Erlik
Эрлик, Эрлиг, Эрликхон (𐰀𐰼𐰠𐰃𐰚 (қадимги туркийча); Эрликхон (ўзбекча)) — туркий мифологияда ўлим ва ерости дунёси (баъзан Тамақ (дўзах) деб ҳам юритилади) тангриси. „Эр“ сўзи Ер маъносини англатади ва Эрлик (ёки Ерлик) айнан унинг тубида яшайди[1].
|
| |
| Мифология | Туркий |
|---|---|
| Тури | Махлуқ |
| Жойлашуви | Ерости дунёси |
| Исм талқини | „Эр“ — „Ер“ сўзидан келган |
| Бошқа тиллардаги исм | Öрдöг (венгер тилида) |
| Отаси | Қайра Хон |
| Онаси | Ер Тангри |
| Акаси |
Қуёш Ой Ота Üлген |
| Сингли |
Умай она |
| Турар жой | Ерости дунёси |
| Диний маркази | Туркий халқлар мифологияси |
| Рамзи | Ўлим |
| Бошқа маданиятларда | Аид, Плутон, Ҳел, Велес |
Эрлик ерости дунёсидан туриб инсонларга азоб бериш ҳамда уларнинг жонларини ўз салтанатига олиб кетиш учун ўлим, ўлат ва ёвуз руҳларни юборади. Тангричилик ёзма манбаларга (муқаддас китобларга) асосланмаган, аксинча, туркий халқларнинг ҳаётий-маънавий тажрибасини ўз ичига олган эътиқод бўлгани сабабли, барча туркий қабилалар орасида у ҳақда ягона ва бир хил қараш мавжуд эмас. Эрликнинг номи Ўрхон-Энасой битиктошларида ҳам тилга олинган бўлиб, у туркий эътиқод тизимларида ерости дунёсининг ҳукмдори сифатида ўрин эгаллайди[2]. Мўғул тилида Эрлик „Эрлег“ ёки „Ерлег“ деб аталади, венгер мифологиясида эса у Öрдöг билан тенглаштирилади.
Ривоятлар

Туркий мифологияда Эрлик инсониятнинг яратилиш жараёнида ҳам иштирок этган[3]. У хабарчи тангри Маидерени (ёки Майдере) ўлдиради ва гуноҳ амаллар илоҳига айланади. Баъзан у тотемик тимсол — айиқ қиёфасида гавдалантирилади.
Туркий мифологияга кўра, Эрлик — ёвузлик ва зулмат илоҳи, ерости дунёсининг ҳукмдори ҳамда марҳумлар салтанати ҳакамидир. Эрлик Улгеннинг акаси (ёки укаси) бўлиб, уларнинг иккаласи ҳам олий худо — Тангри Қайра Хон томонидан яратилган[4]. У ўзини Улген билан тенглаштириб, ўз оламини қурмоқчи бўлгани учун еростининг 9-қатламидаги зиндонга бадарға қилинади ва ёруғлик олами — ерусти дунёсининг душманига айланади. Хакас ривоятларига кўра, Эрлик еростининг энг чуқур қисмида, жиҳозлари олтиндан, ўзи эса мисдан барпо этилган муҳташам саройда яшайди[5].
Олтой ривоятларида келтирилишича, Эрлик кўкда бўлган вақтларидаёқ турли руҳларни (Ие) яратган. Бироқ, ўзини худо деб эълон қилгач, Эрлик ва у яратган руҳлар кўкдан қувилиб, ерга қулайди[6]. Олтой халқларидан ёзиб олинган бошқа бир афсонада айтилишича, Тангри Эрликка болға ва темир кунда (тўс) туҳфа этади, бироқ Эрлик бу асбоблар ёрдамида ёвузликка хизмат қилишни бошлагач, Тангри унинг бу қудратини қайтариб олади[7].
