Farididdin Attor
Фаридиддин Аттор (тахаллуси; асл исм шарифи Муҳаммад Абу Бакр ибн Иброҳим; тахминан 1148/51, Нишопур — 1219/21) — мутасаввиф форс шоири. Асарларида тасаввуфни тарғиб қилган. Мансур Ҳаллож, Боязид Бистомий таълимотидаги ғояларни давом эттирган. Аттор фалсафасининг асосини тавҳид (Аллоҳнинг ягоналигини тан олиш) илми ташкил этади. Унга кўра, тавҳид фақат Аллоҳнинг ягоналигини тан олиш эмас, балки у билан қўшилишга интилиш, яъни инсоннинг мутлақ Руҳ томон интилишини англатадиган жараёндир. Атторнинг „Булбулнома“, „Мантиқ ут-тайр“, „Уштурнома“ асарлари рамзий-аллегорик тимсоллар асосида ёзилган. „Жавҳар уз-зот“, „Хайлож“, „Асрорнома“, „Шарҳ ул-қалб“, „Мусибатнома“ каби достонлари бевосита муҳокама-мушоҳада, фикрий-шуурий баёнлар тарзида битилган. Бундан ташқари, „Хусравнома“-га ўхшаб мажозий ишқни куйлаган романтик-саргузашт асари ҳам бор. Атторнинг 2 қисмдан иборат „Жавҳар уз-зот“ асарида бутун руҳий ва моддий оламлар ягоналиги таърифланган. Илоҳ ҳар бир заррада мавжуд, аммо уни оддий кўз билан кўриш мумкин эмас. Аллоҳ ўз борлиғида ҳам пинҳону ҳам пайдо, барча ашёлар ёлғиз жавҳардан келиб чиққан. „Асрорнома“да бу фикр янада аниқроқ ифодаланган. Аттор асарларида халқ оғзаки ижодидан унумли фойдаланган. „Мантиқ ут-тайр“ (1175, бу асар „Мақомоти туюр“ деб ҳам номланган) асари машҳур. Алишер Навоий болалик чоғида бу достонни ёд олиб, унинг таъсирида „Лисон ут-тайр“ („Қуш тили“) достонини ёзган. Ушбу асар тасаввуфнинг энг йирик адабий ёдгорлиги ҳисобланади. Бундан ташқари, Аттор „Панднома“, „Бесарнома“, „Девон“, "Вуслатнома, " „Тазкират ул-авлиё“ каби асарлар муаллифи. Унинг „Илоҳийнома“ асари ҳам маснавий йўлида битилган ишқий-маърифий, фалсафий-ахлоқий достондир. Маснавийда 282 та ривоят, ҳикоят ва қиссалар баён этилган. Аттор Ҳақ ва ҳақиқат тушунчаларини ҳамма вақт инсон моҳиятига боғлаб тушунтирган. Зеро, тавҳид моҳияти ҳам, ҳақиқат ҳам охир оқибат инсон моҳияти ва ҳақиқати билан изохланган. Шоирнинг 96 бобдан иборат „Тазкират ул-авлиё“ асари насрда битилган ягона ва машҳур асар бўлиб, унда тасаввуф шайхлари, авлиёуллохларнинг ҳаёти, кашфу кароматлари баён этилган. Асарнинг Ўзбекистон ФА Шарқшунослик институтида 10 дан зиёд қўлёзма нусхалари, Бомбай ва Лоҳурда 1877, 1887, 1895, 1900, 1903-йилларда нашр қилинган босма нусхалари ҳамда Хожашоҳ ибн Саййид Ахмад Хоразмий ўзбек тилига таржима қилган 4 қўлёзма нусхаси мавжуд. Ушбу асарнинг Мирзо Кенжабек томонидан ўзбекчага қилинган таржимаси „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси“ давлат илмий нашриётида чоп этилган (1997).
| Фаридиддин Аттор | |
|---|---|
| Таваллуди |
1148 |
| Вафоти |
1221 Нишопур, Эрон |
| Касби | шоир, файласуф |
-
„Мантиқ ут-тайр“
-
„Мантиқ ут-тайр“
-
„Мантиқ ут-тайр“
-
„Мантиқ ут-тайр“
Адабиётлар
- Илоҳийнома, Т., 1994.
Манбалар
Ҳаволалар
| Викииқтибосда Фаридиддин Атторга тегишли иқтибослар мавжуд. |
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |