Фюзеляж (франсузча: фусеау — „урчуқ“) — авиацияда учиш аппарати (вертолёт, гидросамолёт, самолёт) нинг экипаж аъзолари, йўловчилар, юклар ва жиҳозлар учун мўлжалланган корпуси. Аппаратнинг қанотлари, дум қанотлари, баъзан, шасси (тана) ва куч қурилмасини ўзаро боғлаб туради. Асосий қисмлари каркас („синч“, қовурға) ва қопламадан иборат. Асосан, суйри (шамол сийпаб ўтиб кетадиган) шаклда ясалади. Фюзеляжнинг фермали (фазовий фермадан иборат), балкали (бўйлама ва кундаланг балкалар, яъни лонжерон, стрингер ва шпангоутлардан иборат) ва аралаш (олд қисми фермали, орқа қисми балкали ва аксинча) хиллари бўлади.

Товушдан тез учадиган самолётлар фюзеляжининг тумшуқ қисми учли (ўта суйри) қилиб ясалади. Шунда уларнинг аэродинамик хоссалари яхшиланади. Двигател гондоласи ва дум қанотлари махсус балкаларга ўрнатилади. Гидросамолётнинг фюзеляжи қайиқ шаклида ясалади.

Йўловчи самолётларининг тор фюзеляжли ва кенг фюзеляжли турлари мавжуд. Тор фюзеляжли самолётларнинг ўртача диаметри 2-4 метрни (В737 ва А320) кенг фюзеляжлисиники эса камида 5 метрни ташкил этади. Иккита йўловчи палубасига эга самолётлар ҳам мавжуд (А380, Б747).

Фюзеляжнинг олдинги ва орқа гермошпангоутлари (гермошпангоут — бутунлай герметик бўлган тўсиқ)  орасидаги бўлма гермокабина деб аталади. Йўловчи самолётининг гермокабинасини шартли равишда юқори палуба (экипаж кабинаси, йўловчи салони, хизмат бўлмалари) ва қуйи палубага (багаж-юк бўлмаси ва техник бўлма) ажратиш мумкин.