Фимоз (юн. пҳимосис — тортишиш, торайиш) — эрлик олати (закар) чекка кертмак қисмининг торайиши. Бунда олат бошчаси етарли очилмайди. Тугма (баъзи болаларда 2—3 ёшгача кузатиладиган физиологик Ф.) ва орттирилган Ф. фарқ қилинади. Орттирилган Ф. сурункали баланопостит касаллиги оқибатида пайдо бўлади (қаранг Баланит). Ф. захм ва сўзак туфайли ҳам юзага келиши мумкин. Асосий белгиси: сийганда сийдик яхши чиқиб кетолмай, чекка кертмак қопчасига тўпланиб, у шишади, лимфа томирлари йўғонлашади, баъзан човга оғриқли без келади; беморнинг температураси кўтарилади, лоҳас бўлади. Оғирроқ ҳолларда сийдик чиқариш канали кенгайиб, яллиғланади. Ф. билан оғриган болаларда кўпинча кечаси сийиб қўйиш, катталарда эса жинсий ҳаётнинг қийинлашиш ҳоллари кузатилади. Ф. рўй берганда дарҳол врачга мурожаат этиш лозим. Врачга кўрингунга қадар олатни калий перманганат (маргансовка)нинг кучсиз эритмаси билан чайиш ва ванна қилиш мумкин.