда паразитлик қилувчи ҳашаротлар (ветеринария Э.си), одамда паразитлик қилувчи (тиббиёт Э.си) ҳамда одам фойдаланадиган маҳсулот берадиган тут ва дуб ипак қурти (ипакчилик), асаларни (асаларичилик) ўрганадиган фанларга ажратилади.
Э. фани фақат ХВИИ асрда голландия олими Я. Сваммердамнинг асалари анатомияси ва ривожланиши (1669), италия олимлари М. Малпигининг ипак қурти анатомияси ва ривожланиши (1686) ва Ф. Буонаннининг ҳашаротлар оғиз органларининг тузилиши, немис олими И. Гедартнинг ҳашаротлар метаморфози тўғрисидаги ишлари асосида шаклланди. Швед олими К. Линней ҳашаротларнинг замонавий систематикасига асос солди. У ҳашаротларнинг 1936 турига тавсиф бериб, қанотларининг тузилиши асосида уларни 9 туркумга ажратади ва бинар номенклатурани асослаб беради. ХИХ асрда инглиз энтомологлари У. Кёрби, Ж. Уэствуд ва Ж. Леббок яна бир неча туркумларни тавсифлаб беришди. Франиия энтомологи П. Латерл ҳашаротларнинг синф ҳажмидаги систематикасини таклиф этди. 1831. Ч. Дарвиннит "Турларнинг келиб чиқиши" (1859) асарининг юзага келиши билан ҳашаротлар систематикаси филогенетик асосда тузила бошланди. ХИХ асрнинг 2-ярмида ҳашаротлар анатомияси ва метаморфози тўғрисида йирик ишлар пайдо бўлади. Рус олимлари Н.П.Вагнер педогенезни (1862), А.А.Тихомиров ипак қуртида сунъий партеногенезни (1886), А.О.Ковалевский ҳашаротларда муртак варақдарини (1869—71), П. Маршал полиэмбрионияни (1898) кашф этишди.
ХХ аср давомида дунё энтомофаунаси бўйича жуда катта материал тўпланди; назарий ва амалий Э. соҳасида кўплаб кашфиётлар қилинди. ХХ аср охирларига келиб ҳашаротларнинг 1 млн.дан ортиқ тури аниқланди; туркумлар сони 40 га яқинлашди, ҳашаротлар систематикаси қайта кўриб чиқилди ва такомиллаштирилди. Э.да янги ва анча нозик методлар (электрон микроскопия, кариосистематика) ва компютер технологияси, систематикада сонли таксономия ва таксономик тахлил қўлланила бошланди (америка олими Р. Сокал, рус олими Е.С.Смирнов ва бошқалар). Ҳашаротлар физиологияси, нафас олиши (даниялик олим А.Крог), айириш (инглиз олими В.Б.Унглсуорт), сезги органлари, қутблашган нурни қабул қилиш ва унда мўлжал олиш (немис олими К. Фриш) ва бошқалар масалалар кенг миқёсда ўрганила бошланди. Ҳашаротлар марказий нерв системасининг гормон ажратиши (поляк олими С. Копец, 1917), туллаш гормонлари—экдизонлар (А.Бутенанд, 1954), ҳашаротлар ривожланишини бошқарувчи ювенил гормон (К. Уилямс, 1956) кашф қилинди.
ХХ асрнинг 2-ярмига келиб ҳашаротлар ажратадиган ва улар хаттиҳаракатини бошқарадиган феромонларнинг кашф этилиши (немис олими А. Бутенанд ва бошқалар) ҳашаротлар хаттиҳаракатини ўрганишга қизиқишни кучайтирди. ХХ аср ўрталарида асаларилар тилининг кашф этилиши (немис зоологи К. Фриш) билан этология Э.нинг етакчи тармоқларидан бирига айланди.
Ҳашаротлар экологияси соҳасидаги дастлабки йирик тадқиқотлар америка олимлари В.Шелфорд (1913) ва Р. Чемпен (1931) номи билан боғлиқ. Немис олими Г. Блунк (1922) ҳашаротларнинг яшаш муҳити билан ўзаро муносабатларини ўрганади ва уларнинг ривожланиши ҳарорат билан боғлиқлигини кўрсатади. Норвегия биологи К. Фегри (1975) ҳашаротлар билан энтомофил ўсимликлар ўртасидаги мураккаб муносабатларни умумлаштиради.
Амалий Э. соҳасида тадқиқотлар 19ва ХХ аср чегарасида ривожлана бошлади. Дастлабки йирик ишлар ўрмон, дала ва полиз экинларининг зараркунандаларини ўрганишга бағишланган эди (немис олимлари Ю. Рацебург , 1837—44; Г. Нердлингер, 1869; Калтенх, 1874; рус олими Ф. П. Кеппен, 188184).
Тиббиёт Э.нинг ривожланиши безгак касаллигини тарқатувчи чивиннинг ўрганилишидан бошланди (рус олими В.Я.Даниловский, 1888; италян олими Э. Мартини, 1923, 1941 ва бошқалар). Тиббиёт ва ветеринария Э.нинг ривожланишида рус олимлари В.Н.Беклемишевнинг безгак чивинини ўрганиш соҳасидаги ишлари, Е.Н.Павловскийнинг трансмиссив (ҳашаротлар ва бошқалар бўғимоёкдилар орқали тарқаладиган) касалликларнинг тиббий манбалиги тўғрисидаги таълимоти катта аҳамиятга эга бўлди.
