Эрмон, аччиқ шувоқ — мураккабгулдошлар оиласи, шувоқлар туркумига мансуб кўп йиллик ўт тури. Кавказ, Сибир ва Ўрта Осиёда тарқалган. Илдизи ўқилдиз. Пояси тик, кумушранг, майда туклар билан қопланган, ер остидаги куртакларидан май—мартда кўкариб чиқади, кузги ниҳоллари қишлайди. Бўйи 60—120 см, шохланган, барглари пацимон қирқилган, ёши катта ўсимликларда кетма-кет жойлашган. Гуллари сариқ, найсимон, тўпгули чочоқ. Июн-сентабрда гуллаб, октабрда мевалайди. Уруғи тескари тухумсимон уруғча. Чўл, адир ва тоғ ён бағирларида, йўл ёқаларида ўсади. Пояси ва баргларида эфир мойи, С ва К витаминлари, каротин, аччиқ гликозидлар, ошловчи ва бошқалар моддалар бор. Препаратлари овқат ҳазм қилувчи, иштаҳа очувчи, ўт ҳайдовчи дори сифатида ишлатилади.