Фтор-каучуклар — макромолекуласи таркибида фтор атоми тутган каучуксимон полимерлар (эластомерлар). Иссиққа чидамлиги, ёнмаслиги ва емирувчи муҳитларга бардошлилиги билан ажралиб туради. Гексафторпропилен ёки трифторхлоретилен билан винилиденфториднинг сополимерланишидан ҳосил бўлган маҳсулотлар саноатда кўп ишлатилади. Бу хилдаги сополимерлар узоқ сақланадиган, оқ тусли заҳарсиз маҳсулот, зичлиги 1830–1860 кг/м3, шишаланиш температураси —20° га яқин, мол. м. 10 мингдан 1 млн.гача.

Ф. асосида олинган резиналардан.совуққа чидайдигани перфторметилвинил эфир билан винилиденфториднинг сополимерланиши негизида олинади. Бу Ф.нинг шишаланиш температураси — 40° атрофида.

Ишқорлар, турли эритувчи ва оксидловчиларга, шу жумладан, фторга чидамли резиналар тўлиқ фторланган каучуклардан, мас, трифторнитрозометанли тетрафторетилен сополимери, иссиққа чидамли резиналар эса перфторметилвинил эфирли тетрафторетилен сополимерлари асосида олинади.

Мономерларни эмулсияда радикалли полимерлаш — Ф.нинг асосий синтез усули ҳисобланади. Ф., асосан, мой, оксидловчилар ҳамда емирувчи моддалар (200° ва ундан юқори трада) билан бевосита контактда бўладиган асбобускуналарнинг зичловчи қисмларини тайёрлашда, кимё саноатида, авиация ва космик техникада ишлатилади.