Фация (лот. фаcиэс – кўриниш, қиёфа) (геологияда) – чўкинди тоғ жинслари мажмуаси, ҳосил бўлиш шароитларини тавсифловчи муайян литологик ва минерологик хусусиятларга эга. Пайдо бўлиш шароитларига кўра денгиз, қуруқдик ва оралиқ фацияларига бўлинади. Фациянинг йирик бир хил типли мажмуалари кесимда формацияларга бирлашади. „Фация“ терминини фанга ХИХ асрда швейсариялик геолог А. Гресли киритган. У фациал ўзгаришларнинг келиб чиқишини тоғ жинсларининг ҳосил бўлиш шароитларидаги фарқи билан боғлади ва уларни ҳозирги замон денгиз тубида кузатилиши мумкин бўлган ўзгаришлар билан таққослади, уларни гуруҳлаб, тўпланиш шароитига қараб литорал ва пелагиал фациялар деб атади. Фин геологи П. Эскола эса метаморфик жинсларга татбиқан „метаморфизм фацияси“ тушунчасини киритди. 1933-йил Л. В. Пустовалов жинслар ҳосил бўлиш жараёнида пайдо бўлган бир хил геокимёвий белгиларга эга қатлам ва қатлам свитасини ифодалайдиган „қазилма геокимёвий Фация“ тушунчасини татбиқ этди. „Геокимёвий Фация“ термини нефт ҳосил бўлишида асос бўлган органик модданинг тўпланишида муҳим аҳамиятга эга чўкинди ҳосил бўлиш ва диагенез муҳитининг геокимёвий хоссаларини кўрсатади. Шунинг учун бу термин нефтчи геологлар орасида кенг қўлланади. Америкалик геологлар (Ф.Петтижон, Л. Слоос, У. Крумбейн) „литологик фациялар“ (ёки литофациялар) тушунчасини киритдилар; бу тушунча муайян жойдаги стратиграфик горизонт жинсларининг литологик таркибини билдиради (масалан, қум фацияси, гил фацияси); жинсларнинг минералогик таркиби, структураси ёки текстурасига кўра ажратилиши ҳам шу тушунчага киради. „Биологик Фациялар“ (биофациялар) ҳам бўлиб, организмлар қолдиқларига асосланиб тикланган қазилма биоценозлардир (масалан, маржонполип фация, граптолит фация ва бошқалар). Фацияларни тарихий геологиянинг бўлими – фациялар ҳақидаги таълимотда ўрганилади. Ер тарихининг қадимги даврлари учун бу шароитларни реконструксия қилиш усуллари эса, фациал анализ дейилади.