Фаластин (қадимги ивритча: пелиштим‬ — „филистинликлар“ сўзидан олинган) — Ғарбий Осиёдаги тарихий вилоят. Ўрта денгизнинг шарқий соҳилида жойлашган. Майдони 26 минг км2. Фаластиннинг асосий қисми Исроил билан Иорданияга қарашли.

Тарихи

Милоддан аввалги 5-4 минг йилликда Фаластинга сомий қабилалари кириб келган. Милоддан аввалги 3-2 минг йилликда Фаластинда ханаанейларнинг илк шаҳар-давлатлари пайдо бўлган (милоддан аввалги 2-минг йилликда Фаластин ва Финикия ҳудуди Ханаан деб аталган). Милоддан аввалги ХВИ–ХИИ-асрларда Фаластин Миср тасарруфида бўлган. Милоддан аввалги ХИИИ аср охирида Фаластинда филистимликларнинг ҳукмронлиги ўрнатилган. Ўша вақтдаёқ мамлакатнинг аксарият қисми милоддан аввалги ХИ асрда ташкил бўлган Исроил-яҳудий подшолиги ҳудудида истиқомат қилувчи қабилалар томонидан забт этилган. Довуд ва Сулаймон подшолар даврида Исроил қудрати авжига чиққан. Тахминан 935-йилда бу давлат иккита подшолик — Исроил ва Иудея (Яқудия)га бўлинган. Милоддан аввалги ВИИИ аср охирида Фаластиннинг шимолий ҳудуди — Исроил подшолиги Оссурия томонидан босиб олинган. Жанубий Фаластин (Иудея подшолиги)ни милоддан аввалги ВИ асрда бобилликлар, сўнгра аҳамонийлар, милоддан аввалги ИВ асрда македониялик Александр ўзларига бўйсундирганлар. Милоддан аввалги ИИИ—ИИ-асрларда Фаластин Птолемейлар (Миср) билан Салавкийлар ўртасида талаш бўлган. Фаластин милодий И асрда (63-йил) римликлар томонидан босиб олинган. Лекин фақат Иудея урушлари (66—73 йиллар) ва Бар Кохба қўзғолони (132—135) бостирилганидан сўнггина Фаластин Рим империясининг вилоятига айланган.

