Fayzi Hodi Zarif
Файзи Ҳоди Зариф (1895—1938) — Педагог. Босмачиликка қарши кураш бўйича Туркистон Марказий ижроия Комитети ва ҳарбий револуцион Советнинг фавқулодда вакили. 1938-йил 4-октябрда отиб ташланган[1].
| Файзи Ҳоди Зариф | |
|---|---|
| Таваллуди |
1895-йил |
| Вафоти |
1938-йил Тошкент |
| Фуқаролиги |
|
| Таълими | Свердлов номидаги Коммунистик университет |
| Касби | Педагог |
| Фаолият йиллари | 1915—1938 |
| Партияси | Коммунистик партия |
1895-йили Авлиёотада туғилган. Отаси вафотидан сўнг оила моддий қийинчиликка тушиб қолади. Файзи Ҳоди Зарифдан ташқари барча укалари қариндошларига бўлиб берилган. 1909—1910-йилларда тараққийпарвар муаллим Умаров тарғиботи билан Россиянинг Уфа шаҳрида жойлашган янги усул мактабида таҳсил олган. Мактабнинг тайёрлов курсини 1913-йилда тамомлайди. Шу йили мактабда иш ташлашларда қатнашган 80 киши ҳайдалади. Улар сафида Файзи Ҳоди Зариф ҳам бўлган.
1914—1915-йилларда Хўжанд уезди Қўшчи қишлоғида ўқитубчилик қилган. 1915—1916-йилларда Янги Марғилон шаҳрида ўқитувчи бўлиб ишлаган. Кейинчалик „Шўройи Ислом“ ташкилотига аъзо бўлган. Қўқон Мухторияти тузилгунга қадар Файзи Ҳоди Зариф ташкилот таркибидан чиқиб кетади. Қўқонга келиб педагог-ўқитувчилар семинарини ташкил этишда қатнашади. Биринчи Қўқон ишчи ва солдат депутатларига советига аъзо бўлган, кейинчалик совет ижроия комитетига ҳам аз’о бўлиб сайланган. 1918-йилда коммунистик партияга аъзо бўлади ва Қўқоннинг Эски шаҳрида партия ташкилотчиси қилиб сайланади. Шу билан бирга болшевиклар нашри „Халқ“ газетасига муҳаррир ва ижроия комитетида миллатлар иши бўйича бўлим мудири бўлиб хизмат қилган[2].
1919-йилнинг ёзида Фарғона вилоят партия комитети „Озод шарқ“ газетасига муҳаррир этиб тайинланади. 1920-йил Туркистон компартияси марказий комитети Тошкентга чақириб олиб партиявий тарғиботчи, ташвиқотчи қилиб тайинлайди.
Файзи Ҳоди Зариф фарғонанинг тоғли раёнлари Ўш, Андижон ва Наманган уездларида босмачиликка қарши кураш бўйича Туркистон Марказий ижроия Комитет ва ҳарбий револуцион Советнинг фавқулодда вакили қилиб тайинланади.
Файзи Ҳоди Зариф СССР Олий суди Ҳарбий коллегиясининг сайёр йиғилишида 1938-йил 4-октябрда отувга ҳукм этилади. Ҳукм ўша куни ижро этилган. Ҳоди Зариф кейинчалик оқланган.
Манбалар
- ↑ Наим Каримов. 1937—1938-йилларда "Катта қирғин"нинг фожиали оқибатлари. Тошкент 2015 — 156-бет.
- ↑ Рустамбек Шамсиддинов. Ўзбекистонда советларнинг қатағон сиёсати ва унинг оқибатлари. 1-китоб. Тошкент, „Шарқ“ 2012 — 68-бет. ИСБН 9789943004818.