Федор Михайлович Мауер (1897-йил 25-сентябр, Қўқон — 1963-йил 23-июн, Тошкент) — олим, биология фанлари доктори (1955), профессор (1957)[1]. Ўрта толали АН-309, АН-304, АН-315, АН-318; ингичка толали Гиза-7, Си-Айленд— 1, Си-Айленд—2 ва бошқа ғўза навларини яратган. Ёввойи ва маданий ғўза турлари эволюсиясининг табиийтарихий омилларига асосланган, жаҳонда эътироф этилган ва мукаммал ҳисобланадиган ғўза систематикасини ишлаб чиққан[2].

Федор Михайлович Мауер
Таваллуди
Қўқон
Вафоти Тошкент СССР
Соҳаси биология фанлари доктори
Академик раҳбарлари Гавриил Зайсев
Машҳур шогирдлари Абдумавлон Абдуллаев

Таржимаи ҳоли

Федор Мауер Қўқонда туғилган. Архитектор Михаил Федорович Мауэрнинг ўғли. Қўқон тижорат билим юртини (1914), Харков Ново-Алексеэвский номидаги қишлоқ ва ўрмон хўжалиги институтининг 3-курсини тугатган. 1918—1921-йилларда Совет Армияси сафида хизмат қилган, сўнг Туркистон (1923-йилдан Ўрта Осиё) университети агрономия факултети 3-курсдан ўқишни давом эттирган. Федор Мауер 1922-йилдан ассистент, ўқитувчи, доцент бўлиб фаолият юритган ва бир вақтнинг ўзида 1923-йилдан Туркистон селексия стансиясида профессор Гавриил Семёнович Зайцев раҳбарлигида пахта бўйича илмий тадқиқот ишларини олиб борган. 1925-йилдан Назорат бўлими бошлиғи, 1928-йилдан фан бўйича директор ўринбосари, 1929-йилдан директор вазифасини бажара бошлаган[3].

Федор Мауер 1931-йил март ойида пахтачиликда қўпорувчилик содир этганликда айбланиб ҳибсга олинган ва 5 йилга Кавказортига ўз мутахассислиги бўйича ишлаш учун юборилган (1958-йил ноябрда реабилитация қилинган).

Федор Мауер 1931—1950-йилларда Кавказорти пахтачилик қўмитаси ходими, Кавказорти ва Озарбайжон пахтачилик илмий-тадқиқот институтлари Миср пахтачилик бўлими мудири ва Озарбайжон қишлоқ хўжалиги институтида ғўза селексияси ва генетикаси кафедраси доценти бўлган. Бу даврда ўрта толали ва ингичка толали ғўзани экиш ташаббускори бўлган ҳамда ғўзанинг бир қанча серҳосил навларини, жумладан, қуруқликка чидамли Ан-309, Ан-304, Ан-15, Ан-318 навларини яратган. Ўзбекистон пахтачилигида уруғчилик назорати иши ташкилотчиси бўлган. Федор Мауер 1950-йилдан бошлаб Ўзбекистон ССР Фанлар академияси Ўсимликлар генетикаси ва физиологияси институти қошидаги ғўза ва бошқа экинларнинг спецификацияси ва таксономияси лабораторияси ва САГУ биология ва тупроқ факултети доценти бўлган.

Федор Мауер 1951-йилда биология фанлари доктори номзоди, 1955-йилдан эса биология фанлари доктори, 1956-йилда профессор бўлган. Дала экинларининг селексияси ва уруғчилиги, генетикаси (умумий курс), ўсимликлар генетикаси (хусусий курс), ўсимликларнинг ривожланиш биологияси, биогенетика тарихи, ғўзанинг систематикаси ва келиб чиқиши, маданий ўсимликларнинг келиб чиқиши ва систематикаси каби фанлардан маърузалар ўқиган.

Федор Мауер 1954-йилда нашр этилган „Пахтанинг келиб чиқиши ва таксономияси“ монографиясининг муаллифи.

Федор Мауер 1963-йил 23-июнда Тошкентда вафот этган.

Манбалар

  1. ↑ Ўзбекистон Миллий Энсиклопедияси, Ташкент, 2000. 
  2. ↑ „Мауер Федор Михайлович“. 2023-йил 12-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 12-июн 2023-йил.
  3. ↑ „Мауэр Федор Михайлович - биолог“. Қаралди: 12-июн 2023-йил.

Адабиётлар

  • Происхождение и систематика хлопчатника, Т., 1954; Ғўза; т.1., Т., 1957.