Фуқаролик жамияти – ҳақиқий фуқаролардан, яъни узвий боғлиқликда бўлган ҳамда ахлоқий маданиятга таянадиган ҳуқуқий ва сиёсий маданиятга эга одамлардан иборат жамиятдир.

Фуқаролик жамияти ҳақида илк тасаввурлар Аристотелнинг „Сиёсат“ асарида баён этилган. Унга кўра, инсоннинг эркин яшаш ҳуқуқи кишилик жамиятининг адолат ва қонун устуворлиги асосида ташкил этилиши орқали таъминланиши лозим. Жамиятни бошқаришда қонунларнинг тўғри ва адолатли бўлишига алоҳида эътибор берилади. Бу ғоялар ХХИ асрга келиб кенг ривожланди. Жумладан, Т.Гоббс асарларида такомиллаштиридди. ХВИИИ аср Буюк франсуз инқилоби даврида Инсон ва фуқаро ҳуқуклари декларацияси эълон қилиниши билан эса Фуқаролик жамияти тушунчаси кенг тарқала бошлади. Чунки жамиятнинг тенг ҳуқукли аъзолари – „фуқаролар“ тушунчаси пайдо бўлди, улар жамият ва давлат манфаатлари билан боғланган шахсий манфаатларини англай бошладилар. Кант, Руссо, Гегел, Поппер илгари сурган фикрлар Фуқаролик жамиятининг янгидан-янги қирраларини, умуминсоний қадрият сифатидаги моҳиятини очиб берди.

Шарқда Фуқаролик жамиятининг ўзига хос талқини мавжуд. Бу, бевосита, ахлоқ, маданият ва маънавиятнинг ҳуқуқ билан уйғунлашган, феъл-атвор, хатти-ҳаракатлар ва қоида меъёрларнинг узвий уйғунлашган шакли билан боғлиқ. Жумладан, энг қадимги маданий тарихий-ҳуқуқий ёдгорлик – Авестода кишиларнинг уюшиб яшаши, ўзаро муносабатлар ва алоқаларнинг ахлоқ ва меъёрларга таяниши каби ғоялар илгари сурилган. Бунда ўз-ўзидан жамиятда қонун устуворлигига эришиш, жамиятни шахс томонидан эмас, қонун бошқариши каби Фуқаролик жамиятининг илк белгилари намоён бўлган. Форобийнинг „Фозил одамлар шаҳри“ асарида мамлакатни бошқаришда адолатли қонун зарурлиги, фаол Фуқаролик жамиятини шакллантириш моҳияти чуқур таҳлил этилган. Қонунлари мукаммал бўлган мамлакатда адолат, инсон ҳуқуқлари устувор бўлиши муқаррар эканлиги баён қилиб берилган. Форобий фикрига кўра, „Шаҳар (мамлакат) аҳолиси хушхулққа эга бўлмаган тақдирда ҳокимиятга эҳтиёж туғилади“, жиноятчилик, безорилик, қонунбузарлик қонунлар заиф, аҳоли ахлоқиймаънавий жиҳатдан баркамол бўлмаган шароитда авж олади. Бундай халқни тартибга чақириш учун кучли таъсир ўтказувчи ҳокимият керак бўлади. Бу каби ғоялар Ибн Сино, Беруний, Хоразмий, Амир Темур, Алишер Навоий, Бобур ва бошқа томонидан ҳам илгари сурилган ва амалиётда кенг қўлланган.

Узоқ тарихий ривожланиш натижасида Фуқаролик жамиятини ҳозирги замонавий тушуниш шаклланди. Унга кўра, Фуқаролик жамиятда мулкчилик шаклларининг хилма-хил ва тенг бўлиши, меҳнат ва тадбиркорликнинг эркинлигига йўл қўйилиши, мафкуравий хилма-хиллик ва ахборот эркинлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг дахлсизлиги, ривожланган ўзини ўзи бошқариш, маданийлашган ҳуқуқий ҳокимият бўлиши ҳамда жамият ҳаётининг барча соҳаларида қонун устуворлиги таъминланиши муҳим ҳисобланади. Ўзбекистонда Фуқаролик жамиятини ко'риш тарихий анъана бўлсада, у бутунлай янги тарихий шароитларда жаҳон давлатчилиги илг'ор тажрибалари ва кўп минг йиллик миллий анъаналарнинг синтези сифатида дунёга келмокда. Яъни эркинлик ва ахлоқ, озодлик ва тарбия, қонунга итоаткорлик ва сиёсий ҳукуқий фаоллик, ҳуррият ва қатий тартибинтизом уйғунлигида Фуқаролик жамияти шакллантирилмоқда.

Фуқаролик жамияти нафақат давлатнинг мажбурлов кучи билан, балки унинг аъзолари бўлмиш фуқароларнинг ўзлари орқали сақлаб туриладиган ва қатъий тартиб қарор топган жамиятдир. Бундай жамият ўзини ўзи юксак даражада ташкил этиши билан ажралиб туради. Фуқаролик жамиятига давлатнинг кучли таъсири талаб этилмайди. Давлат бундай жамиятнинг назоратида бўлиши керак, чунки давлат – фуқаролик жамиятнинг „ёлланма хизматкори“. Зеро, у фуқаролар, корхона ва муассасалардан олинадиган солиқлар ҳисобига мавжуд бўлади. Мазкур жамият нафақат ўзининг сиёсий, маданий ҳаётини, балки иқтисодий, ижтимоий ҳаётини ҳам бошқариб туради. Ҳамма жамиятни ҳам фуқаролик жамияти деб бўлмайди. Фуқаролик жамияти анча юксак даражадаги ижтимоий ривожланиш кўрсаткичидир.

Фуқаролик жамиятини ривожлантириш консепсияси

Президент Шавкат Мирзиёев 2021-йил 4-март куни 2021-2025-йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш консепсиясини тасдиқлаш тўғрисидаги фармонни имзолади[1].

Консепсиянинг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини изчил такомиллаштириш;
  • фуқаролик жамияти институтларига кўмак бериш ҳамда уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмини янада такомиллаштириш;
  • давлат ва жамият бошқарувида фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
  • давлат ижтимоий лойиҳаларини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини янада кенгайтириш;
  • фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш.

„Кучли давлатдан - кучли фуқаролик жамияти сари“ консептуал ғоянинг амалий аҳамияти шундаки, унда мамлакатимизда демократик жараëнларни янада чуқурлаштиришнинг вазифалари ўз ифодасини топган. Улар мустақиллик йилларида бу соҳада амалга оширилган янги ислоҳотлар стратегиясининг узвий бир қисми бўлиб, мамлакатимиз тараққиëтининг бугунги босқичидаги ўзгаришлар заруратини ўзида акс эттиради. Фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқариш, ўз ҳудудларидаги ижтимоий ва хўжалик вазифаларини ҳал этиш, оммавий-маданий тадбирларни ўтказишдаги фаолликлари ҳозиргидан кўра анча кучлироқ бўлади.

Манбалар