Fors gilami





Форс гилами (форсча: فرش ایرانی, фарš-э ирâни), форс гиламчаси (форсча: قالی ایرانی, қâли-е ирâни) ёки Эрон гилами — турли хил амалий ва рамзий мақсадларда фойдаланиш, маҳаллий савдо ҳамда экспорт учун Эронда (тарихан Форс давлати деб аталган) ишлаб чиқариладиган оғир тўқимачилик маҳсулоти. Гиламдўзлик форс маданияти ва Эрон санъатининг ажралмас қисмидир. У „гиламлар минтақаси“ мамлакатлари томонидан ишлаб чиқариладиган Шарқ гиламлари гуруҳига киради.
Форс гиламлари ва шолчалари бир вақтнинг ўзида ҳам кўчманчи қабилалар, ҳам қишлоқ ва шаҳар ҳунармандлари, ҳамда подшоҳ саройи мануфактуралари томонидан тўқилган. Бинобарин, улар бир-биридан фарқли, аммо параллел анъаналар силсиласини намоён этади ҳамда Эрон, қисман Усмонли империяси ва бу ўлкалардаги турли халқларнинг тарихини акс эттиради. 16-асрда Исфаҳондаги Сафавийлар саройи мануфактураларида тўқилган гиламлар ўзининг нафис ранглари ва юксак бадиий безаклари билан донг таратган бўлиб, бугунги кунда бутун дунё музейлари ва шахсий тўпламларнинг кўркига кўрк қўшиб турибди. Уларнинг нақш ва безаклари сарой мануфактуралари учун шундай бир бадиий анъанага асос солдики, бу анъана Форс салтанати давомида, ҳатто Эроннинг сўнгги подшолик сулоласигача сақланиб қолди.
Табриз, Кирмон, Равар, Нишопур, Машҳад, Кошон, Исфаҳон, Наин ва Қум каби шаҳар ва вилоят марказларида тўқилган гиламлар ўзига хос тўқиш услублари, юксак сифатли хомашё, ранглар ва нақшлари билан ажралиб туради. Табриз сингари шаҳар мануфактуралари таназзул даврларидан сўнг гиламдўзлик анъаналарини тиклашда муҳим тарихий ўрин тутган. Эрон қишлоқлари ва турли қабилалари томонидан тўқилган гиламлар эса нафис жуни, ёрқин ва жозибали ранглари ҳамда ўзига хос анъанавий нақшлари билан фарқланади. Кўчманчи ва кичик қишлоқ тўқувчилари кўпинча йирик устахоналарнинг бадиий, олдиндан пухта режалаштирилган нақшларидан фарқли ўлароқ, дадилроқ ва баъзан дағалроқ безакли гиламлар тайёрлайди. Бундай гиламлар Форснинг энг асл ва анъанавий гиламлари саналади. Габбеҳ гиламлари айнан шу анъаналар силсиласидаги энг машҳур гилам туридир.
Сиёсий беқарорликлар ёки тижорий босимлар натижасида гиламдўзлик ўн йиллар давомида бир неча бор таназзулга юз тутди. Айниқса, 19-асрнинг иккинчи ярмида сунъий бўёқларнинг пайдо бўлиши бу соҳага катта зарар етказди. Гиламдўзлик замонавий Эрон иқтисодиётида ҳамон муҳим ўрин тутади. Бугунги ишлаб чиқариш табиий бўёқлар билан бўяш анъанасининг қайта тикланиши, анъанавий қабилавий нақшларнинг қайта жорий этилиши ҳамда асрлар синовидан ўтган техника асосида тўқилаётган замонавий ва инновацион дизайнларнинг яратилиши билан ажралиб туради. Гарчи „форс гилами“ атамаси кўпинча патли тўқилган матоларга нисбатан қўлланилса-да, килим, сумах каби текис тўқилган гиламлар ва сўзана каби кашта тикилган буюмлар ҳам форс гиламдўзлигининг бой ва серқирра анъаналарининг бир қисмидир.
2010-йилда Форс вилояти ва Кошон шаҳридаги „анъанавий гиламдўзлик маҳорати“ ЙУНЕСКОнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилди.
Тарихи
Гилам тўқиш санъатининг қачон бошлангани номаълум, чунки гиламлар доимий ишлатилиши, эскириши ҳамда ҳашаротлар ва кемирувчилар томонидан емирилиб, йўқ бўлиб кетиши мумкин. Тўқима гиламлар, эҳтимол, дастлабки пол қопламалари бўлган кигиздан ёки „ясси тўқиш“ деб номланувчи усулдан келиб чиққан. Ясси тўқилган гиламлар пациз силлиқ сирт ҳосил қилиш учун танда ва арқоқ ипларини маҳкам ўзаро ўтказиш орқали тайёрланади. Гилам тўқиш усули кейинчалик ривожланиб, „ҳалқали тўқиш“ деб аталадиган техникага айланган. Ҳалқали тўқишда арқоқ иплари махсус мослама (рейка) устидан тортилиб, тўқувчига қараган ип ҳалқалари ҳосил қилинади. Шундан сўнг мослама олиб ташланиб, ҳалқалар ёпиқ ҳолда қолдирилади ёки ҳимоя вазифасини ўтаётган ўша мослама устида кесилади. Натижада асл патли гиламга жуда ўхшаш гилам пайдо бўлади. Қўлда тўқиладиган патли гиламлар эса ипларни танда ипларига бирма-бир тугиб, ҳар бир тугундан сўнг ипни кесиб ташлаш орқали яратилади.