Feʼl
Феъл — ҳаракат билдирувчи сўзлар туркуми ва шу туркумга оид ҳар бир сўз. Грамматикада "ҳаракат" сўзи кенг тушунчали бўлиб, нафақат ҳаракатни, балки ҳолат ёки ҳодисани ҳам билдиради, мас: югурмоқ, сакрамоқ, йиғламоқ, ухламоқ, ўйламоқ, севмоқ, тинчимоқ, қуримоқ.
Феъллар луғавий маънога эга ёки эга эмаслигига кўра 2 турга бўлинади: 1. мустақил феъллар; 2.ёрдамчи феъллар.
Мустақил феъллар, худди бошқа мустақил сўз туркумларига оид сўзлар каби, луғавий маънога эга бўлади, гапнинг мустақил бўлаги вазифасида кела олади ва ҳоказо (қаранг Сўз туркумлари). Ёрдамчи Феъллар луғавий маънога эга бўлмайди. Улар турли ёрдамчи вазифаларда келиб, турли қўшимча маънолар ифодалаш учун хизмат қилади. Ёрдамчи Феъллар ўз вазифасига кўра 3 асосий турга бўлинади: 1) феъл ясаш учун хизмат қилувчи ёрдамчи феъллар: қил, эт, айла, бўл (қабул қилмоқ, таклиф этмоқ, тамом бўлмоқ каби); 2) феълнинг аналитик шаклини ясаш учун хизмат қилувчи ёрдамчи феъллар (булар, одатда, "кўмакчи феъллар" деб юритилади). Феълнинг бундай шакллари турли грамматик, модал ва бошқа маъноларни ифодалайди: ўқиб бўлди, кўриб қолди, қўрқиб кетди ва бошқа; 3) боғлама вазифасини бажарувчи ёрдамчи феъллар. Масалан, қил, бўл: спортчи бўлмоқ, ўқитувчи бўлмоқ.
Ҳозирги ўзбек тилида ёрдамчи феъллардан фаркланувчи "тўлиқсиз феъл" (луғавий маъносини тамомила йўқотган, ҳозирги ўзбек тилида маълум бир грамматик маъно ва вазифаларда қўлланувчи Феъл)нинг эди, экан, эмиш, эса шакллари ҳам қўлланади.
Феъл туркуми, бошқа сўз туркумлари каби, ўзига хос сўз ясалиши ва шакл ясалиши тизимига эга (қаранг Сўз ясалиши, Шакл ясалиши). Ясама Феъллар -ла, -лан, -лаш, -лантир, -лаштир аффикслари ҳамда қил, эт (айла) ёрдамчи Феъллари билан ҳосил қилинади: олқишламоқ, руҳланмоқ, бирлашмоқ, жабр қилмоқ, рухсат этмоқ.
Феъллар ўзига хос мураккаб грамматик категориялар тизимига эга. Хусусий маънолари билан ўзаро фарқланувчи, бир умумий маъносига кўра бирлашувчи шакллар тизими феълнинг грамматик категорияларини ҳосил қилади. Ўзбек тилида Феълнинг қуйидаги грамматик категориялари бор: нисбат категорияси, бўлишли-бўлишсизлик категорияси, майл категорияси, замон категорияси, шахс-сон категорияси.
Нисбат категорияси — ҳаракатнинг субект ва обектга муносабатини кўрсатувчи грамматик категория. Ҳаракатнинг субект ва обектга муносабатини кўрсатишига кўра нисбат категориясининг 5 тури фарқланади: бош нисбат; ўзлик нисбати; орттирма нисбат; мажҳул нисбат; биргалик нисбати. Ҳар бир нисбат шакли махсус қўшимча ердамида ясалади. Фақат бош нисбат махсус ясовчи кўрсаткичга эга эмас. Бош нисбат ҳаракатнинг эга билан ифодаланган шахс ёки предмет томонидан бажарилишини билдиради: олди, келди, сўраяпти ва бошқа. Ўзлик нисбати шакли (и)н, (и)л қўшимчалари ердамида ясалади ва ҳаракатнинг субектнинг ўзига обект сифатида каратилганлигини ёки субектнинг ўзи доирасида юзага келишини (бажарилишини) билдиради: мақтанмоқ, кўринмоқ, туғилмоқ ва бошқа Орттирма нисбат шакли -дир, -ир, -т аффикслари ёрдамида ясалади ва обекциз Феълни обектив Феълга айлантиради, обектли Феълдан ясалганда эса унга яна обект қўшилганини билдиради: келтир, кулдир, ичир, ўқит ва бошқалар. Мажҳул нисбат шакли (и)л, (и)н қўшимчалари билан ясалади ва асосий эътиборни ҳаракатнинг бажарувчисига эмас, балки обект билан ҳаракатнинг