Функсия (лотинча: фунcтио — „бажариш“, „амалга ошириш“) (тилшуносликда) — муайян тил, тил бирлиги, лисоний шаклнинг у ёки бу вазифани бажариш қобилияти; тилнинг кишилик жамиятидаги роли, вазифаси; тил тизимининг барча сатҳларида унинг бирликлари ўртасидаги боғлиқлик ёки муносабатлар. Тил бирлиги функсиясини белгилаш унинг муайян тил (тил тизими)даги ролини аниқлашни кўзда тутади, мас, гапда коммуникатив (бирор нарса, воқеа ҳақида хабар бериш) ва номинатив (ушбу воқеани аташ) функсиялар ажратилиши мумкин. Ҳар бир тил бирлиги маълум мақсад учун хизмат қилади, яъни муаяйн функсияни (вазифани) бажаради, шунинг учунгина бошқа тил бирлигидан фарқ қилган ҳолда мавжуд бўлади. Тил бирликларининг кўплаб функсиялари — ўхшатиш, ажратиш, фарқлаш функсиялари ажратилади; ана шу функсияларга мувофиқ равишда тил бирликларининг ўзлари ҳам фарқланади, ажратилади. Масалан, фонема турли сўз ва морфемаларни фарклаш ёки улар орасига чегара қўйиш учун хизмат қилади.

Функсиялар нафақат тил бирликларини, балки тилнинг ўзини тизим сифатида тавсифлашда ҳам ўрганилади. Тилнинг асосий функсиялари: коммуникатив (муомала, алоқа қилиш функсияси), билиш, акс эттириш, шакллантириш, алоқа ўрнатиш, номинатив (борликдаги нарса ва ҳодисаларни номлаш, аташ), экспрессив (ифода, баён функсияси), апеллятив (мурожаат, ундаш, даъват функсияси) ва бошқа Тил функсиялари қаторида унинг сатҳий функсиялари — фонологик, морфологик ва бошқа функсиялари ҳам кўрсатилади. Функсионал нуқтаи назардан тил тизими кўп ўлчовли тузилма бўлиб, унинг намоён бўлиш шакллари (оғзаки ва ёзма тил), ижтимоий мақсадвазифаси (адабий тил, ижтимоий гурухлар тиллари, арго ва бошқалар), эстетик юналганлиги (поэтик тил) ва бошқа жиҳатлари фаркланади.

Манбалар