Сулаймон Эшон, Эшони Судур, Сулаймон Салоҳиддинов (1877-1932) – Шарқий Бухоро ва Ўрта Бухородаги қуролли ҳаракатнинг ғоявий раҳнамоларидан бири. Эшони Судур номи билан машҳур бўлган.

Сулаймон Эшон 1877 йили Бухоро шаҳридаги Жўйбор гузарида диний уламо оиласида туғилган. Унинг отаси Салоҳиддин Эшон Бухоро амири Абдулаҳадхон (ҳукмронлик йиллари: 1885-1910) даврида саройда юқори диний лавозимларда ишлаган. Тарихчи Феруз Бобоевнинг ёзишича, Салоҳиддин Эшон Бухоро амирлигида энг юқори диний унвон – шайхулислом лавозимида ҳам фаолият кўрсатган. Ғузор вилояти ҳокими Акромхон Тўра (амирнинг тоғаси) Салоҳиддин Эшоннинг қизига уйланган. Сулаймон Эшон ҳам 25 ёшидан бошлаб саломатлиги сабабли пойтахт Бухородан чиқиб кетиб, баҳаво ерда жойлашган Ғузорда яшай бошлайди. Сулаймон Эшоннинг Ғузорда ҳовлиси, катта мулки: ер-суви, обжувоз ва тегирмонлари, шунингдек, Бухорода ҳам ҳовлиси бўлган. Амир Саид Олимхон даврида Сулаймон Эшонга ўроқ, судур ва садр диний унвонлари берилган.

1921 йил январда кўтарилган Шаршауз қўзғолонида асосий рол ўйнаган шахслардан бири Эшони Судур бўлган. Архив ҳужжатларида келтирилишича, бу қўзғолонни бостириш учун қизил аскарлар катта куч сарфлаган.

Қўзғолон бостирилгач, Сулаймон Эшон (Эшони Судур) ёлғиз қизини олиб, Саройкамар орқали 1921 йили Афг’онистонга ўтади. У ва қизи уч йил Хонободда, бир йил Мозори Шарифда яшайди. 1925 йили Эшони Судур ва поччаси Акромхон Тўра Мозори Шарифда истиқомат қилган. Эшони Судур бу пайтда Қобулга бориб, Саид Олимхон билан тез-тез учрашиб турган.

Ноқулай об-ҳаво шароитига мослаша олмаган Эшони Судур Хонободни тарк этиб, Мозори Шарифга кўчишга мажбур бўлган. Эшони Судур Мозори Шарифда афғон ҳукуматидан субсидия, пул ёки натура шаклида ёрдам олиб турган. Шундай мураккаб шарт-шароитда Афғонистондаги ўзбек муҳожирлари Бухоро Халқ Совет Республикаси ҳукуматига бир неча марта уларни қўллаб-қувватлаш учун мурожаат қилган, лекин натижа чиқмагач, тўртинчи йилнинг охирида муҳожирлар Мозори Шарифдаги совет ҳокимиятининг элчихонасига мурожаат қилган. Натижада муҳожирлар орасидан 20 кишига ўз ватанларига қайтишга рухсат берилган ва улар собиқ Фузор беклигида мирза бўлиб ишлаган Мирза Ўрун бошчилигида Бухорога қайтади.

Муҳожирлар асосан Хонобод, Мозори Шариф ҳамда бошқа шаҳарларда қийинчилик ва мураккаб шароитда яшаган. Шундай бир пайтда афғон амири Омонуллахон Кобул, унинг атрофларида истиқомат қилаётган муҳожирларга бошқаларга нисбатан яшаш учун кўпроқ шарт-шароит яратиб бераётгани, субсидия ва ёрдам пуллари миқдори ҳам яхшироқ тўланиши ҳақида гап тарқалади. Фузор беги Акрамбек бошчилигида бир гуруҳ муҳожирлар, жумладан, Эшони Судур ва яна бир неча киши ўз оилалари билан Кобулга боришга қарор қилади. Акрамбек ва Эшони Судурларни нафақат Кобулда бериладиган субсидия, балки уларни бу ерда яшаётган ўз юртдошлари билан кўришиш истаги ҳамда ўз ватанлари ҳақида маълумотлардан хабардор бўлиш туйғулари ҳам чорлади. Муҳожирлардан 15 киши Кобулдан уч чақирим масофада, бир афғон заминдорига қарашли Қал’аи Шамсийдаги бир ҳовлини ижарага олиб, бу ерда уч йилга яқин яшайди. Эшони Судур вақти-вақти билан, яъни ҳар ойда бир марта Қал’аи Фотуга, Саид Олимхон ҳузурига моддий ёрдам олиш учун бориб туради. Саройда ёрдамни Олимхоннинг собиқ амалдори Бухоро қушбегисининг ўғли Акрамхон Эшон Ғозий (бу собиқ Фузор беги Акрамхон эмас) тарқатиб турган.

Эшони Судур муҳожирликда Ватанни қўмсаш ва соғинч туйғулари билан яшар, қайтиш истаги унга ҳеч қачон тинчлик бермасди.

Поччаси, собиқ Ғузор беги унга Бухорога борса, у ерда уни ўлим кутаётганлигини айтиб, қанчалик зўр бериб қароридан қайтаришга уринмасин, Бухорога бормасликка кўндира олмаган. Эшони Судур унга: „Мени юрт соғинчи шундай қарорга келишимга мажбур қилди. Майли, ўлишим керак бўлса, ўз юртимда, ота юртимда ўлай“, деб жавоб берган.

Акромхон Эшон Ғозий унга Амир Саид Олимхон номидан Иброҳимбекка ёзилган мактубни топширади. 1930 йил июнда Иброҳимбек ҳузурига келган Эшони Судур юртга қайтиш умидида унинг қароргоҳида қолади. Иброҳимбек қўшини билан бирга 1931 йил 30 мартда Тожикистонга ўтади. Эшони Судур саркарда Иброҳимбек қўрбоши билан Боботоғда ажрашган. Сўнгра у Деновга бориб, Худойназар бошчи воситачилигида ОГПУ вакилларига қуролни топширади. Денов ГПУсига 1931 йил 1 июл куни таслим бўлган. Эшони Судур (Сулаймон Салоҳиддинов) ОГПУ коллегиясининг 1932 йил 13 апрелда чиқарилган отиш ҳукми бўйича 1932 йил 10 августда 16 кишидан иборат гуруҳ таркибида, Иброҳимбекнинг асосий ўринбосари ва ғоявий раҳнамоси сифатида, Тошкент шаҳрида 55 ёшида отиб ташланади.

Мустақиллик шарофати билан Ўзбекистонда Иброҳимбек сингари қўрбошилар ва Носирхон Тўракаби тараққийпарварлар оқланди. Зеро, Иброҳимбек қўрбоши ва унинг жасур сафдошлари ҳам, Носирхон Тўраҳам эл-юрт мустақиллиги йўлида шаҳид кетган халқ ва миллат қаҳрамонлари ҳисобланади.

Адабиётлар

  • Абдухолиқов Ф, Ртвиладзе Э, Ҳакимов А, Абдуҳалимов Б, Мансуров А, Маннонов А, Муҳамедов Н, Раззоқов А, Раҳимов К. Ўзбекистон обидаларидаги битиклар: Навоий. Тошкент: Узбекистан Тодай, 2015 — 376-бет. ИСБН 978-9943-4509-5-0. 

— Бу хабарни [[Фойдаланувчи:|]] ([[Усер талк:|мунозара]] · ҳиссаси) ёзди, лекин имзо қўймади