Факсимил алоқа, фототелеграф — ясси қўзғалмас тасвирлар (жадваллар, расмлар ва ҳарфли рақамли матнлар) ни узоқ масофага узатиш ва қабул пунктида пайдо қилиш; электр алоқанинг бир тури. Телефаф алоқа таркибига киритилади. Симлар орқали юбориладиган электр сигналлар ва радиосигналлар ёрдамида амалга оширилади. Фототелеграммаларни жойларга узатишда, метеорологик станциялар орасида гидрометеорология хариталарини алмашинишда ва бошқа ҳолларда факсимил алоқа воситаларидан фойдаланилади.

Қўзғалмас тасвирни узоқ, масофага узатиш ғоясини италян физиги Ж. Казелли 1855-йилда амалга оширди. ХХ аср 20-йилларида фотоэффект ҳодисаси, электрон лампалар, электр тебранишлари кучайтиргичлари пайдо бўлганидан сўнг факсимил алоқа ривожлана бошлади. Дастлаб факсимил алоқа орқали фақат фототелеграммалар узатилган ва фототелеграф алоқа деб аталган. 50—60-йиллардан бошлаб харитаграфия материаллари ва газета саҳифалари ҳам узатила бошлади. Телефония ва телеграфия бўйича халқаро маслаҳатлашув қўмитаси (МККТТ) нинг тавсиясига кўра, 1953-йилда умумийроқ ном билан, яъни факсимил алоқа деб атала бошлади.

Факсимил алоқа факсимил аппарат ёрдамида амалга оширилади. Бу аппарат механик, ёруғлик оптика ва электрон қурилмалар мажмуидан иборат. У узатувчи, қабул қилувчи ва қабул қилувчи-узатувчи турларга бўлинади. Унинг ёрдамида ясси қўзғалмас обектлар (оригиналлар) электр алоқа линиялари орқали узатилади ва обектнинг нусхаси (факсимил) тарзида қабул қилинади.

Факсимил алоқада бажариладиган амаллар: факсимил аппарат узаткичида узатиш обекти (оригинал) сиртини муайян аломатлари (мас, оптик зичлиги) бўйича бир хил бўлган кичик-кичик юзачаларга бўлиб чиқиш; шу юзачалар тасвирини электр импулсларига айлантириш; шу импулсларни алоқа линияси бўйича узатиш; қабул қилгичда бу импулеларни тасвирга айлантириш ва қайд қилиш. Узатиладиган обект (расм, матн ва бошқалар) нинг нусхаси (факсимил) шу тариқа ҳосил қилинади. Тасвир нусхаси фотоқоғоз, фотоплёнка, электрографик, электрокимёвий, электротермик қоғоз ёки оддий ёзув қоғозига, ферромагнит материал ва бошқаларга қайд қилинади.