Фассиялар (лот. фасcиа – боғлов) – ҳар бир мускулни ўраб турадиган бириктирувчи тўқимадан иборат парда. Одам ва ҳайвонларнинг аъзолари, нерв, қон томирларини ўраб, мускуллар учун фассиал ғилоф ҳосил қилади. Таянч ва трофик вазифаларни бажаради. Фассиялар бир мускулни иккинчи мускулдан ажратиб, ҳар қайси мускулнинг алоҳида қисқаришини таъминлайди. Фассиялар, одатда, қаватма-қават мускулларни ўраб туради. Шу боис улар жойлашган ўрнига қараб чуқур, ўрта ва юза ёки тери ости фассияларига ажратилади. Юза ёки тери ости фассиялар тери ости ёғ қаватида жойлашиб, одамларда қўл-оёқ кафт терисининг остида, бошнинг сочли қисмида апоневрозлар ҳосил қилади. Фассиялар қон томирлари ва нервларга бой. Фассиялар тиббиёт амалиётида катта аҳамиятга эга.