Василий Радлов томонидан ёзиб олинган бошқа бир афсонага кўра, Тангри одамга ибтидоий сув қаърига шўнғиб денгиз тубидан бир сиқим тупроқ олиб чиқишни буюради. Бироқ, одам кейинчалик ўз дунёсини яратиш мақсадида тупроқнинг бир қисмини (оғзига) яширишни афзал кўради. Аммо оғзидаги тупроқ ўса бошлагач, у буни тупуриб ташлашга мажбур бўлади. Ушбу афсонада дунёни яратган Қайра Хон жазо сифатида одамни осмон салтанатидан қувиб юбориши ва унга Эрлик деб ном бериши айтилган[8].
Яна бир бошқа ривоятда айтилишича, Эрлик пайдо бўлгунига қадар одамлар ўлмас бўлишган. Қарға дунёга Ўлимни чақиришни таклиф қилмагунига қадар, одамлар ва ҳайвонлар ер юзини тўлдириб юборишган. Шундан сўнг одамлар Эрликни чақиришади ва шу тариқа дунёга ўлим кириб келади. Дастлаб ҳамма одамлар қачон ўлишларини билишган ва шу сабабли қўрқув ичида яшашган, кейинчалик эса Тангри уларнинг ўлим санасини сир тутган[9].
Эрлик томонидан яратилган ёвуз руҳлар инсониятга бахцизлик, касаллик ва ўлим олиб келади. Бу руҳлар Эрликнинг ёрдамчилари деб тасаввур қилинади. Бундан ташқари, унинг тўққиз ўғли ва қизи ҳам оталарига ёвузлик йўлида кўмаклашади. Айниқса, шомон (бахши) Улгеннинг ҳузурига етиб боришга ҳаракат қилаётганда Эрликнинг қизлари ўз гўзалликлари билан унинг фикрини чалғитишга уринишади. Эрлик одамларга ҳар хил касалликлар юборади ва улардан қурбонликлар талаб қилади. Агар одамлар унга қурбонлик келтиришмаса, у ўзи ўлдирган одамларнинг жасадларини тутиб, ерости дунёсига олиб кетади ва уларни ўзига қул қилиб олади. Шу сабабли, айниқса Олтойларда, бирор касаллик пайдо бўлса, одамлар Эрликдан қўрқиб, унга атаб кўплаб ҳайвонларни қурбонлик қилишади[3].
Шомонлар диний маросимларида айтиладиган дуоларида Эрликни танаси инсонники, юзи ва тишлари эса тўнғизникига ўхшаш бўлган махлуқ сифатида тасвирлайди. Тўнғизникидек юз тузилишини ҳисобга олмаганда, у бақувват гавдали, қора кўзли, қора қошли ва қора мўйловли қария қиёфасида.
Дўлгон афсоналарига кўра, Эрлик мамонтларни ерости дунёсига олиб кетган. Ҳар гал ер юзасига қайтишга ҳаракат қилганларида, жазо сифатида Эрлик уларни музлатиб ўлдиради[10].
Динозаврлар оиласига мансуб Эрликозавр ўз номини Эрлик шарафига олган[11].
Эрликнинг болалари
Эрликнинг 9 нафар ўғли ва 9 нафар қизи бўлган. Ўғиллари қораўғлонлар, қизлари эса қорақизлар деб аталган. Ўғилларининг исмлари Караш Хон, Матир Хон, Шингай Хон, Комур Хон, Бадиш Хон, Ябаш Хон, Темир Хон, Учар Хон ва Керей Хон.
