Фонус, фонар — 1) қўлда кўтариб юриладиган (ичига чироқ ёки шам қўйиладиган), шамол ва ёгинсочиндан муҳофаза қилинган, бирор жой (кўча, майдон)га ўрнатиладиган чироқ, қандил; 2) меъморликда бино томи қуббасидаги думалоқ ёки кўпқиррали ичкарини табиий ёритиш ва шамоллатиш учун хизмат қиладиган меъморий шакл. Дарбозий услуби фонусларнинг дастлабки кўринишидир (Нисо, Панжакенцат турар жой ва меҳмонхоналар реконструксиялари). Фонуслар, асосан, зал, гумбаз, минора чўққисига ишланади. Унинг содда кўринишлари Парфенон, Қад. Мисрнинг гипостил заллари, Қад. Рим базиликалариаа, Пантеон, Жума масжид, Абулфазл мақбараси, София ибодатхонаси, Тўрабекхоним мақбараси гумбаз гардишидаги дарчалар қаторида учрайди. Бухородаги Абдуллахон мадрасаси фонуснинг 8 туйнугидан тушаётган ёруғлик икки қаватли ҳужраларни ёритиб туради. Замонавий меъморликда хона (зал)ларни тепадан ойнавандли фонуслар орқали ёритиш кенг тарқалган (Тошкентдаги Ўзбек миллий академик драма театри, банк бинолари ва бошқалар).[1][2]


Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
  2. ↑ Файл:Натионал Энcйcлопедиа оф Узбекистан лого.пнг „Фонус“ Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (Ф-ҳарфи). Тошкент: „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси“ Давлат илмий нашриёти, 2000–2006-йиллар.