Фолклоризм — ёзма адабиётда қўлланган оғзаки поэтик ижод материали. Илмий адабиётларда Фолклоризм "иккинчи шакл" (К.Чистов) атамаси билан ҳам юритилади. Ёзма адабиётда муаллиф ёки персонаж нутқида қўлланган халқ мақоллари, матал ҳамда иборалар оддий Фолклоризм саналади. Ижодкорнинг фолклорга хос тасвир услубига эргашиши, фолклор материалидан ўз асарида фойдаланиши, фолклорга мансуб сюжет ёки мотивни асарига олиб кириши ва бошқа мураккаб Фолклоризм ҳисобланади. Асқад Мухторнинг "Чинор", Туроб Тўланинг "Суюк момо", Эркин Воҳидовнинг "Рухлар исёни", Абдулла Ориповнинг "Қасам дара", Ўткир Ҳошимовнинг "Парвона куни" каби асарларида Фолклоризмнинг ёрқин намуналари бор. Фолклоризмлар маданий ҳаёт ривожининг ҳозирги босқичида адабиёт ва санъатнинг ғоявий бадиий жиҳатдан узлуксиз тараққиётини таъминловчи бош омилга айланди.