Фригия – Кичик Осиёнинг шимолий-ғарбида жойлашган тарихий вилоят. Фригия аҳолиси - фригияликлар (Европадан кўчиб келганлар). Милоддан аввалги 2 минг йилликда Фригия гуллаб-яшнади ва ўз ҳудудини кенгайтиришга эришди. Гомер “Илиада” сида Фригия Трояга юнонларга қарши курашишда ёрдам берган, сўнг Троя устидан ўз “ҳукмронлигини ўрнатди” деб ёзилган[1].

Лидия. Фригиянинг бой маданияти Кичик Осиёнинг ғарбидаги Герма дарёси воҳасида истиқомат қилган қабилаларга жиддий таъсир ўтказган. Ушбу воҳа Фригия давлати ҳудудида жойлашган бўлиши ҳам мумкин. Унинг марказий қисми Мидия тилида Сфарт, юнонча - Сару деб номланган. Милоддан аввалги ВИИ асрда Герма водийси аҳолисини оссурияликлар ва юнонлар аввал меонлар, сўнг лидияликлар деб атаганлар. Лидияликлар тили хеттлар тилига ўхшаган бўлиши мумкин[1].

Фригия тарихи

Милоддан аввалги ХИИ асрда Фригия Хетт давлати қулашида катта рол ўйнади ва унинг катта қисмини ўзига қўшиб олди. Шу аср охирида эса Фригия Оссурия билан тўқнаш келди. Тиглатпаласар И ёзувларида Фригия “мушклар давлати” деб тилга олинади (юнонча “мосхлар”). Милоддан аввалги Х - ВИИИ асрда Фригия пойтахти Гордион шаҳри бўлган. Милоддан аввалги ИХ асрда Фригия Эгей денгизида ўз ҳукмронлигини ўрнатди. Милоддан аввалги ВИИИ асрда эса Фригиянинг халқаро мавқеи бироз ёмонлашди. Унинг шимолий ва шимолий-ғарбий ҳудудларини Европадан кўчиб келаётган янги халқлар эгаллай бошлашди, Шарқда эса Оссурия билан тўқнашувлар кўпайди[1]

Фригия шоҳи Мидас (оссурияча - Мита) милоддан аввалги 717 йилда Урарту билан иттифоқ тузади, лекин 713 йили Оссуриядан бир неча марта мағлубиятга учрагандан кейин Саргон ИИ билан шартнома тузади ва ғолибга бож тўлашга мажбур бўлади. Фригияга киммер қабилалари ҳам хавф солар, милоддан аввалги ВИИ асрнинг 70 - йилларида улар Фригиянинг анча қисмини босиб олган эдилар. Геродот сўзига кўра фригияликлар Европада яшаган пайтларида ўзларини бриглар деб аташган. Осиёга кўчиб келганларидан кейин эса ўз номларини фригияликларга ўзгартирганлар. Ёзув ва исмларга асосланган ҳолда айтиш мумкинки, фригияликлар тили ҳинд-эвропа тиллари туркумига кирган ва юнон тили билан боғлиқ.

Хетт давлати билан бевосита алоқадаги маҳаллий аҳоли билан яқин фригияликлар тез орада Олд Осиёнинг қадимги жамоаларига хос бўлган сивилизация даражасига етиб олдилар. Археологик манбаларга асосланган ҳолда айтиш мумкинки, деҳқончилик Фригия жамоасининг иқтисодий асоси бўлган. Фригиянинг ҳудуди бўйлаб кўплаб истеҳкомлар қурилган эди. Фригияда қазишлар пайтида топилган сопол идишлар ўтган даврдаги ҳунармандчилик анъаналарининг тараққиёт даражасини кўрсатади. Унда Хетт давлати, Кичик Осиё ва ҳатто Кипр кулолчилигининг намуналарини кўриш мумкин.

Шоҳ ва амалдорлар қўрғонларда дафн қилиниб, ҳунармандчилик тараққий этиши туфайли тош мақбаралар қурила бошланди. Ғарбий соҳилдаги юнон шаҳар-давлатлари билан Фригия савдо алоқаларини ўрнатган бўлиб, бу юнон ва фригия жамиятлари маданияти яқинлашувига олиб келган. Оссурия ва юнон манбаларида фақат икки Фригия подшоси – Гордия ва Мидас исми келтирилади. Айрим мутахассислар бу исмлар эмас, балки шоҳлик амаллари номи деб хисоблашади.

