Fazo va vaqt
Фазо ва вақт ёки Макон ва замон — борлиқнинг умумий яшаш шакллари; фазо дунёни ташкил этувчи объектлар ва улардаги таркибий нуқталарнинг ўзаро жойлашиш тартиби, кўлами ва миқёсини ифода эца, вақт дунёда содир бўлувчи ҳодиса ва жараёнларнинг кетма-кет рўй бериши ва давомийлигини ифодалайди. Фазо ва вақтнинг табиати ҳамда моҳияти ҳақида қадимдан файласуфлар хилма-хил нуқтаи назарни илгари сурган.
Уларни умумлаштириб 2 га: субстансиал ва реляцион консепсияга ажратиш мумкин. Субстансиал консепсияда фазо ва вақтнинг мутлақ жиҳатлари, реляцион консепсияда эса уларнинг нисбий жиҳатлари мутлақлаштирилади.
Субстансиал ёндашув тарафдорлари (Демокрит, Платон, Эроншахрий, Закариё ар-Розий, Беруний, Патриций, Кампанелла, Гассенди, Нютон, Эйлер ва бошқалар)нинг фикрича, фазо-материя ва моддий алоқадорликлардан ташқарида, уларга боғлиқ бўлмаган ҳолда мавжуд бўлган мустақил субстансиядир; у моддий объектларнинг жойлашиш макони, фазо мутлақдир. Вақт эса борлиққа, фазо ва ҳаракатга жиддий таъсир кўрсатади; вақт муносабатлари ҳамда ҳисоб системаларида бир хилда ўтади. Фазо ва вақтни мустақил субстансия деб ҳисоблаганликлари учун уларнинг ёндашуви фанга субстансиал консепсия номи билан кирган.
Реляцион ёндашув вакиллари (Аристотел, Августин, ал-Киндий, Ибн Сино, Носир Хисрав, Фахриддин Розий, Насриддин Тусий, Декарт, Лейбниц, Толанд, Юм, Фихте, Кант, Гегел)нинг фикрича, фазо — моддий дунёнинг таркибий тузилиши тартибининг намоён бўлиши, жисмларнинг ўзаро жойлашиш ўрни ва моддий нарсаларнинг мавжудлиги тартибини ифодалайди. Фазо жузъий ҳолда ҳам, умумий ҳолда ҳам моддий дунёнинг ҳолатига боғлиқ; материя фазонинг мавжудлиги учун асосий воситадир, вақт эса материянинг атрибути (ажралмас хусусияти), у материядан ташқарида мавжуд бўлиши мумкин эмас, у нисбийдир.
Фанда узоқ давр мобайнида фазони вақтдан ажратиб тушуниш ҳукмронлик қилиб келди. Шу жихатдан вақтга нисбатан динамик ва статистик қарашлар ҳам мавжуд. Динамик қараш бўйича, вақтнинг фақат ҳозирги замонигина реал мавжуд, ўтмиш ўтиб кетган, келажак эса ҳали йўқ. Статистик қараш вакилларининг фикрича, вақтнинг барча лаҳзалари бир йўла, яхлит ҳолда, бир вақтда мавжуддир, вақтнинг лаҳзаларини ҳар бир субъект ўз бошидан кечиради ва унга гўёки вақт оқиб ўтаётгандек туйилади.
ХХ аср бошларида А. Эйнштейн томонидан нисбийлик назариясининг яратилиши фазо ва вақтнинг ўзаро чамбарчас боғликлиги, фазо ва вақт системанинг ҳаракат тезлиги билан, вақт-фазо структурасининг модда зичлиги билан боғликлиги ҳақидаги фикрлар табиий-илмий ва назарий исботини топди.
