Фуқаролик процессуал кодекси (ФПК) — фуқаролик процессуал ҳуқуқ нормаларининг тизимга солинган мажмуи. Фуқаролик ишларини кўришда суд фаолиятини, суднинг қарор ва ажримларини бажаришда суд ижрочиси, шунингдек, процесс иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тартибга солади. Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексида фуқаролик суд ишларини юргизиш вазифалари мамлакатнинг ижтимоий ва давлат тузумини, фуқароларнинг сиёсий, меҳнат, уй-жой ва бошқа шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя этишга хизмат қилади. Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси 1997-йил 30-августда қабул қилинган ва 1998-йил 1-январдан кучга кирган. Унга Ўзбекистон Республикасининг 2000-йил 14 декабрдан 163П-сонли қонуни билан ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси 5 бўлим, 40 боб, 391 моддадан иборат. Биринчи бўлим умумий қоидалардан иборат бўлиб, суд қарорлари ва баённомалари, судга тааллуқли ишлар, процесс иштирокчилари, далиллар, суд харажатлари, суд жарималари, процессуал муддатлар, суд хабарномалари ва чақирувлари нормаларини ўз ичига олади. 2-бўлим 1 инстансия судида иш юритиш тартибларидан иборат бўлиб, унда даъво ишларини юритиш, давлат органлари ва бошқа органлар, шунингдек, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоят ва аризалар бўйича иш юритиш, алоҳида тартибда иш юритишга оид нормалар ўз ифодасини топган, 3 бўлим суд қарорлари устидан шикоят бериш ва уларни қайта кўриш, 4 бўлим суд қарорларининг ижроси, 5 бўлим фуқаролик процессида чет эл фуқаролари ва ташкилотлари, фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг иштироки тўғрисидаги қоидаларни ўз ичига олади.

Манбалар