Абу Наср Фатҳ ал-Қалий, лақаби (шарафли унвони) Муборак уд-Давла ва Саъид-ҳа (Давлатнинг баракаси ва саодати), Амир Мансур ибн Лулу (1008–1016) ҳукмронлиги даврида Ҳалаб қал’аси ҳокими бўлган. 1016-йилда, эҳтимол, Солиҳ ибн Мирдос билан келишган ҳолда, Мансурга қарши қўзғолон кўтарган. Натижада, Мансур қочиб кетган. Бир неча ой ўтгач, Фатҳ Ҳалаб устидан назоратни Фотимийлар халифалигига топширган. Бу ҳолат шаҳарда Фотимийларнинг бевосита ҳукмронлигининг бошланишига сабаб бўлган. Шундан сўнг, аввал Сур, кейин эса Қуддусда мансаблар эгаллади. Қуддус ҳокими бўлган Фатҳ 1024—1025-йилларда Фотимийлар саркардаси Ануштакин ад-Дизбарийга Жарроҳийлар қўзғолонини бостиришда ёрдам берди. Шунингдек, 1029 ва 1030-йилларда Зайтун тоғида бўлиб ўтган Хошана Рабба байрамлари чоғида раббиний ва караим яҳудий жамоалари ўртасида тартиб-интизомни сақлаб турган.

Фатҳ ал-Қалий
Ҳалаб амири
Салтанат 1016-йил январ—октябр
Ўтмишдоши Мансур ибн Лулу
Давомчиси Азиз уд-Давла
Тўлиқ номи
Абу Наср Фатҳ ал-Қалий
Шоҳлик исми
Муборак уд-Давла ва-Саид-ҳа
Касби

Аввалги лавозимлари:

Кейинги лавозимлари:

  • Сурнинг Фотимий ноиби (1016-йил октябр — номаълум)
  • Қуддуснинг Фотимий ноиби тах. 1024 – тах. 1030

Дастлабки фаолияти

Фатҳ ғулом (қул-жангчи) бўлиб, 1008—1016-йилларда Ҳалаб амири бўлган Мансур ибн Лулу хизматида бўлган[1]. Фатҳнинг қачон Ҳалаб қал’аси ҳокими этиб тайинлангани аниқ эмас. Бироқ камида 1014-йилда бу лавозимни эгаллаган[2]. Фатҳ ал-Қал’ий номи арабчадан таржима қилинганда Қал’а Фатҳи деган маънони англатади[3]. Ўша йили, эҳтимол, Килаб қабиласи етакчиси Солиҳ ибн Мирдосни қал’а зиндонидан озод этиш учун тил бириктирган бўлиши мумкин[2]. Солиҳ кўп ўтмай Мансурнинг йирик рақибига айланди. Солиҳ қамоқдан қочган йилнинг ўзида Мансурни қўлга олиб, Ҳалаб даромадларининг ярми эвазига уни озод қилди[4]. Мансур келишувдан воз кечгач, Солиҳ билан Мансур ўртасидаги можаро янада авж олиб, Килаб қабиласи Ҳалабни қамал қилган.

Қўзғолон

Ҳалаб қалъасининг 2010-йилги ҳолати. Фатҳ Мансур ибн Лулу даврида қал’а ҳокими бўлган ва айнан шу лавозимидан келиб чиқиб ал-Қал’ий (Қал’аники) нисбасини олган.

1016-йил 7-январда Фатҳ, эҳтимол, Солиҳ билан келишилган ҳолда Мансурга қарши қўзғолон кўтарди[3]. Қўзғолон Фатҳнинг Мансур ўзига қарши уюштираётган фитналаридан хабардор бўлиши билан боғлиқ эди. Мансур Фатҳни Солиҳ билан яширин тил бириктиришда айблаган[3]. Фатҳнинг ҳаракати Мансурни Ҳалабдан қочишга мажбур қилди[3]. Қўзғолон бошланган тонгда Фатҳ ва Солиҳ ўртасида Мансурнинг Солиҳ билан тузган келишувини, яъни Ҳалаб амирлиги даромадларини бўлишиш ҳақидаги битимни, бажариш бўйича келишувга эришилди[5]. Шу билан бирга, Фатҳ ўз мавқеини янада мустаҳкамлаш мақсадида Фотимийларнинг Афамиядаги ҳокими Али ад-Дайфга Ҳалабга қўшин юборишни сўраб мурожаат қилди. Ад-Дайф бу илтимосни бажарди[5]. Фатҳ, шунингдек, Фотимий халифаси ал-Ҳакимга хат ёзиб, унга садоқат билдирди[5]. Ал-Ҳаким Фатҳга миннатдорлик билдириб, унга Муборак уд-давла ва Саид-ҳа (Давлатнинг баракаси ва саодати) унвонини берди[5].

