Эпопея (эпос ва юнонча — яратаман, ижод қиламан) — умумхалқ муаммоси тасвир этилган йирик ҳажмли эпик асар. Қадимги (ёки қаҳрамонлик) Эпопея ҳамда янги замон Э.си каби босқичларга бўлинади. Бадиий сўз тараққиётининг илк босқичида Эпопея халқ қаҳрамонлик эпосининг кўринишларидан бири ҳисобланган. Эпопеянинг халқ оғзаки ижоди негизида юзага келган мумтоз намуналари сирасига юнонларнинг „Илиада“ ва „Одиссея“, ҳиндларнинг „Маҳабҳарата“ ва „Рамаяна“, франсузларнинг „Роланд ҳақида қўшиқ“, немисларнинг „Нибелунглар ҳақида қўшиқ“, ўзбекларнинг „Гўрўғли“, „Алпомиш“ ва бошқалар асарлари киради. Бу хил Эпопеялар мазмуни мураккаб ва кўп қиррали бўлиб, унда муайян халқнинг шаклланиш давридаги турмуши, буюк қаҳрамонликлар, халқ тақдирида рўй берган кескин ўзгаришлар акс этади. Эпопея қаҳрамонлари қиёфасида у ёки бу халқнинг орзуинтилишлари, қудрати ва улуғворлиги ўз ифодасини топади. Бадиий фантазия даражасига кўтарилган образлилик, тасвирланаётган ҳодисаларнинг фавқулодда мўъжизавийлиги, баённинг батафсиллиги, сюжет қамровининг кенг ва кўламдорлиги, бадиий тасвир воситаларининг ёрқин ҳамда таъсирчанлиги қадимий Эпопеяга хос бадиий-эстетик белгилардир.

Кейинчалик ёзма адабиётнинг айрим вакиллари Эпопеяга хос миқиёс ва кўламдорликни ўзларининг индивидуал ижодларига кўчиришга уриниб, ҳажман йирик, мазмунан халқ ҳаётидаги муҳим ҳодисаларни акс эттирувчи асарлар яратишга тутиндилар (Вергилий, „Энеида“; Т. Тассо, „Озод қилинган Қуддус“; Волтер, „Генриада“ ва бошқалар).

Уйғониш даврига келиб, Европада ижтимоий муносабатларнинг кескин ўзгариши янги даврнинг табиати ва эҳтиёжларига мос келадиган Эпопея яратилишини талаб этди. Натижада Данте, Рабле, Сервантес ва бошқалар буюк ижодкорлар томонидан Эпопеянинг қадимий кўринишларидан ҳам шаклан, ҳам мазмунан фарқ қиладиган ва янги замон талабларига жавоб бера оладиган ёрқин намуналари яратилди („Илоҳий комедия“, „Гаргантюа“ ва Пантагрюэл", „Дон Кихот“ ва бошқалар). Форсий ва туркий адабиётлардаги „Хамса“ асарлари ҳам жамият олдида турган ўта долзарб ҳаётий муаммоларнинг монументал йўсинда акс эттирилиши жиҳатидан Эпопея талабларига жавоб бера олади.

Европа адабиётида маърифатчилик даврида реалистик романнинг шаклланиши Эпопеянинг янги типини вужудга келтиради. Оламни реалистик тарзда ифода этган Эпопеялар юзага келди (Г.Филдингнинг „Топиб олинган Том Жонс тарихи“, Балзакнинг „Инсон комедияси“, Л. Толстойнинг „Уруш ва тинчлик“, Ф.Достоевскийнинг „Акаука Карамазовлар“ сингари романе.лари). Мазкур романе.ларнинг асосий хусусияти уларда халклар тақсирининг, муайян тарихий жараённинг, умумхалқ, умумжаҳон аҳамиятига молик муаммоларнинг кенг ва атрофлича акс эттирилганлигида кўринади. ХХ аср адабиётида романе.нинг яхши намуналари яратилди. Ўзининг жанр моҳиятига кўра, Эпопея характеридаги қатор монументал асарлар юзага келди (М.Шолоховнинг „Тинч Дон“, А.Толстойнинг „Сарсонликсаргардонликда“, У.Фолкнернинг „Қўрғонча“ ва бошқалар). Бу Э.ларда жамият тарихий тараққиётининг муайян жараёнлари ҳамда ўша муҳитга хос қаҳрамонлар характерининг шаклланиш йўллари бутун мураккаблиги билан теран акс эттирилган.

Қозоқбой Йўлдошев, Ислом Ёқубов.