Farosat ilmi
Фаросат илми – инсоннинг ташқи кўринишига қараб ички дунёсида юз бераётган жараёнлар, қандай фикр-қарашларга эгалиги, нимани ва қандай нарсаларни ўйлаётганини англашга қаратилган, бир сўз билан айтганда, одамнинг зоҳирига қараб ботинини ўрганадиган, юз бераётган жараёнлар қандай ўзгаришларга олиб келишини асосли башорат қиладиган фан ҳисобланади.
Тарихи
Фаросат илми ИХ аср бошларидан ХВ асргача юксалиш босқичида бўлган. Бу фан кўп асрлар мобайнида Шарқ мамлакатларида олий мадраса таълими тизимида марказий ўринни эгаллаган. Асосан, Мовароуннаҳр ва Хуросонда кенг ёйилган. У мадрасада ўрганилаётган турли йўналишдаги дарслар мазмунини уйғунлаштирувчи фан сифатида алоҳида аҳамият касб этган. Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Балх, Қўқон, Ҳирот ва Бағдод олий мадрасаларида фаросат илми талабаларга тўрт йил мобайнида ўтилиб, фан юзасидан махсус битирув имтиҳони олинган. Имтиҳондан муваффақиятли ўта олмаган битирувчи ўз ҳисобидан яна бир йил мадрасада қолиб алоҳида дастур асосида таҳсил олишга мажбур бўлган. Мабодо талаба иккинчи маротаба ҳам етарли даражада салоҳият намоён эта олмаса, унга қайта имтиҳон топшириш ҳуқуқи берилмаган ва умумий маърифати нисбатан суст деб ҳисобланган чекка қишлоқ масжидига сўфи лавозимига тайинланиб жўнатилган.
Асарлар
Фаросат илми ҳақида қуйидаги бир қатор асарларда атрофлича маълумотлар берилган:
- Хондамир „Ҳабиб ус-сияр“
- Мустафо ибн Ҳожи Халифа „Калиф аз-зунун ан асом ал-кутуб ва ал-фунун“
- Сўфи Оллоёр „Сабот ул-ожизин“
- Алишер Навоий „Маҳбуб ул-қулуб“, „Мажолис ун-нафоис“
- Фахриддин Али Сафий „Рашаҳоту айнул-ҳаёт“
- Муҳаммад Сиддиқ Рушдий „Авлиёлар султони. Туронлик валийлар“
Бошқа фанлар билан алоқаси
Фаросат илми ўз ривожида социология, психология, фалсафа, педагогика, хиромантия, френология, семиотика, иқлим, ранг, товуш, ҳид билан боғлиқ ҳодисаларни махсус ўрганувчи фанларга таянади[1].
Ёндашувлар
Ўрта асрларда Фаросат илмига эришишда икки хил ёндашув устувор илмий аҳамиятга эга бўлган.
- Биринчи йўл "машшоийлар" бўлиб, унга кўра борлиқдаги нарса-ҳодисалар ва тушунчаларни далиллар, фактлар ёрдамидагина ўрганиш мумкин деган қарашларни ифода этадилар. Бу йўл тарафдорлари ўзларини Аристотел издошлари деб санайдилар.
- Иккинчи йўл тарафдорлари эса ўзларини "ишроқийлар" деб атайдилар ва борлиқдаги нарса-ҳодисаларни фақат мушоҳада ва сезги йўли ёрдамидагина ўрганиш мумкин деб ҳисоблайдилар. Бу йўл тарафдорлари ўзларини платонизм (Афлотун) издошлари деб санайдилар[2].