Солиҳ Фотимийлар ҳарбийларининг Ҳалабда бўлишига қарши эди, чунки Солиҳ шаҳарга даъвогарлик қилган ва Фатҳни Килаб қабиласига мансуб қабиладошлари ёрдамида Фотимийларни шаҳардан қувиб чиқаришга ундаган, шу бўйича маслаҳатлар берган эди[6]. Солиҳ Фатҳга Фатҳ Ҳалаб қал’асини ўз қўлида сақлаб қоладиган, Килаб қабиласи эса Ҳалаб атрофи ва ташқи ҳудудлар устидан назоратни қўлга оладиган келишувни таклиф қилди[6]. Айни шу вақтда ал-Ҳаким Фатҳга босим ўтказиб, Ҳалабни Фотимийлар маъмуриятига топшириши эвазига унга умрбод иқто, яъни Сайдо, Сур ва Байрутдан иборат мулк ҳамда Ҳалаб қал’асидаги барча хазиналарни беришни таклиф қилди[6]. Фатҳ бу маълумот билан Солиҳнинг ҳузурига боргач, Солиҳ ал-Ҳакимнинг таклифини рад этишни маслаҳат берди[7]. Ҳақиқатда, Фатҳ Солиҳнинг таклифини қабул қилишга мойил эди. Бироқ Ҳалаб аҳолиси бадавий Килаб қабиласи ҳукмронлигини рад этиб, бунга қарши чиқди[8]. Бу орада ад-Дайф ал-Ҳакимдан қўшимча куч сўрагач, ал-Ҳаким Триполи ҳамда Сидондан қўшин юборди. Шунингдек, Тайй ва Калб қабилаларига Ҳалаб томон йўл олишни буюриб, Фотимий қўшинларини қўллаб-қувватлашни таъминлади[8]. Фатҳ ва Солиҳ бу кучларга қарши туриш учун ҳарбий жиҳатдан тайёр эмасди. Шу сабабли Фатҳ ал-Ҳаким таклиф қилган Сурдаги мансабни қабул қилиб, Ҳалабни тарк этди[8].

Кейинги лавозимлари

Фатҳнинг ўрнини 1016-йил октябр ойида Ҳалабнинг Фотимийлар томонидан тайинланган илк ҳокими Азиз уд-Давла тайинланди. Шундан сўнг Фатҳ бир муддат Сур ҳокими лавозимида фаолият юритиб, камида 1020-йилларнинг ўрталарида халифа аз-Зоҳир ҳукмронлиги даврида Қуддус ҳокими этиб тайинланди[9]. 1024-йилда Тайй қабиласига мансуб Жарроҳийлар етакчиси Ҳассан ибн Муфарриж Фаластиндаги Фотимий ҳоким Ануштакин ад-Дизбарийга қарши қўзғолони чоғида Қуддусга ҳужум қилди[10]. Ҳассан Фатҳдан 30 минг олтин динор миқдорида жарима ундириб, шаҳар ичида ад-Дизбари сақлаб қўйган маблағларни талон-тарож қилди[10]. Фатҳ 1025-йил феврал ойида Рамла яқинида жойлашган Ҳассан қароргоҳига уюштирилган ҳужумда ад-Дизбари билан бирга жанг қилди[11].

Фатҳ, эҳтимол, 1029 ва 1030-йилларда ҳам Қуддус ҳокими бўлиб турган. Ҳар икки йилда Зайтун тоғида ўтказиладиган Ҳошана Раббаҳ байрамини назорат қилган. Бу тадбир ўша даврда йилнинг энг йирик яҳудий зиёрат йиғинларидан бири бўлган. 1024-йилдаги Жарраҳийлар қўзғолонидан кейин 1029-йилда илк бор қайта ўтказилган байрам чоғида раббиний диний муассасаси караим мазҳабига мансуб аъзоларни оммавий қирғин қилишга уринган[12]. Бироқ бу ташаббус яҳудийларнинг геоним етакчилари ҳамда маҳаллий Фотимий ҳокимларининг аралашуви билан бекор қилинган[12]. Етакчилар орасида Фатҳ ва ад-Дизбарий ҳам бор эди[13]. Кейинги йили ад-Дизбари раббиний доираларга караимларни тақиқламаслик ҳақида огоҳлантирувчи фармон чиқарди. Юқоридаги каби ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида байрамни Фатҳ ҳамда унинг қўшинлари қамчи ва занжирларни тайёр тутган ҳолатда назорат қиладиган бўлди[14].

Манбалар

  1. ↑ Заккар 1971, 55-б.
  2. ↑ 2,0 2,1 Заккар 1971, 52-б.
  3. ↑ 3,0 3,1 3,2 3,3 Заккар 1971, 55–56-б.
  4. ↑ Заккар 1971, 52–53-б.
  5. ↑ 5,0 5,1 5,2 5,3 Заккар 1971, 57-б.
  6. ↑ 6,0 6,1 6,2 Заккар 1971, п. 58.
  7. ↑ Заккар 1971, пп. 58–59.
  8. ↑ 8,0 8,1 8,2 Заккар 1971, п. 59.
  9. ↑ Бианқуис, Тҳиэррй. Дамас эт ла Сйриэ соус ла доминатион фатимиде (359-468/969-1076): эссаи д'интерпрéтатион де чрониқуэс арабес мéдиéвалес, Волуме 1 (Френч). Дамасcус: Институт франçаисе де Дамас, 1986 — 317-бет. 
  10. ↑ 10,0 10,1 Гил 1997, п. 389.
  11. ↑ Гил 1997, п. 391.
  12. ↑ 12,0 12,1 Рустоw, п. 200.
  13. ↑ Рустоw, п. 226.
  14. ↑ Рустоw, п. 228.

Адабиётлар

Олдингиси Ҳалаб амири
1016-йил январ — октябр
Кейингиси