Фахриддин Розий (арабча: فخر الدين الرازي‎‎; тўлиқ исми: Фахриддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Умар ибн Ҳусайн; 1149-йил, Рай — 1209-йил, Ҳирот) — муфассир, каломшунос, файласуф ва воиз.

Фахриддин Розий
Шахсий маълумотлар
Дини Ислом
Танилган соҳаси файласув, воиз

Ҳаёти

Фахриддин Розий Рай ва Мароғада таҳсил олган. Шофиий ва ашъарий олим сифатида фаолият кўрсатган. Хоразм, Бухоро ва Самарқанда яшаган. Ғазнада (1185-йилгача) ва Ҳиндистоннинг Панжоб вилоятларида фаолият олиб борган, кейинчалик Ҳиротда яшаган. Ҳиротда унинг учун махсус Мадраса таъсис этилган, шайхулислом лақаби билан машҳур бўлган, қизғин мударрислик фаолиятини олиб борган. Шу билан бирга унинг кўплаб мухолифлари ҳам бўлган. Улар Фахриддин Розийни диний фалсафа, эътиқод ва ақида борасидаги қарашлари учун ислом асосларига путур етказганлик, динни бузганликда айблаганлар. 1209-йилда карромийларнинг ташвиқи билан заҳарлаб ўлдирилган.

Фаолияти

Фахриддин Розий ижодини 2 босқичга бўлиш мумкин. Ибн Синонинг „Алишорат ва ттанбеҳот“ („Ишоралар ва танбеҳлар“) асарига шарҳ бўлган „Шарҳ илишорат“ асари ижодининг илк даврига оиддир. Унинг „Мунозарот улаллома Фахриддин“ („Аллома Фахриддин мунозаралари“) асаридан Мовароуннаҳр олимлари билан турли масалалар бўйича қилган мунозара ва мубоҳасалари ўрин олган. Метафизикага оид „Китоби Муҳассал афкор алмутақаддимин вал мутааххирин“ („Олдинги ва замондош олимлар фикрларидан намуналар“, Қоҳира, 1938) ва Қуръон тафсири бўлган „Мафотиҳ улғайб“ („Ғайб сирларини очувчи“, Қоҳира, 1932) ижодининг кейинги даврига оид асарларидир. Мазҳаб масалаларига бағишланган „Маноқиб алимом ашШофиий“ („Имом Шофиий маноқиби“), фиқҳ масалаларига бағишланган „Китоб алмаҳсул“ номли, адабиёцҳуносликка доир „Чаҳордаҳ рисола“ („Ўн тўрт рисола“, Теҳрон, 1340) ва нужум илмига доир қатор асарлари унинг қомусий олим бўлганлигидан далолат беради. Фахриддин Розийнинг машҳур энсиклопедик асарларидан бири „Жомеъ улулум“ („Илмлар тўплами“, Т., 1915; Теҳрон, 1331) бўлиб, хоразмшоҳ Алоуддин Такаш илтимосига биноан ёзилган. Ушбу асар ўша давр мусулмон шарқидаги 60 фан ҳақида дастлабки маълумотларни беради. Муаллиф фанларни нақлий (калом, фиқҳ, мазхаб, тафсир ва ҳоказо) ва аклий (тарих, грамматика, аруз, мантиқ, физика, алгебра, мусиқа, астрономия, сиёсат, давлат бошқаруви ва ҳоказо), фуруъий (бошқа фанлардан ҳосил бўлувчи) ва аслий (асосий) сингари қисмларга бўлади. Ҳар бир фан асослари 3 га бўлиниб оддийдан мураккабга тамойили асосида тушунтирилади: оддий асослар (алусул алзоҳирот), мураккаб асослар (алусул алмушкилот), такрорлаш учун саволлар (алимтиҳонот). Бундан мазкур асарнинг бўлажак подшохдар учун қўлланма сифатида ёзилганлиги кўриниб турибди. Асарларининг қўлёзмалари Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти, Қоҳира, Париж, Дрезден шаҳарларидаги кутубхоналар фондида сақланади. Фахриддин Розий ҳам ислом дунёсининг кўзга кўринган фавқулодда шахсларидан бири ва ўта мураккаб мутафаккир, Ўта қизғин баҳс-мужодалачи, айниқса мўтазила, шиа-исмоилийлар билан кескин мужодала қилган, қайтмаган, нотиқ, воиз, файласуф бўлган. Фалсафада Форобий, Ибн Мискавайҳ, Шайху-р-раис йўлини давом эттирган. Фахриддин Розий ислом, шариат, калом, фалсафа, б. мазҳаб таълимотларини келиштириш, муросайи-мадора (cонсенсус) йўли — „янги калом йўли“ (С. Ҳ. Наср) ишлаб чиққан ана шлдаги араб мусулмон жамияти давлати сиёсатини амалга оштиришга уринган; Хоразмда Фахриддин Розийнинг турба-мақбараси бизгача етиб келган[1].

Асарлари

  • Ма’алим Усул ад-Дийн

Адабиётлар

  • Наймов Н., Фахриддин Рази — Из философского наследия народов Ближнего и Среднего Востока, Т., 1972;
  • Кулматов Н., Фахриддин Рази, Душанбе, 1980.

Манбалар

  1. ↑ Ўрта аср шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий-фалсафий мероси энсиклопедияси. — Самарқанд. Имом Бухорий халқаро маркази, 2016. — Б. 507.

Ҳаволалар