Фаросат бу – воқеа ва ҳодисалар моҳиятини англаш омилининг энг юқори ва амалда исботланувчи даражасидир. Фаросат орқали бошқа одамлардаги қувонч ва қайғуни кичик бир ишорадан пайқай олиш, ташқи қиёфаси, хатти-ҳаракатлари, ўзини тутиши, юз мимикасидан руҳиятидаги ўзгаришларни тўғри англай билиш мумкин. Шунингдек, у шахснинг маънавий, ижтимоий-интеллектуал тараққий этганлик даражаси, инсоннинг ўзидаги ҳаётий эҳтиёжларини қондириш кўламини аниқ белгилай олиш мезони ва ҳаётда яшаш ҳамда фаолият юритиш сифатининг энг муҳим кўрсаткичи ўлароқ намоён бўлади.

Маънолари

Ҳусайн Воиз Кошифийнинг ёзишича, фаросат сўзининг луғавий маъноси бирор нарсанинг яхши ва ёмон хусусиятларини кўриб аниқлашдир. Сўзнинг истилоҳий маъноси эса бирор-бир нарсанинг ташқи жиҳатлари ёки инсон руҳияти ва танасидаги ўзгаришлари, аломатларига қараб мушоҳада қилиш асосида унинг ички моҳиятидан огоҳ бўлишдир.

Таркибий қисмлари

Фаросатнинг таркибий қисмлари бўлган самарали англаш ҳолати, онгли ёндашув, ақл билан иш тутиш кабилар мазмунан бир-бирига яқин ма'ноларни ифодалайди. Зеро, инсон турли нарсалар ҳамда воқеаларнинг моҳиятига етиб борган тақдирдагина англаш ҳолатини бошдан кечиради. Англаш эса инсонни мақсадли ҳаракатга ундайди. Англанган нарсаларгина ҳаётий эҳтиёжга айланади. Ана шунинг учун ҳам воқеликни фаросат орқали англашгача бўлган жараённи фикр, ғоя, мақсад, режа, амалиёт босқичлари тарзида таснифлаб ўрганиш мақсадга мувофиқдир.

Тури ва шакли

Фаросатнинг тури ва шакли турлича бўлиб, бир соҳадаги фаҳму фаросатга эга инсонлар бошқа соҳаларда етарли даражада фаросатли бўла олмасликлари кўп кузатилган. Бундай бўлишига, я'ни бошқа соҳаларда ҳам одамнинг ўз соҳасидаги каби баробар фаросатли иш тута олмаслигининг асосий сабаби унинг янги киришган соҳаларига хос бўлган зарур билим ва тажрибаларнинг етарли эмаслиги билан изоҳланади.

Ривожлантириш омиллари

Фаросатни ривожлантиришнинг уч манбаси бор:

  1. Ақл – одамнинг ҳар бир нарса-воқеага муносабат билдиришда адекват ёндаша олиш, ҳар бир ишни меъёрида бажара олиш салоҳиятини шакллантириш.
  2. Иймон-эътиқодда мустаҳкамлик, тўғри тарбия олганлик, одоблилик, сўрашдан тортинмаслик, синчковлик, диққат-эътиборли бўлиш.
  3. Чуқур билимга ва юксак даражадаги касбий маҳоратга, ҳар бир нарсани бошқа ҳолат ва фактлар билан қиёслаб хулоса чиқара олиш салоҳиятига, катта ҳаётий ва касбий тажрибага эга бўлиш.[1]

Ҳикматлар

Абу Али ибн Сино фаросатнинг ижтимоий аҳамияти хусусида шундай таъриф беради: "Фаросат деб сезгидан келадиган ишоранинг асл маъносига тезда етишмоққа айтилади"[2].

Манбалар

  1. ↑ Мансур Бекмуродов, "Фаросат илми" ўқув қўлланма, Т: Ғафур Ғулом, 2022. 20-бет. 
  2. ↑ Абу Али ибн Сино, "Мен англаган дунё", Т: СҲарқ, 2012. 219-бет.