Фригияликлар деҳқончилик, чорвачилик билан, шунингдек мармар қазиб олиш, олтин конларини ўзлаштириш, жунни қайта ишлаш билан шуғулланишган. Савдо-сотиқ ишлари кўпроқ юнонлар ва римликлар билан олиб борилган. Фригияликлар асосан қишлоқ жойларда яшашган, лекин бир неча Гордион, Келена, Котий каби катта шаҳарлар ҳам бўлган.

Фригия маданиятининг Эгей денгизи атрофида яшайдиган халқлар маданияти ва сивилизацияси билан ўхшаш томонларини кўриш мумкин. Қадимги Фригия алифбоси юнон алифбосининг бир варианти бўлиб, Фригия ва Юнонистон маданиятининг яқин алоқаларини кўрсатади. Кадимги Юнон афсоналарида Фригия шоҳи Мидасга катта ўрин берилган. Уларга кўра шоҳ қўли теккан нарса олтинга айланган. Сакаря (Сангарий) дарёси воҳасида топилган қадимги Фригия ёзувлари, шунингдек Ғарбий Кичик Осиё ва Каппадокия шаҳарларидан ҳам топилган. Буларнинг бари, Фригия давлати гуллаган даврида унинг чегаралари ғарб ва шарққа томон кенг ҳудудларни эгаллаганлигини кўрсатади. Юнон маданияти Фригияга Герма воҳаси орқали кириб келган. Шу йўл билан Фригия маданияти ўз таъсирини Кичик Осиёнинг ғарбий соҳилидаги юнон аҳолисига ўтказган. Фригия мусиқаси юнонлар томонидан қабул қилиниб, қадимги юнон маданиятининг ривожланишида катта аҳамиятга эга бўлган.

Милоддан аввалги ВИИИ асрда пайдо бўлган фригия ёзуви алифболи бўлиб, юнон алифбоси билан ўхшаш жойлари бор эди. Айрим ҳарфларнинг маъноси ҳали тўлиқ ўрганилмаган.

Шунингдек милоддан аввалги ВИИИ-ВИИ асрлардаги қадимги Фригия ёзуви Тиана, Ликаония ва Кичик Осиёнинг бошқа ўлкаларидан топилган. Бу эса Фригия киммерийлар босқинига қадар эгаллаган ҳудудни аниқлашга ёрдам беради. Милодий И асрларга оид янги Фригия ёзуви асосан юнон ҳарфларидан таркиб топган.

Фригияликларнинг дини Кибела худоси, унинг ёри, ўлиб, қайта тириладиган худо Аттисага эътиқод қилиш кенг тарқалиши билан ажралиб туради. Кейинчалик бу эътиқод Юнонистон ва Римда ҳам кенг тарқалиб кетди. Фригия адабиёти мавжуд бўлганлигини фақат антик муаллифларнинг қисқа маълумотлари орқали билиб олиш мумкин. Юнон анъаналари Гомергача яшаган ва фригиялик ёки троялик “Илиада”ни ёзган фригиялик Дарес, маталчи Эзоп, файласуф – атеист Диоген ҳақида ма’лумотларни сақлаб қолган. Бир қатор юнон ривоятлари ва афсоналарининг қаҳрамонлари (Тантал, Пелопс, Ниобсе, Марсий) фригиялик бўлганлар. Шоҳлар Гордия ва Мидас ҳақидаги афсоналар ҳам кенг тарқалган. Буларнинг барчаси фригияликлар ва юнонлар маданияти ва ма’навияти ўзаро яқинлигини кўрсатади.

Фригия мусиқаси ва чолғу асбоблари Шарқ ва Ғарбда ҳам машҳур бўлиб, юнон мусиқа шаклларининг пайдо бўлиши ва ривожланишида катта ўрин тутган.

Уйлар, мақбаралар, ибодатхоналарнинг қояларда қурилганлиги Фригия ме’морчилигининг ўзига хос хусусияти эди. Бунга мисол қилиб, “Мидас мақбараси” ни (милоддан аввалги ВИИИ аср Язил - қоя) келтириш мумкин. Фригияликлар иншоотларида юнон, хетт меъморчилиги таъсирини кўриш мумкин. Шунингдек, Фригия кулолчилигида ҳам хетт ва кипрликлар таъсири номоён бўлади[1].

Лидия тарихи

Юнонларнинг далолат беришича, Герма дарёси водийси “жаннатмакон” юрт эди. У деҳқончилик ва боғдорчилик учун қулай ва сунъий суғоришга хожат бўлмаган. Бу ерда олтин конлари ҳам бор эди. Лидияда ҳунармандчилик юқори ривожланганлигини олтин, тош ва фил суякларидан ясалган буюмлардан билиб олса бўлади[1].

Заргарликдан ташқари Лидияда тўқимачилик ва терини қайта ишлаш ҳам равнақ топган. Ҳунармандчиликнинг ривожи учун турли хом ашё талаб этилган. Лидия ўз хом ашё базасига эга бўлмаганлиги сабабли хом ашё қўшни давлатлардан олиб келинган. Бу ўз навбатида савдо-сотиқнинг ҳам ривожланишига сабаб бўлган.

Лидиянинг савдо йўлларининг кесишган жойида жойлашуви ҳам бу соҳанинг мамлакат ҳаётида муҳим рол ўйнаганини кўрсатади. Юнонларнинг тарихий анъаналарига кўра тарихда биринчи бўлиб лидияликлар тангалар зарб қилган. Геродот ҳам буни таъкидлаб “лидияликлар жуда кўп тангаларга эга” деб ёзади.

Герма водийсини эгаллаган Фригияда ишлаб чиқарувчи кучларнинг ўсиши ҳамда синфий муносабатлар таъсирида Лидияда қулдорлик тузуми кучайиб борди.

Лидия кучли ҳарбий қўшинга эга бўлиб, унинг асосини пиёдалар эмас, балки узун найза билан қуролланган отлиқлар ташкил қилган. Улар асосан зодагонлар, йирик ва ўрта ҳол қулдорлардан йиғилар эди.

Лидия тарихида бизга маълум бўлган дастлабки воқеалар киммер ва фракия қабилалари босқини (милоддан аввалги ВИИ аср бошлари) ҳамда бунинг натижасида рўй берган сулолалар алмашуви эди. Милоддан аввалги 692 йил янги сулоланинг биринчи шоҳи Гигес (Гуггу) тахтга ўтирди. Оссурия ёрдамига таянган ҳолда у милоддан аввалги 665 йилда бостириб келган киммерийликларни мамлакатдан ҳайдаб чиқаради ва уларни шарққа чекинишга мажбур қилади. Кейинчалик Гигес Миср шоҳи Псамметих И билан алоқа ўрнатди. Миср шоҳи Гигес ёрдамида Оссурия истилосидан озод бўлиш мақсадида унга ёрдам бериш учун қўшин жўнатади.

Тез орада Лидия яна киммерийлар босқини қурбони бўлади. Милоддан аввалги 654 йилда Гигес жанг майдонида ҳалок бўлади ва босқинчилар мамлакатнинг катта қисми, ҳатто Сардни ҳам босиб олишга эришадилар. Кўп йиллик кураш натижасида Гигеснинг ўғли Ардис (милоддан аввалги 654 - 505 йиллар) киммерийларни Лидиядан қувиб чиқаришга муваффақ бўлади.

Мамлакат босқинчилардан озод қилинганидан сўнг, Ардис Кичик Осиёнинг ғарбий денгиз бўйида жойлашган юнон шаҳар-давлатларини босиб ола бошлади. Ардис соҳилнинг марказий қисмида, йирик юнон шаҳри Милет ва Приэна шаҳрини истило қилади. Лекин Милетга қарши ҳарбий юришларда у муваффаққиятга эриша олмайди ва кейинчалик бу ишни унинг ўғли ва набираси давом эттиради. Ички кураш ва низолар ушбу шаҳар-давлатларининг тез таслим бўлишига яна бир сабаб бўлди. Лидия шоҳлари бундан фойдаланиб, бу шаҳарларни осонликча босиб олар, аксинча, шароити барқарор шаҳарларда қаттиқ қаршиликка дуч келар эдилар.

Ардис набираси Алиатт ҳукмронлиги даврида шарқда яна бир хавф – Мидия давлати пайдо бўлди. Мидия давлати шоҳ Киаксар даври – милоддан аввалги 615 - 605 йилларда Оссурия давлатини яксон қилади ва Урартуни эгаллагач, сўнг Кичик Осиёни истило этишга киришади.

Милоддан аввалги 591 йилда Лидия ва Мидия давлатлари ўртасида олти йил давом этган уруш бошланди. Бу уруш милоддан аввалги 585 йил 28 майда Галис дарёси бўйида якунланди. Милетлик файласуф Фалеснинг айтишича, шу куни Қуёш тутилиши содир бўлган. Геродот “Кун бирпасда тунга айланди” деб ёзади. Бу воқеа курашаётганларга кучли таъсир қилиб, афсонада айтилишича, улар бобилликлар ёрдамида тинчлик тузишга шошилишган. Ушбу шартномага кўра Галис дарёси Мидия ва Лидия ўртасидаги чегара қилиб белгиланган. Икки давлат ўртасидаги муносабатларни яхшилаш мақсадида Алиатт ўз қизини Мидия шоҳи Киаксарнинг ўғли Астиагга беради. Милоддан аввалги 585 йил эса Астиаг отасининг ўрнини эгаллаб Мидия тахтига ўтиради.

Шундай қилиб, шарқда Мидия давлати билан биргаликда ўз мавқеини мустаҳкамлаган Алиатт юнон шаҳар-давлатларига қарши босқинчилик юришларини давом эттирди. Бундан ташқари, у Кичик Осиёдаги қабилаларни (пафлагон, вифин, карий ва бошқалар) ҳам бўйсундириш ниятида эди.

Астиагнинг ўғли Крез (милоддан аввалги 560 - 546 йиллар) охир-оқибат Кичик Осиё юнонларини ўзига тобе қилиб, уларни Лидияга бож тўлашга мажбур қилди. Натижада Крез Кичик Осиёнинг ликиялик ва киликияликлар яшайдиган жойларидан бошқа барча ҳудудларнинг ягона ҳокимига айланди. Лидиянинг Кичик Осиёдаги юнон шаҳарлари билан муносабатлари маданиятнинг ўзаро муштараклашуви ва бойишига сабаб бўлди. Лидияликлар ҳам фригияликлар каби юнон алифбосини ўрганиб, ўзларида татбиқ этишди. Мамлакатда юнон тили кенг миқиёсда ўргана бошланди.

Лидия шоҳлари Гигесдан бошлаб ўз юнон қўшинларига, сўнг эса халқига таъсир ўтказиш мақсадида юнон ибодатхоналарига қимматбаҳо совғалар йўллар ва уларнинг ёрдамига суянар эди.

Милоддан аввалги 550 йил Крез Лидия давлатига қарашли Мидияни босиб олган Эрон шоҳи Кирга қарши уруш очди. Лидия кучли отлиқ қўшинига эга бўлишига қарамай, милоддан аввалги 547 йил бу урушда мағлубиятга учради. Форс қўшинлари ҳеч қандай қаршиликка учрамай аввал Сардни, сўнг юнон шаҳарларини ҳам эгаллашди. Шу даврдан бошлаб Кичик Осиё Ахамонийлар давлати таркибига киради[1].

Манбалар

  1. ↑ 1,0 1,1 1,2 1,3 1,4 1,5 Гасратян М.А., Орешкова С.Ф., Петросян Ю.А. Очерки истории Турции. М., 1983.

Адабиётлар

  • Гасратян М.А., Орешкова С.Ф., Петросян Ю.А. Очерки истории Турции. М.,, Москва, 1983. 
  • Алманаc Туркей.1977-1983. Анкара, Туркиш Даилй Неwс, Туркия, 1977-1983.