Furu al-fiqh
Фуру ал-фиқҳ (араб. фуру - тармоқ, бўлак, қисм, шаҳобча; араб. фиқҳ - чуқур тушуниш, билиш) - ҳозирги замон ҳуқуқшунослигидаги “соҳа” тушунчасига то’г’ри келади. Ислом ҳуқуқининг турли соҳаларини ўргатувчи фан ислом ҳуқуқшунослиги, ислом ҳуқуқ соҳалари бўйича билим берувчи ўқув курси дейиш мумкин. Фуру илк бор Муҳаммад Шайбонийнинг “ал-Мабсут” номи билан машҳур бўлган “Китоб ал-асл фи-л-фуру’” асари номида қўлланилган. Дастлабки даврларда “фиқҳ”ни “усул-ал фиқҳ” ва “фуру ал фиқҳ”га бўлиб ўрганилмаган, ислом ҳуқуқини ўрганишга бағишланган асарларда фиқҳнинг ҳар иккала қисми ҳақида сўз юритилган. Кейинчалик уларнинг ҳар бирини алоҳида тадқиқ этишга бағишланган асарлар яратилган. Фуру ал-фиқҳни ўрганишга бағишланган асарларда мазмунан бир-бирига яқин ҳуқуқий масалаларни алоҳида мавзу, боб, китобда баён этиш ан’ана тусини олган. Булар имон ва э’тиқод, турли шартномавий мажбуриятлар, солиқ ундириш, оила-никоҳ, мерос, қариндошчилик, жиноят ва жазо, давлат тузилиши в.б.руви, давлатлараро муносабатлар, уруш ва тинчлик, судда иш кўриш ва иш юритиш, инсонлар ҳулқ-атвори ва хатти ҳаракатига шариатнинг беш категорияси - фарз, вожиб, суннат, макруҳ, ҳаром амаллар бўйича баҳо бериш билан боғлиқмасалалардир. Фиқҳ назариясининг тўла шаклланиши даврига келиб унинг ме’ёрларини алоҳида соҳаларга бўлиб ўрганишҳаракати бошланди. Лекин бу борада фақиҳ уламолар ўртасида якдиллик бўлмаган. Бу ҳол ҳозиргача сақланиб қолмокда. Бир қатор тадқиқотчилар фиқҳ ме’ёрларини учта катта гуруҳга бўладилар. Биринчиси, мусулмонлар билан Аллоҳ ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи ме’ёрлар ибодат деб номланади. Иккинчиси, муомалат деб номланиб, инсонлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи ме’ёрлар. Учинчиси, сияр-давлатлар ва диний жамоалар ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи ме’ёрлар. Бошқа тадқиқотчилар сиярни алоҳида ме’ёрлар гуруҳи сифатида э’тироф этишмайди. Айрим тадқиқотчилар 1869- 77-й.ларда Усмонлилар салтанатида тузилган ислом ҳуқуқи кодекси - Мажаллага асосланиб фиқҳ ме’ёрларини ибодат ва муомалатга, муомалатнинг ўзини учта соҳага бўлишади: шухс мақоми ҳуқуқи, фуқаролик ҳуқуқи ва жиноят ҳуқуқи ме’ёрлари. Ба’зи тадқиқотчилар муомалатнинг уч соҳасига қо’шнимча тарзда “ҳокимият ме’ёрлари”, суд ҳуқуқи, ислом халқаро ҳуқуқи соҳаларини кўрсатишади. Сўнги нуқтаи назар ҳозирги замон ислом ҳуқуқшунослик фанида кенг тарқалган нуқтаи назар ҳисобланади. Бунга ко’ра фиқҳ - ислом ҳуқуқи қуйидаги соҳаларни қамраб олади:
Ибодат-мусулмонларнинг Аллоҳ олдидаги мажбуриятлари - намоз, таҳорат, рўза, закот, ҳаж кабилар билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи ме’ёрлар мажмуи;
шахс мақоми ҳуқуқи - оила ҳуқуқи никоҳ шартлари, уни тузиш тартиби, махр (куёвнинг келинга совгаси), эр-хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, оила а’золарининг ўзаро алоқалари, никоҳни тугатиш асослари ва ундан келиб чиқадиган оқибатлар, нафақа ва мерос, васийлик ва ҳомийлик билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи ме’ёрлар мажмуи;
фуқаролик ҳуқуқи - мулкдан фойдаланиш, унга эгалик қилиш, уни тасарруф қилиш, мулкни сотиш сотиб олиш, ижарага бериш, ҳадя қилиш, гаров, биргаликда фаолият юритиш ва бошқарув билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи ме’ёрлар мажмуи;
давлат ҳуқуқи - давлат тузилиши ва бошқаруви, давлат органлари ва мансабдор шахслар, уларнинг ваколатлари ва бурчлари, давлат билан фуқаролар ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи ме’ёрлар мажмуи;
жиноят ҳуқуқи - жиноят тушунчаси, унинг таркиби ва турлари, жазо ва унинг турлари билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи ме’ёрлар мажмуи;
суд (просессуал) ҳуқуқи - фуқаролик ва жиноят ишларини судда кўриш тартиби, далиллар, қарор қабул қилиш ёки ҳукм чиқариш ва уларнинг ижросини та’минлаш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи ме’ёрлар мажмуи;
ислом халқаро ҳуқуқи - мусулмон давлатлари, улар билан мусулмон бўлмаган давлатлар, мусулмон жамоаси в.б. диний жамоалар ўртасидаги алоқалар, уруш ва тинчлик билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи ме’ёрлар мажмуи.
Бундан ташқари айрим дарслик ва ўқув қўлланмаларда солиқларнинг турлари, миқдори, ундириш тартиби ва улардан тўпланган маблағларни тақсимлаш билан бог’лиқ муносабатларни тартибга солувчи ме’ёрлар мажмуи солиқ ҳуқуқи соҳаси сифатида э’тироф этилади[1].
Манбалар
- ↑ Нажмиддинов, Каримов, Турдиева 2017, с. 398-400.
Адабиётлар
- Нажмиддинов Ж., Каримов Ж., Турдиева Д.. Диншунослик. Қомусий луғат. Имом Бухорий халқаро маркази нашриёти, 2017 — 480-бет. ИСБН 978-9943-5105-3-1.
Бу мақола бирорта туркумга қўшилмаган. Илтимос, мақолага алоқадор туркумлар қўшиб ёрдам қилинг. (Апрел 2024) |