ўзига қаратилишини билдиради: келтирилди, тозаланди. Бу нисбат шакли обекциз (ўтимсиз) Феъллардан ясалганда, шахссизлик маъноси ифодаланади: (кўприкдан) ўтилди, (меҳмонга) борилди ва бошқа Биргалик нисбати -ш аффикси ёрдамида ясалади ва ҳаракатнинг бирдан ортиқ шахс томонидан, биргаликда бажарилишини билдиради: (ер) ҳайдашди, (мева) теришди ва бошқа Демак, нисбат шаклининг ўзгариши билан ҳаракатнинг субект ёки обектга муносабатида ўзгариш бўлади. Бўлишли- бўлишсизлик категорияси — ҳаракатнинг тасдиқ ёки инкори маъносини ифодаловчи шакллар тизими. Бу категориянинг ўзаро зидлик ҳосил қилувчи 2 жиҳати бор: бўлишлилик ва бўлишсизлик. Бўлишли феълнинг махсус кўрсаткичи йўқ (нол кўрсаткичли). Бўлишсиз феъл шакли эса -ма аффикси ёрдамида ясалади: келди (бўлишли шакл) — келмади (бўлишсиз шакл). Бўлишсизлик (инкор) маъноси "йўқ" сўзи ва "эмас" тўлиқсиз Феъли билан ҳам ифодаланади: боргани йўқ, борган эмас.
Майл категорияси — ҳаракатнинг воқеликка муносабатини сўзловчи нуқтаи назаридан белгиловчи грамматик категория. Ўзбек тилида майлнинг қуйидаги турлари бор: 1) буйруқ-истак майли: айт, айтгин, айтинг каби; 2) шарт майли. Бу майл шакли -са аффикси ёрдамида ясалади: борсам, борсанг, курса каби; 3) шартли майл — бажарилиши шарт эргаш гапдан англашилган ҳаракатнинг бажарилишига боғлиқ бўлган (шартланган) ҳаракатни билдирувчи майл. Бу майл шакли (а)р эди, мас эди ёрдамида ясалади ва бу шаклдаги Феъл бош гапнинг кесими бўлиб келади: Вақтинг бўлса, кинога борар эдик. Имконинг бўлса, бундай қийналиб юрмас эдинг; 4) мақсад майли. Бу майл шакли -моқчи аффикси ёрдамида ясалади ва ҳаракатни бажариш-бажармаслик мақсадини билдиради: сўрамоқчиман, ўқимоқчиман, айтмоқчи эмасман; 5) ижро майли — ҳаракат-ҳолатни унинг бажарилиши (ижроси) билан ҳар уч замондан бирида ифодалайдиган майл. Бу майл тури замон ва шахс-сон кўрсаткичлари орқали шаклланади: ўқидим, ўқияпман, ўқийман; кўрганман, кўргансан, кўрган.
Замон категорияси — ҳаракатнинг нутқ пайтига муносабатини билдирувчи грамматик категория. Ҳаракатнинг нутқ пайтига муносабатига кўра Феълнинг 3 замон тури фарқланади: ўтган замон — келди, олдим; ҳозирги замон • — келяпман, келяпти; келаси замон — келаман, оласан ва бошқа
Шахс-сон категорияси — ҳаракатнинг 3 шахс (сўзловчи, тингловчи, ўзга)дан бирига оидлиги маъносини билдирувчи грамматик туркум: келдим (биринчи шахс, бирлик), келдик (биринчи шахс, кўплик), келдинг (иккинчи шахс, бирлик), келдингиз (иккинчи шахс кўплик).
Ўзбек тилида Феълни маълум бир вазифага хословчи шакллар ҳам мавжуд. Булар: сифатдош (қаранг), равишдош (қаранг), ҳаракат номи (қ) шаклларидир.
Булардан ташқари Феълнинг турли модал маъно, такрор маъноси ва бошқа маъноларни билдирувчи шакллари ҳам бор. Улар махсус қўшимчалар, кўмакчи феъллар ёрдамида ҳосил қилинади: кета қол, кетиб қолди, кета кўрмоқ, турткиламоқ, қўрқинқирамоқ, кулимсирамоқ ва бошқалар.
Феъллар қандай грамматик шаклда қўлланилишига қараб гапнинг турли бўлаги вазифасида келади. Мас: майл, замон, шахс-сон парадигмасига мансуб шакллардан бирида қўлланганда — кесим вазифасида; сифатдош, равишдош шаклларида — аниқловчи, ҳол вазифасида; ҳаракат номи шаклида эса от туркумига оид сўзларга хос вазифаларда келади.
Азим Ҳожиев.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |