Фойда – товарлар ва хизматларни сотишдан олинган даромаднинг бу товарларни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларидан ортиқ қисми. Корхоналар ва тадбиркорлар хўжалик фаолияти молиявий натижаларининг асосий кўрсаткичларидан бири. Фойда пулда ифодаланади. Фойда бозор даромади бўлиб, унинг қонун-қоидаларига биноан вужудга келади, тақсимланади ва ишлатилади. Фойда капитал, ишлаб чиқариш омили сифатида товар ва хизматлар нархи таркибига киради, улар сотилгач, пул шаклида капитал соҳиби ихтиёрига келади. Фойда топиш тадбиркорликнинг асл мақсади ҳисобланади, унга интилиш бозор иқтисодиётининг ривожланишини таъминлайди. Амалиётда фойда (Ф) даромад (Д) билан харажатларнинг (W) айирмаси сифатида қаралади (Ф=Д—W). Фойда 3 омилга боғлиқ: а) бозорбоп товар ва хизматларини яратиш, натижада уларни сотишдан келган пул тушуми кўпаяди, бунинг таркибидаги фойда ҳам ортади; б) даромадлар – тушумлар миқдори (Д). Тушумлар сотилган товарлар ва хизматлар миқдорига (Қ) ва улардан ҳар бирининг нархи ®га боғлиқ (Д=ҚП); в)харажатлар миқдори. Бозорда нархлар ўзгармай кирилган тақдирда харажатларнинг пасайиши фойдани кўпайтиради, уларнинг ортиши эса уни қисқартиради. Харажатлар динамикаси меҳнат унумдорлигига боғлиқ. Меҳнат унумдорлигининг ортиши харажатларни камайтириш орқали фойдани кўпайтиради. Шу сабабли фойдани кўп олиш шарти – меҳнат унумдорлигини муттасил ошириб бориш ҳисобланади. Харажатлар пасайган шароитда фойданинг даромаддаги ҳиссаси ортади, акси юз берганда бу ҳисса қисқаради. Бордию, товарларга талаб ҳозир бўлиб, уларнинг бозор нархи ошса, ўз-ўзидан ва харажатлардан қат‘ий назар, фойда ортади. Нархнинг фойдага таъсири шундан гувоҳлик берадики, бозоргир товарларни чиқармай туриб яхши фойда кўриш мумкин эмас. Ҳар қандай фирма фойдани энг кўп олишга, яъни уни максимумлаштиришга интилади, фойда миқдорига таъсир этувчи омилларни ишга солади.

Фойданинг ўз ўлчами бор. Бу унинг нормаси ва массасидир. Фойда нормаси (Ғ") нисбий кўрсаткич бўлиб, капитал қандай ишлатилиб, қандай фойда кўрилганини билдиради ва у орқали фойда (Ф) капиталнинг (К) нинг қандай қисмига тенглиги аниқланади.

Фойда кўрилган. Фойда нормаси капиталининг нақадар самарали ишлатилишини билдиради. Фойда кўриш тадбиркорликнинг мақсади бўлганидан ҳар доим фойда нормасини оширишга интилиш сақланиб қолади.

Фойда массаси – бу фойданинг мутлақ миқдоридир. Фойда массаси қанчалик кўп бўлса, фойда шунчалик максимумлашган ҳисобланади. Агар фойда нормаси юқори бўлса, оз капитал билан ҳам кўп фойда олиш мумкин, бордию фойда нормаси паст бўлса, капитални кўпайтириб фойдани кўпайтириш мумкин. Фойда максимумлаштириш учун ҳам фойда нормаси, ҳам капитал суммаси катта бўлиши зарур. Фойда нормасини пасайиши ҳисобидан фойда массаси қисқарган чоғда, бу йўқотишни бартараф этиш учун инвестицияпар ҳисобидан капитал кўпайтирилади. Олинган фойданинг бир қисми инвестицияга айланади, бу билан у капиталлашади. Амортизация ва кредит ҳисобидан ҳам пул инвестицияланганда капитал кўпаяди. Натижада фойда нормаси пасайган чоғда ҳам олинадиган фойда миқдори қисқармайди. Агар фойда нормаси пасайишига нисбатан капитал тезроқ кўпайса, фойда массасининг ортиши юз беради.

Қаерда ҳосил бўлишига қараб саноат, тижорат, банк, сервис, агробизнес ва бошқа фойда турлари мавжуд. Қандай усул билан ҳосил бўлишига қараб оддий ва устама фойдага бўлинади. Оддий фойда эркин – мукаммал рақобат шароитида кўпчилик тадбиркорлар оладиган фойдадир. Устама фойдани фирманинг монопол мавқеи, яъни товарлар таклифининг танҳо ёки озчилик фирмалар қўлида тўпланиши юзага келтиради. Монопол мавқе бозордаги ҳукмронликни, яъни нархларга таъсир этиш имкониятини беради. Монопол фирма нархларни ошириш ҳисобидан устама фойда олади. Фойда нима ҳисобидан яратилишига қараб нормал, иқтисодий ва омад фойдадан иборат бўлади. Нормал фойдани тадбиркорлик қобилияти яратади. Бу ишбилармонлик учун мукофот тарзида энг кам деганда малакали ишчи ёки мутахассиснинг иш ҳақига тенг бўлиши керак, акс ҳолда тадбиркорлик билан машғул бўлиш ўрнига ёлланиб ишлаш маъқул бўлади. Бундам фойда харажатлар таркибига киради, чунки товарлар харажатларга тенг нарх билан сотилганда ҳам тадбиркор даромад топади ва бизнесни ташлаб кетмайди. Бизнесни бошқариш капитал соҳибидан менежерларга ўтган тақдирда нормал фойда уларга мукофот шаклида тегади. Иқтисодий фойда харажатлар билан даромад ўртасидаги фарқдан иборат, уни капитал яратгани сабабли бу фойда капитал эгасига тегади. Омад фойдаси – бу фойдани бозор конюъюнктурасидаги жузъий ўзгаришлар юзага келтиради. Бозорда талаб вақтинчалик ошиб, нархлар кўтарилганда омад фойдаси ҳосил бўлади. Иқтисодиётда таваккалчилик фойдаси ҳам бор. Бу таваккалига иш қилгани учун бизнес эгаларига тегадиган мукофот ҳисобланади.

Фойда ишлатилишидан олдин тақсимланади, ундан солиқлар тўланади. Капитал қарзга олинганда фойданинг бир қисми фоиз қарзларини тўлашга ажратилади. Фойданинг фирмада қолган қисмидан ишчи ва хизматчиларга мукофот берилади, агар фирма аксиядорлик жамияти бўлса, фойдадан дивиденд тўланади, хайреҳсон ишларига пул ажратилади. Барча чегирилишдан сўнг қолган фойда тақсимланмаган ёки тутиб қолинган фойда ҳисобланади. Тақсимланмаган фойда қанчалик кўп бўлса, фирманинг ўз маблағи ҳисобидан инвестициялаш имкони шунчалик катта бўлади. Фирманинг ўзида қолган фойда инвестиция орқали капиталлашади, яъни асосий ва айланма капиталга келиб қўшилади. Бу фирмаларнинг иқтисодий салоҳиятини оширади.

Фойда бозор механизмидаги муҳим иқтисодий восита ҳисобланади. Фойдага интилиш ресурсларни керакли соҳалар ўртасида тақсимланишига олиб келади. Капитал талаб қисқаргани учун нарх пасайиб фойда кам олинадиган соҳалардан чиқиб талаб ошган серфойда соҳаларга доимо кўчиб туради. Бу билан керакли товарлар ва хизматлар яратилади, иқтисодиёт ўсади. Фойданинг кўп бўлиши мамлакат иқтисодий салоҳиятини ва фаровонгини оширишга хизмат қилади.

Аҳмаджон Ўлмасов.

Манбалар



Ҳаволалар