Қораўғлонлар
- Караш Хон — зулмат илоҳи
- Матйр Хон — мардлик ва жасорат илоҳи
- Шйнгай Хон — Тартибсизлик илоҳи
- Комур Хон — Ёвузлик илоҳи
- Бадйш Хон — офат, фалокат илоҳи
- Ябаш Хон — мағлубият илоҳи
- Темир Хон — темир ва кончилик илоҳи
- Учар Хон — жосуслик ва чақимчилик илоҳи
- Керей Хон — низолар, бошбошдоқлик илоҳи
Қизлари
Ба’зи ривоятларга кўра, Эрликнинг фақат иккита қизи бўлган, бошқа ривоятларга кўра эса, улар тўққизта. Эрликнинг қизлари одатда номма-ном айтилмайди ва аниқ бир машғулотга эга эмас, улар вақтларини ўйин-кулги ва бекорчилик билан ўтказишади. Шомон ерости дунёсига ўтганда, улар шомони макорлиги, гўзалиги ва ёлғон орқали йўлидан уришга ҳаракат қилишади ва барча қурбонликлар уларга тегишли бўлиши кераклигига ишонтиришга уринадилар. Агар шомон уларнинг макрига тушса, бу учун Эрлик томонидан ўлим билан жазоланади[12].
Диний маросимлардаги ўрни
Эрликка Сибир ва Марказий Осиёдаги баъзи анъанавий динларда ишонилади, масалан, бурятлар унга сиғинади. Эрлик жинлар ва ерости дунёсининг ҳукмдори сифатида кўрилгани сабабли, касалликлардан халос бўлиш ёки ўлимдан кейин ерости дунёсига кирадиган одамларнинг хотиржамлиги учун унга атаб қурбонликлар қилинади[13]. Шунингдек, одамлар ерости салтанатида юқорироқ мавқега эга бўлиш илинжида ҳам Эрликка қурбонликлар келтиришади. Эрликка сиғинадиган шомонлар қора шомонлар (қора қам) деб аталади. Уларнинг фаолияти одатда қораланади, чунки улар жинлар (ёвуз руҳлар) билан музокаралар олиб боришади[14]. Эрлик ҳар қандай руҳни ҳам ўзига бўйсундира олмайди, у фақат ёвузларнинг жонини олади. Инсон ўлими яқинлашганда, Эрлик унинг жонини олиб келиш учун кўрмўзни (арвоҳсимон бир мавжудот) юборади. Айни шу пайтда, кўк ҳам жаннатга элтиш учун ўз руҳини жўнатади. Бу икки руҳ ўртасидаги курашнинг натижасини эса ўша жоннинг ҳаётлик пайтидаги амалларининг яхши ёки ёмон томонга мойиллиги белгилаб беради. Вербицкийнинг қайд этишича, туркий манбаларда Тангрининг бир вақтлар Эрликка қарата шундай дегани айтилади:
Энди сен гуноҳкор бўлдинг. Менга қарши ёмонликни кўзладинг. Сенга ишонадиган одамлар ҳам ёмонлик ҳақида ўйлайдиган бўлади. Менга итоат этадиганлар эса покиза ва соф бўлурлар, қуёшни кўрадилар. Бундан буён сенинг номинг Эрлик бўлур. Ўз гуноҳларини мендан яширадиганлар сенинг халқинг, гуноҳларини сендан яширадиганлар эса менинг халқим бўлур.
- — Вербицкий 1903: 102–103; Эрон 1972: 19–21)[15].
Баъзи тадқиқотчилар Эрлик сиймоси Тангричилик космологиясидаги муқаддас кўк ва ер ўртасидаги ўзига хос иккиёқламаликни (дуализм) англатади деб ҳисобласалар, бошқалари Улген ва Эрликни Тангри билан бир қаторда мос равишда эзгулик ва ёвузликни ифодаловчи икки ҳукмдор деб талқин қиладилар[16].
Яна қаранг
Ҳаволалар
Манбалар
- ↑ Букҳараэв, Р. (2014). Ислам ин Руссиа: Тҳе Фоур Сеасонс. Вереинигтес Кöнигреич: Тайлор & Франcис. п. 78
- ↑ Бурнаков, В. А. "Эрлик кҳан ин тҳе традитионал wорлдвиэw оф тҳе кҳакас." Арчаэологй, Этҳнологй анд Антҳропологй оф Эурасиа 39.1 (2011): 107-114.