Милодий И асрда Фаластинда христиан дини пайдо бўлган. 395-йилда Фаластин Византия ихтиёрига ўтган. 640-йил Фаластин араблар томонидан босиб олиниб, араб халифалиги таркибига кирган. Аббосийлар даврида Фаластинда иқто тизими жорий қилинган, аҳолини ислом динига киритиш жараёни авж олган, христианларнинг ҳуқуқий мақоми кучсизланган. Бу бир қатор халқ қўзғолонлари, жумладан, 842-йил Абу Харба бошчилигидаги ғалаёнга сабаб бўлди. Аббосийлар халифалиги парчаланганидан сўнг Фаластин аста-секин тулунийлар, ихшидийлар сулолалари ҳукмронлиги остига ўтган. ИХ—ХИ-асрларда Фаластинда иқтисодий юксалиш юз берган, катта ер майдонларига ишлов берилган. Иудаизм, христиан ва исломнинг диний маркази Қуддусда ХИ-асрда 40 минг аҳоли яшаган. Акка, Кесария, Аскалон, Ғазода савдо ривожланган. 1099-йил салибчилар Қуддусни эгаллаб, уни Қуддус қироллигининг марказига айлантирганлар. 1187-йил Хаттин яқинидаги жангда Салоҳиддин салибчиларни енгиб, Қуддусни қўлга киритган. Фаластин айюбийлар, кейинроқ мамлуклар томонидан Мисрга қўшиб олинган. Фаластин 1516-йилгача уларнинг қўлида бўлиб, сўнг турклар тасарруфига ўтган. Усмонли турк империясининг ХВИИ аср охиридан таназзулга юз тутиши билан турк ҳукмдорларининг ўзбошимчалиги кучайган. Солиқлар ошган. Натижада Фаластин иқтисодий тушкунликка учраган. ХИХ асрнинг 20-йилларида Фаластинда туркларга қарши халқ ҳаракати кучайган. 1832-йил Фаластин Миср пошоси МуҳаммадАли томонидан забт этилган. Ҳокимиятнинг марказлашуви, зодагонлар зулмининг чекланиши Фаластинни иқтисодий ривожланишига туртки бўлган. Аммо солиқларнинг кўпайиши, ҳарбий мажбуриятнинг жорий қилиниши аҳоли ўртасида қўзғолонга олиб келган (1834). Ливан ва Сурия халқининг Миср ҳукмронлигига қарши 1840—41-йиллардаги курашини Фаластин халқи қўллаб-қувватлагани баҳонасида Фаластинда турк ҳукмронлиги тикланган. ХИХ асрнинг 40- йилларидан бошлаб Европа давлатлари Фаластинга кириб кела бошладилар. 1869-йил Сувайш каналининг очилиши билан Фаластиннинг стратегик ва иқтисодий аҳамияти янада кучайди. 1892-йил франсуз компанияси Фаластинда биринчи Яффа—Қуддус темир йўлни қурган. ХИХ аср охиридан бошлаб Европа мамлакатларидаги яҳудий аҳолининг Фаластинга кўчиши бошланган. Биринчи жаҳон уруши йилларида Фаластин Германия, Туркия ҳамда инглиз қўшинлари ўртасидаги кураш майдонига айланган. Бу рақобат Фаластинни инглизлар томонидан забт этилиши бн якунланди. 1916-йил СайксПико шартномасига биноан, Фаластинда халқаро режим жорий қилиниши лозим бўлган. Фаластинда ўз мавқеини мустаҳкамлаш мақсадида инглизлар Европа мамлакатларида ХИХ асрнинг 90-йилларида пайдо бўлган реаксион (тескаричи) — миллатчи ҳаракатнинг кўринишларидан бири бўлган сионизмдан фойдаланганлар. Сионистлар Фаластинда яҳудийлар давлатини тузишни талаб қилганлар. 1917-йил 2-ноябрда Англия ҳукумати Балфур декларациясини эълон қилиб, Фаластинда „яҳудий халқи учун миллий маскан“ тузишни ваъда қилган. 1920-йил апрелда Италиянинг СанРемо шаҳрида Англия Фаластин устидан инглиз мандатини жорий этишга муяссар бўлган. Англия Фаластиннинг иқтисодий ва сиёсий ҳаётида ҳал қилувчи мавқега эга бўлган, Европа мамлакатларидан кўплаб яҳудийларнинг кириб келишига имкон яратган. Сионист ташкилотлар Фаластинда бир нечта консессияларни қўлга киритганлар. Мамлакатдаги бутун ҳокимият инглиз олий комиссари қўлига ўтган. Унинг ҳузурига инглиз амалдорларидан таркиб топган „Фаластин ҳукумати“ тузилган. Араб аҳолиси мамлакатни идора қилишга жалб этилмаган. 1920–1939-йилларда инглиз мустамлака сиёсати сионистлар билан ҳамкорлик қилишга асосланган. Сионистлар Англия ёрдамида араб халқ озодлик ҳаракатига қарши иш кўрганлар. Шу боис Англия араб аҳолисининг кучли норозилигига дуч келган ва натижада унга қарши қуролли қўзғолонлар кўтарилган. 193-йил октябрда Пил бошчилигида Фаластинга юборилган комиссия Фаластинни яҳудийлар ва араблар яшайдиган қисмларга бўлишни тавсия қилган. Бу Фаластиндаги араб ташкилотлари ва араб мамлакатларининг қаттиқ норозилигини келтириб чиқарган. 1939-йил май ойида инглиз ҳукумати „Оқ китоб“ни эълон қилишга мажбур бўлган. Унга кўра, Англия маъмурияти Фаластинга яҳудийларнинг келишини чеклаши ва кейинчалик тўхтатишга қарор қилгани баён этилган. Бу Англия маъмурияти билан сионистлар ўртасига низо солган. Сионистларни АҚСҲ қўллаб-қувватлаган.

