Габдулла Абдулкаримович Апанаев (1862-йил 15-март — 1919-йил 25-июн) — татар ўқитувчиси ва жамоат арбоби.

Габдулла Абдулкаримович Апанаев
Таваллуди 1862-йил 15-март
Малмиж уезди, Вятка губернаторлиги, Россия империяси
Вафоти 1919-йил 25-март (57 ёш)
Фуқаролиги Rossiya Россия империяси
Касби журналист, ўқитувчи

Биографияси

1862-йил 15-мартда Вятка губернаторлиги Малмиж уездига қарашли Сасна қишлоғида туғилган. Унинг отаси Абдулкарим Исхакович Апанаев (1840—1892-йиллар) иккинчи гилдиянинг савдогари бўлган, кўплаб мулкларга, совун заводига ва улгуржи дўконлар тармоғига эга эди[1][2].

Мадрасани тамомлагач, Туркия ва Мисрда таҳсил олган. Россияга қайтиб, муллаликка имтиҳон топширгач, Қозон шаҳрида жойлашган Юнус масжидининг иккинчи мулласи этиб тайинланади. Бир қанча вақтдан сўнг шу масжиднинг имом-хатиби бўлган. Шундан сўнг у масжид қошидаги мадрасани ислоҳ қилди, мадраса қуриш учун ўз уйини берди, ўқув материалларини янгилади. Натижада ўқувчилар сони ортиб, таълим сифати ошди. Мадрасага бошқа ўқув юртларидан ўқитувчилар кўчиб кела бошладилар, улар орасида Аҳмадхожи Мақсудий ҳам бор эди. Мадраса талабалари орасида Ғаёз Исхоқий ва Нажиб Думавий ҳам бўлган[1][2].

1902—1906-йилларда Мусулмонлар хайр-эҳсон жамиятига раҳбарлик қилган. Бу лавозимда у ўзини ислоҳотчи сифатида ҳам намоён этган, бунинг натижасида ташкилот катта маблағларни жалб қилишга муваффақ бўлган[1][2].

1905—1907-йиллардаги биринчи рус инқилоби йилларида у фаол ижтимоий-сиёсий фаолият билан шуғулланган. „Иттифоқ ал-муслимин“ исломий партиясини яратишда ва унинг фаолиятида иштирок этган. Унинг 3 та қурултойини ташкил этган ва ўтказган, Марказий Қўмита ва Қозон бўлими бюроси аъзоси бўлган. 1906-йилда „Озод“ газетасини яратган ва унда муҳаррир бўлиб ишлаган[1][2].

1908-йилда „Иттифоқ ал-муслимин“ етакчилари ва фаол аъзоларига қилинган қатағонлар доирасида Ғолимжон Барудий, С.Галеев ва А.Казаковлар билан биргаликда Вологда вилоятига 2 йилга сургунга ҳукм қилинган. Сургундан қайтгач, Габдулла Апанаевни исломий ғояларни тарқатишда айблашга бир неча бор муваффақияциз уринишлар қилинган[1][2].

Шаҳар Думасининг аъзоси этиб сайланган, бу лавозимда у тўртта комиссия ишида қатнашган, ИВ-Давлат Думасига номзодини қўйган. Апанаев мактабини ривожлантирган[1][2].

1914-йилда бошланган Биринчи жаҳон уруши жангларида Габдулла Апанаевнинг ўғли Яҳё 1916-йилда ҳалок бўлган[1][2].

Фуқаролар уруши пайтида болшевиклар томонидан гаровга олинган ва 1919-йил 25-июнда Марказий мусулмонлар ҳарбий коллегияси (ММҲК) сиёсий бўлими бошлиғи Комил Ёқуб татар захира баталони аскарининг қўзғолони пайтида ўлдирилганидан кейин отиб ташланган.

Манбалар

  1. ↑ 1,0 1,1 1,2 1,3 1,4 1,5 1,6 „Апанаев, Габдулла (1862—1919)“. 11-июл 2018-йилда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 30-июн 2018-йил.
  2. ↑ 2,0 2,1 2,2 2,3 2,4 2,5 2,6 „Традиции джадидского образования — в новое тысячелетие: путем Габдуллы Апаная!“. 28-феврал 2018-йилда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 30-июн 2018-йил.

Ҳаволалар