- ↑ 3,0 3,1 Çобан, Рамазан Волкан. Тüрк Митоложисинде Кöтüлüк Танрıсı Эрлик'ин İнанışтаки Ери, Тасвири ве Кöкени (Туркиш) (Wайбаcк Мачине сайтида 2020-07-01 санасида архивланган)
- ↑ Тҳе Cоммон анд тҳе Спеcифиc ин тҳе Cентрал Асиан Эпиc // Соcиал Сcиэнcес. Вол. 4. № 2 (12), 1973, п. 94—104.
- ↑ Бурнаков, В. А. "Эрлик кҳан ин тҳе традитионал wорлдвиэw оф тҳе кҳакас." Арчаэологй, Этҳнологй анд Антҳропологй оф Эурасиа 39.1 (2011): 107-114.
- ↑ Фузули Баят Тüрк Митоложик Системи 2: Куцал Диşи – Митоложик Ана, Умай Парадигмасıнда İлкел Митоложик Категорилер – İелер ве Демоноложи Öтüкен Неşрият А.Ş 2016 ИСБН 9786051554075 (Туркиш)
- ↑ ИŞИК, ТОПРАК, анд СЕҲЕР CЕСУР КИЛИÇАСЛАН. "WОМЕН ИН ТУРКИC МЙТҲОЛОГЙ." Аcадемиc Интернатионал Cонференcе он Соcиал Сcиэнcес анд Ҳуманитиэс. 2017.
- ↑ Кара, Меҳмет, анд Эрсин Терес. "Соме Симилар анд Параллел Поинц Бетwеэн тҳе Туркиc Легендарй “Cреатион” анд Симилар Техц оф Жапан." п.194
- ↑ Сагандйкова, А. Б., эт ал. "Тҳе анcиэнт туркиc модел оф деатҳ мйтҳологй." Тҳе Соcиал Сcиэнcес (Пакистан) 11.9 (2016): 2273-2284.
- ↑ Раимовна, Пардаэва Дилфуза. "Мйтҳологй анд Туркиc Литературе оф тҳе Миддле Агес". Миддле Эуропеан Сcиэнтифиc Буллетин 19 (2021): 115–119.
- ↑ Р. Барсболд вə А. Перле, 1980, Аcта Палаэонтологиcа Полониcа 25(2): сəҳ. 187-195
- ↑ Религиозные верования народов СССР: Сборник этнографических материалов. - Том И - Москва, Ленинград, 1931 г.
- ↑ Маржориэ Манделстам Балзер Шаманисм: Совиэт Студиэс оф Традитионал Религион ин Сибериа анд Cентрал Асиа: Совиэт Студиэс оф Традитионал Религион ин Сибериа анд Cентрал Асиа Роутледге, 22.07.2016 ИСБН 9781315487243 п. 63
- ↑ Маржориэ Манделстам Балзер Шаманисм: Совиэт Студиэс оф Традитионал Религион ин Сибериа анд Cентрал Асиа: Совиэт Студиэс оф Традитионал Религион ин Сибериа анд Cентрал Асиа Роутледге, 22. Жули 2016, ИСБН 978-1-315-48724-3 С. 63
- ↑ Кара, Меҳмет, анд Эрсин Терес. "Соме Симилар анд Параллел Поинц Бетwеэн тҳе Туркиc Легендарй 'Cреатион' анд Симилар Техц оф Жапан."
- ↑ Алıcı, Мустафа (2011). "Тҳе Идеа оф Год ин Анcиэнт Туркиш Религион Аccординг то Раффаэле Петтаззони: А Cомпарисон wитҳ тҳе Туркиш Ҳисториан оф Религионс Ҳикмет Таню". п. 149.
Ҳаволалар
| Эрлик мақоласи Мифология лойиҳасига киради. Лойиҳада қатнашишни истасангиз мана бу саҳифага қаранг. |