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Фаластин халқларининг инглиз қарамлигидан халос бўлиш учун кураши кучайган. 1947-йил Англия Фаластин масаласини БМТ муҳокамасига қўйишга мажбур бўлган. 1947-йил 29-ноябрда БМТ Бош Ассамблеяси Британия мандатини бекор қилиш, Фаластиндан инглиз қўшинларини чиқариш ва Фаластинда мустақил демократик яҳудий ва араб давлатини тузиш ҳақида қарор қабул қилган. Қуддус шаҳри алоҳида халқаро режимга эга мустақил маъмурий бирликка айланиши лозим бўлган. 1948-йил 14-майда Яҳудий сионистик ташкилотлар Исроил давлати тузилганлигини эълон қилишган. 14-майдан 15-майга ўтар кечаси Англиянинг қутқуси билан 1948–1949-йилдаги Араб-Исроил уруши бошланган. Араб давлати учун мўлжалланган ҳудуднинг бир қисми ҳамда Қуддус шаҳрининг ғарбий қисми Исроил томонидан босиб олинган (6,7 минг км2). Исроил қўшинлари Фаластин ҳудудидан 900 мингдан зиёд арабларни ҳайдаб чиқарганлар. Шундай қилиб, Исроил Яқин Шарқ минтақасида қочоқлар муаммосини келтириб чиқарган. Исроил БМТ қарорига мувофиқ, Фаластин араб давлатига ўтиши керак бўлган ҳудуднинг 60 фоизини босиб олган. Ташкил этилиб улгурмаган мана шу давлатнинг шарқий қисми ва Қуддус (5,5 минг км2) Иордания ҳудудига, Ғазо сектори (258 минг км2) Миср назоратига ўтиб қолган. 1949-йил сулҳ шартномаларига биноан, Исроил билан қўшни араб давлатлари ўртасида демаркация чегара чизиғи белгиланган.

1964-йил 28-майда Қуддусда қочоқдаги фаластинликларнинг Фаластин Озодлик ташкилоти (ФОТ) тузилган. 1967-йил июнда Исроил — Сурия, Миср ва Иорданияга қарши уруш бошлади. Исроил Синай ярим ороли, Ғазо сектори, Иордан дарёси ғарбий соҳилидаги ерлар, Қуддус ҳамда Жўлан тепаликларини босиб олган.

1987-йилга келиб Фаластин қочоқларининг сони 2 милионга яқинлашган. 1988-йил 15-ноябрда Фаластин Озодлик ташкилотининг олий органи — Фаластин Миллий кенгаши Жазоир шаҳрида мустақил Фаластин давлати тузилганини эълон қилган. 1989-йил 29-мартда Фаластин Озодлик ташкилоти ижроия қўмитаси Ёсир Арафотни Фаластин давлати президенти этиб тайинлаган. 1993-йил сентабрда Исроил билан Фаластин Озодлик ташкилоти икки томон ўртасидаги муносабатларни йўлга қўйиш тамойиллари тўғрисида декларацияга имзо чекдилар. Бу декларацияга мувофиқ, 1994-йил майда Ғазо сектори (Ғазза минтақаси) ва Иерихон шаҳри атрофи (Иордан дарёсининг ғарбий соҳили)да Муваққат Фаластин мухторияти тузилган. БМТ Хавфсизлик Кенгаши қарорига мувофиқ, Фаластин можаросини узил-кесил ҳал этиш учун ўтиш даври (5 йилгача) белгиланган. 1996-йил январда Фаластин қонун чиқарувчи кенгаши сайланган. 1998-йил августда ҳукумат тузилган. Исроил Бош вазири А. Шарон ҳукумати даврида Фаластин билан Исроил ўртасидаги таранг муносабатлар авжга чиқди. 2004-йил 22-мартда Ҳамас ташкилотининг раҳбари шайх Аҳмад Ёсин ўлдирилди. Натижада Фаластин масаласини ҳал қилиш янада мураккаб тус олди. 2004-йил ноябрда Ёсир Арафот вафотидан сўнг унинг ўрнига вақтинча Маҳмуд Аббос тайинланди. 2005-йил январда Маҳмуд Аббос Фаластин Озодлик ташкилоти раислигига сайланди[1] .

Манбалар

  1. ↑ Файл:Натионал Энcйcлопедиа оф Узбекистан лого.пнг „Фаластин тарихи“ Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (Ф-ҳарфи). Тошкент: „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси“ Давлат илмий нашриёти, 2000–2006-йиллар.

Ҳаволалар