Филдинг, Филдинг (Фиэлдинг) Генри (1707.22.4, ШарпемПарк, Гластонбери яқинида — 1754.8.10, Лиссабон) — инглиз ёзувчиси. Инглиз маърифатпарварлик адабиётининг йирик вакили. Итон коллежида (1719— 27), Лейден университети (Голландия, 1728— 30) ва Темпл (Лондон)даги юридик мактабда (1737—40) ўқиган. 1730-йилдан драматург сифатида танилган. 25 та комедия ва фарслар яратган. Сатирик "Фожиалар фожиаси" песаси (1730) Ф.га шуҳрат келтирган. "Темпллик олифта", (1730), "Дон Кихот Англияда" (1734), "Пасквин" (1736), "1736-йилнинг тарихий тақвими" (1937) каби комедияларида порахўр судялар, сотқин саёҳатчилар, фирибгар савдогарлар фош этилган. Кейинчалик Ф. бу комедиялардаги сатирик танқидий йўналишни ўзининг романларига ҳам кўчирган. "Марҳум Букж Жонатан Уайлд тарихи" (1743), "Топиб олинган Том Жонс тарихи" (1749), "Амелия" (1752) ва бошқа романларида маърифатпарварлик гуманизмидаги инқирознинг айрим кўринишлари ўз аксини топган, сентименталдидактик оҳанглар кучайган, шунингдек, ўша давр Англияси учун долзарб бўлган бир қанча ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва ахлоқий муаммолар кўтарилган. Ф. ўз романларини "комик эпопеялар" деб таърифлаган. Ёзувчи ижодига хос бўлган демократик кайфиятлар унинг памфлетларида ҳам яққол сезилади. Ф. ижоди кейинги даврлар Англия ва Европа адабиётига катта таъсир кўрсатган. Ад.: Роджерс П., Генри Филдинг, М., 1984; Елистратова А. А., Английский роман эпохи Просвешения, М., 1966.