Бундан илгарироқ яратилган ноевклид геометрияси тамойиллари билан дунё электродинамик манзарасининг боғланиши фазонинг структураси ҳақидаги табиий-илмий тасаввурларни янада кенгайтирди. Фан ютуқлари фазо ва вақтнинг хусусиятлари микро, макро ва мегадунёларда бир-биридан фарқ қилинишини исботлади. Ҳозирги замон фанлари аниқлаб берган фазо ва вақтнинг хусусиятларини 2 турга ажратиш мумкин. 1-турга тегишли ўлчов асбоблари (линейка, рулетка, соат кабилар) билан ўлчаш мумкин бўладиган, турли ҳисоб системаларида турлича намоён бўладиган нисбий хусусиятлари киради ва улар метрик хусусиятлар деб аталади. Бундай хусусиятларга фазонинг кўлами, бир жинслилиги, изотроплилиги, эгилганлиги, вақтнинг бир жинслилиги, бир хиллиги, давомийлиги, анизотроплиги ва бошқа киради. 2-турдаги хусусиятлари фазо ва вақтнинг туб моҳиятига алоқадор бўлган, барча ҳисоб системаларида бир хилда намоён бўладиган, ўзгармас, фундаментал хусусиятлардир. Улар топологик хусусиятлар деб аталиб, фазонинг узлуксизлиги (ёки дискретлиги), ўлчамлилиги, тартибланганлиги, компактлигида, вақтнинг эса узлуксизлиги, бир ўлчовлилиги, орқага қайтмаслиги, чизиқли боғланганлигида ва бошқада намоён бўлади.
Фазо ва вақтнинг метрик хусусиятлари борлиқнинг миқдорий муносабатларини ифода эца, топологик хусусиятлари эса туб сифат жиҳатларини акс эттиради. Шу сабабли фалсафада фазо ва вақтнинг метрик хусусиятлари — миқдорий хусусиятлар, топологик хусусиятлари эса сифатий хусусиятлар деб аталади. Фазо ва вақтнинг метрик хусусиятлари ўзгарганда воқелиқда жиддий структуравий ўзгаришлар рўй бермаслиги мумкин, топологик хусусиятларнинг ўзгариши эса воқеликни, албатта, тубдан структуравий ўзгартиради.
Фазо ва вақт турлари
Фазо ва вақтни англашда реал, персептуал ва консептуал фазо ва вақтларни бир-биридан ажрата олиш лозим. Обектив воқеликдаги реал, жисмоний, физик объектлар, нарса ва ҳодисаларнинг ўзига хос фазо ва вақт алоқадорликлари реал фазо ва вақт дейилади. Реал фазо ва вақтнинг инсон тасаввурида идрок этилиши — персептуал фазо ва вақт бошқа бўлса, реал фазо ва вақтнинг математик тенглама ва ҳисоб-китобларда моделлаштирилиши — консептуал фазо ва вақтдир. Персептуал ва консептуал фазо ва вақт реал фазо ва вақтнинг инъикоси эканлигини ҳисобга олиш лозим, уларни айнанлаштириш кишини чалғитиши мумкин.
Ҳозирги Даврда борлиқнинг турли ташкилий структура даражаларига алоқадор физик, кимёвий, геологик, биологик, физиологик, ижтимоий (социологик), психологик фазо ва вақт ҳақидаги консепсиялар ҳам яратилмоқда. Уларда оламнинг тузилиш жиҳатдан хилма-хиллиги ва бирлиги, кўп қирралилиги ва чексизлиги, мураккаблиги ва ниҳоясизлиги асосланмоқда. ХХ асрнинг охири — ХХИ асрнинг бошларида назарий физика, топология, чизиқли алгебра, квант физикаси, релятивистик космология каби фанларнинг ривожланиши фазо ва вақт ҳақидаги тасаввурларни жиддий ўзгартирди, фазо ва вақтнинг турли-туман моделларини тадқиқ қилишга кенг йўл очилди. Бу тадқиқотлар оламдаги ягона энг умумий, универсал ва фундаментал алоқадорлик — фазо ва вақт алоқадорлигидир, деб хулоса чиқаришга асос берган[1].
Адабиёт
- Современная наука о строении и эволюции материалного мира, в кн. Основи философии, Т., 2004;
- Тўраев Б. О., Вақт муаммолари, Т., 1986;
- Тўраев Б. О., Пространство. Время. Развитие, Т., 1992.
Манбалар
- ↑ ЎзМЕ, Бахтиёр Тўраев.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |