Gʻarib
Ғариб (араб. битта, яқинларидан узоқда) - оят, ҳадиснинг тури. Истилоҳда- биргина ишончли одамдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадис. Ҳадисда ғариблик матнда ҳам, иснодда ҳам бўлиши мумкин. Ғариб иснодда ровийнинг ёлғизланиб қолиш ўрнига қараб икки қисмга бўлинади: мутлақ ғариб ва нисбий ғариб. Мутлақ ғариб ёки мутлақ фард - ғариблик иснодининг аслида бўлган ҳадис. Бунда исноднинг аслида ҳадисни биргина шахс ривоят қилади. Исноднинг асли деб саҳобий турган томон айтилади, саҳобий эса иснод ҳалқаларидан бири бўлиб, агар ҳадисни саҳобий ёлғиз ўзи ривоят қилса, ҳадис мутлақ ғариб бўлади. «Албатта амаллар ниятга боғлиқдир...» деган ҳадисни фақат Умар (р.а.) ривоят қилган. Шу сабабли у мутлақ ғариб ҳисобланади. Нисбий ғариб ёки нисбий фард-ғариблик иснод давомида бўлган ҳадис. Бунда, исноднинг аслида бир неча ровийлар ривоят қилиб, улардан сўнггина бирор ровий ёлғизланиб қолса ҳадис нисбий ғариб дейилади. «Пайғамбар (с.а.в.) Маккага кириб келган вақтда бошларида дубулғалари бор эди» деган ҳадисда Молик ибн Анас, Ибн Шиҳоб Зухрийдан ривоят қилиб ёлғизланиб колганлиги учун нисбий ғариб деб номланган. Яна шундай ҳадислар ҳам борки, улар иснодида ғариблик ва ёлғизланиш мавжуд бўлиб, уларни нисбий ғариб деб ҳисоблаш мумкин. Чунки улардаги ғариблик мутлақ эмас, балки ғариблик аниқ сабабга кўра ҳосил бўлган. Бундай ҳадисларни қуйидаги турларга ажратиш мумкин:
1.Ишончли ровий ривоят қилган ҳадисни. Бу ҳолда «фалончидан бошқа ишончли одам бу ҳадисни ривоят қилмаган», дейилади.
2. Бир ма’лум ровий иккинчи ма’лум ровийдан ёлғиз ўзи ривоят қилган ҳадис. Масалан, Са’ид ибн Мусайябдан Ҳасан Басрий ривояти.
3. Бир мазҳаб ахдлари ёки бирор олим шогирдлари ривоят қилган ҳадис. Ҳанафий мазҳабидаги олимлар - Наха’ийдан Ҳаммод, ундан Абу Ҳанифа, ундан Абу Юсуф ривояти.
4. Бирор тараф ёки шаҳар ахдлари ривоят қилган ҳадис. Масалан, Мадина аҳлининг ривояти.
5. Бирор шаҳар ёки тараф ахдларигина бошқа шаҳар ёки тараф аҳлларидан ривоят қилган ҳадис. Масалан, Макка аҳлидан Мадина аҳлининг ривояти.
Шунингдек, ғариб ҳадислар исноддаги ва матндаги ғариблик э’тибори биланн ҳам бўлинади:
1.Матн ва исноди жиҳатдан ғариблик. Бир матн билан биргина киши томонидан ривоят
қилинган ҳадис.
2.Фақат иснод жиҳатидан ғариблик. Бир матн билан бир неча киши саҳобийдан ривоят қилган ҳадисни бошқа киши иккинчи саҳобийдан бошқа матн билан ривоят қилиши.Имом Дорақутний (385/995 й.в.э.)нинг «Ғароиб» асари ушбу атама бўйича ёзилган асарлар сирасига киради.[1].
Манбалар
- ↑ Нажмиддинов, Каримов, Турдиева 2017, с. 460-462.
Адабиётлар
- Нажмиддинов Ж., Каримов Ж., Турдиева Д.. Диншунослик. Қомусий луғат. Имом Бухорий халқаро маркази нашриёти, 2017 — 480-бет. ИСБН 978-9943-5105-3-1.