Фамилия (лотинча: фамилиа – оила) – бола туғилганда, фарзандликка олинганда, олдинги фамилия ўзгартирилганда, никоҳдан ўтганда қабул қилинадиган ва наслдан наслга ўтадиган оилавий ном. Одатда, шахс отларига қўшилиб келиб, шу шахснинг наслини билдиради.

Сўзнинг келиб чиқиши

"Фамилия" сўзи – лотинчадан келиб чиққан. Қадимги Римда қон-қариндошлар билан бирга қулларни ҳам ўз ичига олган оиланинг хўжалик-ҳуқуқий муносабатларини ўзида мужассамлаштирган номи.

Ўзбек фамилиялари тарихи

Илк фамилиялар шахс туғилган ёки унинг „наслий мероси“ жойлашган жой номига нисбатан бериш орқали ясалган. Ғарбий Европада фамилия қўллаш ХВ асрдан одат тусига кирди ва асосан, юқори табақа орасида тарқалди. Ўзбекларда ўтмишда ҳозирги маънодаги фамилия бўлган эмас. Лекин фамилия ва отанинг номини билдириш учун қўлланган воситалар қадимдан мавжуд эди. ВИ-ВИИ асрлардан ота исмидан кейин „ўғли“, „қизи“ сўзларини келтириш орқали (масалан, Байна Сангнун ўғли), кейинроқ айни вақтда араблар таъсирида „ибн“ (ўғли) (масалан, Аҳмад ибн Муҳаммад), „бинт“ (қизи) каби арабча сўзлар ёрдамида номлашлар бўлган. ХХ асрнинг 1920—1930-йилларида ўзбекларнинг фамилиялари, асосан, Аҳмад Фозил ўғли, Хакима Фозил қизи тарзида юритилган. Шунингдек, бу даврда зиёлилар орасида қисман „зода“ (Ҳамза Ҳакимзода, Турғун Шарифзода), „ий“, „вий“, „ия“, „вия“ (Абдулла Қодирий, Абдулла Алавий, Мирзакалон Исмоилий, Музайяна Алавия) қўшимчалари орқали исм-фамилия, тахаллуслар ясаш ҳам одат бўлган; баъзида қўшимчаларсиз ҳам қуйидаги шаклда аталган: Парда Турсун, Султон Жўра, Илёс Муслим. 1930-йилларнинг ўртаси ва 1940-йиллардан ов, (ова), ев (ева) қўшимчалари ёрдамида ҳосил қилинган фамилиялар ўзбекларда муайян тартибга айланиб, кейинроқ қатъий қоида қилиб олинди.

Мустақиллик давригача фамилия ясашнинг шундан бошқа барча миллий-маҳаллий шаклларини расмий равишда ёзиш ман қилинган эди. Бу қоидага фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш идоралари, паспорт бўлимларида қатъий амал қилиб келинди. Мустақиллик кишиларга фамилия ва ота исмини, уларнинг шаклини эркин танлаш ҳуқуқини ҳам берди. Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунларига кўра, ҳар бир фуқаро ўз фамилиясига эга бўлиши зарур. Бундай зарурият фуқарони жамиятнинг бошқа аъзоларидан ажратиб туришда, унга тегишли ҳуқуқ ва мажбуриятларни белгилашда ва уни ҳуқуқ субъекти сифатида тан олишда муҳим аҳамиятга эга. Фуқаронинг фамилияси у туғилган пайтда туғилганлик ҳолатини қайд этиш гувоҳномасида расмийлаштирилади ва ота ёки она томонидан ёки уларнинг келишувига кўра танланади. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 69-моддасига мувофиқ, бола исм, ота исм ва фамилия олиш ҳуқуқига эга. Фуқаронинг фамилияси унинг ҳаёти давомида ўзгартирилиши ҳам мумкин. Бола 10 ёшга тўлгунча унинг фамилияси ота-она томонидан боланинг розилиги билан ўзгартирилса, 16 ёшга тўлган фуқаро ота-онасининг розилиги билан ўз фамилиясини ўзгартиради. 18 ёшга тўлган фуқаро эса, тўла муомала лаёқатига эга бўлгач, ҳеч кимнинг розилигисиз фамилиясини ўзгартиришга ҳақли. Никоҳдан ўтиш пайтида эр ёки хотин уз фамилиясини ўзгартириши мумкин. Фамилия ўзгартирилаётганда қонун ҳужжатларида кўзда тутилган талабларга амал қилиш зарур. Фуқаронинг фамилияси унинг шахсий номулкий ҳуқуқи бўлиб фуқаролик ва оила қонунчилиги томонидан муҳофаза этилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999-йил 12-апрел 171-сонли қарори билан тасдиқланган „Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш“ қоидаларида фамилияни белгилаш ва ўзгартириш тартиби белгиланган.

Адабиёт

  • Бегматов Э. А., Ўзбек исмлари, Т., 1998.