Farisiylik
Фарисийлик - яҳудийлик доирасида пайдо бўлган илк йўналишлардан саналади. Унинг номи келиб чиқиши хусусида манбаларда бир қанча қарашлар мавжуд. “Фарисийлик” - ивритча “перушим” сўзидан келиб чиққан бўлиб, луғатда “ажралиб чиққанлар” ма’носини англатади. Араб манбаларида мазкур оқимни ўрта асрларда ислом дини доирасида мавжуд бўлган “мўтазила” йўналишига қиёслашади. “Мўтазила” сўзи ҳам араб тилида “ажралиб чиққанлар” ма’носини англатиб, ислом тарихига оид манбаларида калом илми билан шуғулланган тоифага нисбатан қўлланилган. Кўпчилик олимлар ушбу икки тоифа ўртасида ҳеч қандай алоқа йўқлигини та’кидласаларда, ба’зилар бунинг зиддини айтадилар. Жумладан, мисрлик тарихчи Аҳмад ибн Али Макризий (1364-1442 йй.) мўтазилийлар замонида “Фаришим” (“ажралиб чиққанлар”) номли яҳудийларнинг тоифаси бўлгани ҳамда уларнинг ба’зи қарашлари ислом динидаги мўтазилаларнинг қарашларига ўхшаш бўлганини келтиради. Бундан келиб чиқиб, олим, ба’зи исломни қабул қилган яҳудийлар “фаришимлар” билан мўтазила орасидаги ба’зи ўхшашликларни кўргач, уларни шу ном билан атаган бўлиши мумкин, деган қарашни билдиради.
Умуман олганда “фарисийлар” атамаси айнан қачон ва ким томонидан илк бор ишлатилгани хусусида манбаларда аниқ ма’лумот учрамайди. Шундай бўлсада, мисрлик олим Аҳмад Шалабий бу ном уларнинг рақобатчилари бўлган саддуқийлар томонидан берилган бўлиши мумкин деган қарашни келтиради. Чунки, тарихий манбаларда “фарисийлар” ўзларини “биродарлар” деб атаганлари зикр қилинади.
Фарисий ҳамда саддуқийлар ҳақида Инжилда ҳам ма’лумотлар бор. Унга кўра, фарисийлар Исо Масиҳга нисбатан энг адоваткор, унга турли тухматлар қилиб, хочланишгача олиб борган фирқа сифатида кўрсатилади. Уларнинг бу йўлни тутишларига асосий сабаб эса, Исо фарисиийларга нисбатан қаттиқ айбловларни қўйгани, уларни тўгри йўлдан адашган деб атагани сабаб бўлган.
Э’тиқодий жиҳатдан фарисийлар икки нуқтада бошқа йўналишлардан яққол ажралиб туришини кўриш мумкин:
1. Улар “Таврот”га, Мусога нисбат бериладиган “Оғзаки Таврот”га ва “Талмуд”га ишонадилар;
2. Қайта тирилишга ишониш. Унга ко’ра, кутилган мессия (халоскор) келгач, солиҳ инсонлар қайта тирилади ва У бунёд қилажак подшохликни қуришда унга кўмакдош бўладилар.
Фарисийлар э’тиқодига кўра, муқаддас китоблар сирасига фақатгина “Таврот” эмас, балки, “Оғзаки Таврот” ёки “Талмуд” дея э’тироф этиладиган қонунлар, васият ва кўрсатмалар ҳамда шарҳ ва тафсирларни ҳам киритиш мумкин. Талмудни илоҳийлаштириш баробарида фарисийлар руҳонийларнинг даражасини улуғлаш, уларни гунохдардан ма’сум ҳисоблаш ҳамда улар айтаётган гаплар Яхве томонидан юборилаётганига ишонишлари лозим ҳисобланади. Масалан, улар: “Яҳудийликка имон келтирган киши раввинларнинг сўзларини қонун деб билиши лозим. Чунки, уларнинг сўзлари Яратганнинг сўзидир. Агар раввин ўнг қўлингга қарата бу чап қўл ёки аксинча, чап қўлингни ўнг қўл деб айца, унинг гапини тасдиқпагин, тортишмагин...”, деб уқтиришган[1].
Манбалар
- ↑ Нажмиддинов, Каримов, Турдиева 2017, с. 388-389.
Адабиётлар
- Нажмиддинов Ж., Каримов Ж., Турдиева Д.. Диншунослик. Қомусий луғат. Имом Бухорий халқаро маркази нашриёти, 2017 — 480-бет. ИСБН 978-9943-5105-3-1.
Бу мақола бирорта туркумга қўшилмаган. Илтимос, мақолага алоқадор туркумлар қўшиб ёрдам қилинг. (Апрел 2024) |