Гаплоид (юнонча: ҳаплоос — якка, оддий ва эидос — тур) — бошланғич тур соматик хромосомалари тўпламининг фақат ярмигагина эга бўлган индивид. Бошланғич тур асосий хромосомалар тўпламини (п) ўзида тулиқ сақловчи Г. эугаплоид дейилади. Анеугаплоид (гетерогаплоид) — хромосомалар тўпламида бутун бир хромосома ёки унинг сегменти ортиқ ёки кам бўлган Г.дир. Диплоид турлардан келиб чиққан моногаплоидлар ва полиплоид турлардан келиб чиққанполигаплоидлар фарқланади (қаранг Полиплоидия). Бир неча бир хил геномларни ўз ичига олувчи полигаплоидлар — автополигаплоидлар, ҳар хил геном хромосомалар тўпламини ўзида сақловчилар эса — аллополигаплоидлар дейилади.

Ҳароратнинг таъсири, ёт чанглар, нурлантирилган чанглар ва уларнинг турли хилдаги аралашмаси билан чангланиш гаплоидияга сабаб бўлади. Г.ли ўсимликларнинг орган ва ҳужайраларининг ўлчами диплоидларникига қараганда кичик бўлади. Г.ларни диплоидлаш билан юқори пуштлиликка эга бўлган гомозиготали линиялар яратилади. Г. гулли ўсимликларда кенг тарқалган.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил