Estrada orkestri
Эстрада оркестри — оркестр тури; эстрада мусиқаси ва жаз намуналарини ижро этувчи ижодий жамоа. ХХ асрнинг 20-йилларида жаз оркестри негизида юзага келган. Таркиби 14 дан 30 гача (ва ундан ортиқ) созандалардан ташкил топади: куй йўлини ижро этувчи мелодик (асосан, миспуфлама чолғулар — 3—4 труба, 3—4 тромбон, 4—5 саксофон) ва ритмик (фортепиано, электр гитаралар, урма чолғулар) гурухлардан иборат. Эстрада оркестрининг торликамонли (скрипка, виолончел каби) ва бошқалар чолғулар қўшилиши ҳисобига кенгайтирилган тури симфожаз (эстрадасимфоник оркестри) деб аталади. Эстрада оркестри таркибига, шунингдек, хонанда, раққос ва бошқалар санъаткорлар кириши мумкин.
Ўзбекистонда илк Эстрада оркестрилари 1940—50 йилларда шаҳар боғлари, рақс майдончалари ва бошқалар жойларда фаолият кўрсата бошлади. 1958-йилда Ўзбек давлат эстрада оркестри (1972-йилгача) ташкил топди. Унинг биринчи бадиий раҳбари Ш. Рамазонов, дирижёр А.Двоскин, яккахон хонандалар орасида Ботир ва Луиза Зокировлар, Клара Жалилова, Баҳром Мавлонов ва бошқалар, Исоҳор Оқилов ва М.Гердт раҳбарлигидаги рақс гуруҳи ҳамда сўз усталари (К.Қобулов ва Ғ.Аълоев) бўлган. Репертуаридан хорижий Шарқ (Миср, Сурия, Ҳиндистон ва бошқалар) композиторларининг Эстрада оркестри учун Ян Френкел томонидан аранжировка қилинган асарлар ("Арабча танго", Дарис алАтрош; "Гўзал қизга", Рахбани; "Арзихамари", Ш.Чоудхури ва бошқалар), ўзбек композиторлари асарлари (М.Бурҳоновнинг "Мафтун бўлдим", Ш.Рамазоновнинг "Эй, меҳрибоним", "Наманганнинг олмаси", Ик. Ахбаровнинг "Газли", "Раъно", "Қайдасан" ва бошқалар) ўрин олган.
Ҳозир Ўзбекистонда қуйидаги Эстрада оркестри фаолият кўрсатмоқда: Ўзтелерадиокомпанияси қошидаги Эстрадасимфоник оркестри (1963; биринчи бадиий раҳбари — Ҳ. Изомов, дирижёрлари — Э. Солиҳов ва Е.Живаев, хонандалари — М.Шамаева, Р.Шарипова, Ю. Тўраев, С.Раҳимов, А.Иошпе, Э.Ўрозбоева ва бошқалар;1987-1997 бадиий раҳбари - Анор Назаров, 1997-йилдан бош дирижёри А.Икромов). Мазкур жамоалар билан кўпгина Ўзбекистон композитор ва аранжировкачилар (Ҳ.Изомов, Э.Солиҳов, А.Калварский, А.Кролл, А.Малахов, Е.Шварс, Е.Живаев, Е.Ширяев, Ф.ЯновЯновский, Э.Қаландаров ва бошқалар) асарлар яратишган. Кейинги йилларда ўзбек композиторларидан А. Назаров, Р.Абдуллаев, Б.Лутфуллаев, А.Мансуров, Д.Омонуллаева, А.Расулов, Ғ. Холиқов, Ҳаб. Раҳимов, В.Сапаров ва бошқалар, хонандалардан Б.Лутфуллаев, Ю.Абдуллаева, Г.Эрқулова, Ҳ.Шеров, П.Борисов, Д.Марасулова, Н.Носирова, Э.Рўзиматов, Д.Исмияминова ва бошқалар ижодий ҳамкорлик қилмоқда. Халқ бадиий жамоалар дирексияси таркибидаги Ботир Зокиров номидаги Эстрада оркестри (2004, биринчи дирижёри А. Хабирханов, ҳозир дирижёр — Е.Живаев, бадиий раҳбар — М. Тошматов). Репертуаридан жаз мусиқасининг мумтоз намуналари (С.Кентоннинг "Бродвей", Б.Гудменнинг "Саввондаги рақс", Х.Тизолнинг "Карвон" каби), ўзбек композиторлари асарлари ("Ёмғир ёғди", Д.Омонуллаева; "Ширин эртаклар", М.Тошматов; "Йўлда", Э.Қаландаров) ҳамда ўзбек мумтоз намуналарининг эстрада аранжировкалари (мас, Е.Живаевнинг "Мўғулчаи Дугоҳ") ўрин олган.
Давлат Муллажонов.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |