Fikrat Kerimov
Фикрат Азизович Керимов (1955-йил 6-июл, Бухоро вилояти Олот тумани) – педагогика фанлари доктори[1], профессор, Россия Фанлар академияси академиги[2]. 1980-йилги Москва олимпиадаси қатнашчиси, эркин кураш бўйича спорт устаси, эркин ва юнон-рум кураши бўйича халқаро тоифадаги ҳакам. Бутунжаҳон Армрестлинг федерацияси (WАФ) аъзоси[3].
| Фикрат Азизович Керимов | |
|---|---|
| Таваллуди |
1955-йил 6-июл Олот тумани, Бухоро вилояти |
| Фуқаролиги |
Ўзбекистон ССР, Ўзбекистон Республикаси |
| Касби | олим, педагог, спортчи |
| Соҳаси | эркин ва юнон-рум кураши, армрестлинг |
| Иш жойлари | Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси ҳузуридаги илмий техника ахборот давлат унитар корхонаси |
| Таълими | Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти (1973—1977) |
| Илмий даражаси | педагогика фанлари доктори |
| Илмий унвони | профессор |
Таржимайи ҳоли
Фикрат Керимов Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти (ҳозирги Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети)ни тамомлаган (1973—1977). 1977—1980-йилларда Тошкент автомобил йўллар институти ўқитувчиси, 1980—1981-йилларда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти марказий илмий-методик лабораторияси катта лаборанти бўлган. 1981—1982-йилларда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти Спорт кураши кафедраси стажёр-ўқитувчиси, 1982—1984-йилларда Тошкент шаҳар Бутуниттифоқ илмий-тадқиқот жисмоний тарбия институти аспиранти сифатида фаолият юритган.
Аспирантурани якунлагач, 1984—1989-йилларда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти Спорт кураши кафедраси катта ўқитувчиси вазифасини бажарувчи, кафедра катта ўқитувчиси, доцент лавозимларида ишлаган. 1989—2001-йилларда эса Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти Миллий ва халқаро кураш кафедраси мудири сифатида фаолият олиб борган. Фикрат Керимов 2001—2004-йилларда институтининг илмий ишлар бўйича проректори лавозимида фаолият юритди.
У кейинг фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги (ҳозирги Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги)да олиб бориб, 2004—2006-йилларда мазкур вазирликнинг спорт таълим муассасалари ва фан бошқармаси бошлиғи бўлди. 2006—2007-йиларда яна фаолиятини Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтида давом эттириб, Миллий ва халқаро кураш турлари кафедраси профессори лавозимида ишлади. 2007—2010-йилларда институтнинг Жисмоний тарбия назарияси ва услубияти кафедрасига мудирлик қилди. 2010-йилда Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси ҳузуридаги илмий техника ахборот давлат унитар корхонаси директори лавозимига тайинланди.
Илмий-услубий ишлари
Фикрат Керимов томонидан 250 дан ортиқ илмий ишлар эълон қилинган. Жумладан, „Спорт кураши назарияси ва услубиёти“ (дарслик, 2005), „Спортда прогнозлаштириш ва моделлаштириш“ (дарслик, 2005), „Валеология асослари“ (дарслик, 2005), „Волная борба“ (болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар олимпия захиралари мактаблари учун дастур ва қўлланма, 2007) ва бошқалар.
Манбалар
- ↑ Керимов Ф.А. „Теоретико-методические направления совершенствования содержания и структуры дисциплины спортивная борьба. Автореферат дис. ... доктора педагогических наук“. Қаралди: 2023-йил 26-июл.
- ↑ Жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари назарияси ва услубиятининг замонавий муаммолари // Ҳалқаро илмий-амалий анжуман материаллри. 2-қисм. Тошкент: ИТА-ПРЕСС, 2015 — 387-бет.
- ↑ „Спорт фидойиси Фикрат Керимов 65 ёшга тўлди“. Қаралди: 2023-йил 25-июл.