Ўрта Осиё ҳудудида, жумладан, Ўзбекистонда Э. соҳасида тадқиқотларни рус табиацҳунос олими А. Б. Федченко бошлаб берган. У Олай ва Зарафшон бўйлаб ўтказган экспедицияларида (1868—71) ҳашаротларнинг 2000 га яқин коллексиясини тўплаган. В.Ф.Ошанин (1844— 45) Амударё юқори қисмида тарқалган ҳашаротларни ўрганади. Унинг "Туркистон чала қаттиқ қанотлилари фаунаси зоогеофафияси" (1891) асарида 700 дан ортиқ ҳашаротлар тўғрисида маълумот берилади. 1898-йилда қишлоқ хўжалиги зараркунандаларини ўрганиш мақсадида Туркистон қишлоқ хўжалиги жамияти қошида "Чигиртка комитети", 1911-йилда Тошкентда Туркистон энтомологик стансияси ташкил этилиб, 1925-йилда Ўзбекистон ўсимликларни ҳимоя қилиш стансиясига айлантирилади. Стансияда қишлоқ хўжалиги зараркунанда ҳашаротларини ўрганиш ва уларга қарши кураш чораларини ишлаб чиқиш бўйича бир қанча тадқиқотлар олиб борилди (В.И. Плотников, В.В.Яхонтов, П.П.Архангелский, В.В.Николский). 1929-йил ғўза зараркунандаларини ўрганиш бўйича махсус стансия ташкил этилиб, 1958-йилда унинг базасида Ўрта Осиё ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий текшириш институти очилди.
Ўзбекистонда тиббиёт ва ветеринария Э.си соҳасидаги тадқиқотлар безгак касаллиги қўзғатувчисини ўрганиш билан бошланди. 1913-йилда Туркистонда одам ва ҳайвонлар тропик касалликларини ўрганиш бўйича ўтказилган экспедиция ҳисоботида безгак касаллигини тарқатувчи чивинлар тўғрисида маълумот берилади (В.Л.Якимов). ХХ асрнинг 20—30- йилларида безгак касаллиги ва безгак пашшасини ўрганиш бўйича кенг миқёсда тадқиқотлар олиб борилади (Н.И.Ходукин, Л.М.Исаев); безгакни тадқиқ этувчи бир қанча стансиялар ва Самарқанд шаҳрида Тропик касалликлар (ҳозирги Тиббиёт паразитологияси) институти ташкил этилди. 1920-йилдан бошлаб Туркистон давлат университети кафедралари қошида энтомология соҳасидаги ишлар бошлаб юборилди (А.Л.Бродский). Қон сўрувчи икки қанотлиларни ўрганиш бўйича Ўзбекистон ФА Зоология институтида олиб борилган ишлар улар турлари таркиби, тарқалиши, экологик хусусиятлари ва эпидемиологик аҳамиятини аниқлашга имкон берди (Э.И.Ган, М.К. Қодирова).
Э. соҳасида олиб борилаётган тадқиқотлар туфайли ҳозир ғўза ва бошқалар қишлоқ хўжалиги экинлари ҳамда омбор зараркунандалари тўғрисида катта маълумотлар йиғилди (В.В.Яхонтов, А. Г. Давлецҳина), кузги ва ғўза тунламининг тез кўпайиб кетишини прогноз қилиш методлари ишлаб чиқилди (К.И.Ларченко, Ф.М.Успенский, Ф.Н.Степанов, С.А.Журавская, А. Ш.Ҳамроев ва бошқалар); ғўза майсалари ва илдизида зараркунандалик қилувчи ҳашаротлар (Р.О. Олимжонов), қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захиралари (СМ.
Алимуҳамедов), боғ ва ўрмон зараркунандалари (Х.Т.Невский, М.И.Кособуцкий, И.К. Махновский) ўрганилди.
Ҳозирги даврда Э. соҳасида асосий зътибор ҳашаротларнинг хилмахиллиги, уларнинг ноёб ва йўқолиб бораётган турларини ўрганиш, зараркунанда ҳашаротлар (жумладан термитлар)га қарши курашнинг атроф муҳитга кам зиён етказадиган илмий тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Бу мақсадда ҳар хил биологик фаол препаратлар, жумладан, аттрактантлар, феромонлар ва жинсий гормонлардан фойдаланиш методлари ишлаб чиқилмоқда. Ўтонда Э. соҳасида тадқиқотлар Ўзбекистон ФА Зоология институти, Ўсимликларни ҳимоя қилиш институти, Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик институти, Манзарали боғдорчилик ва ўрмон хўжалиги илмийишлаб чиқариш маркази, Республика карантин лаб.си, Ветеринария институти ҳамда деярли барча олий ўқув юртлари кафедраларица олиб борилади.
Адабиёт
- Бей-Биенко Г.Я., Обшая энтомология, 2 изд., И., 1971; Насекомме Узбекистана, Т., 1993; Мавлонов О., Хуррамов Ш., Умуртқасизлар зоологияси, Т., 1998. Жалолиддин Азимов, Очил Мавлонов.
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |