Гастрофилёз — тоқтуёкли ҳайвонларнинг ҳазм органларида учрайдиган сурункали инвазион (юқумли) касаллик. Касалликни Cастропҳилидаэ оиласига мансуб меъда бўкасининг личинкаси қўзғатади (қаранг Бўкалар). Урғочи бўкалар ҳайвон бош қисми жунига кўплаб (600 та гача) тухум қўяди. 4—10 кунда тухумдан чиққан личинкалари ҳайвоннинг оғиз бўшлиғи томон ҳаракатланади ва лунж, тил шиллиқ қавати орқали оғиз бўшлиғига тушиб, ҳазм органларига ўтади, меъда ва ўн икки бармоқли ичакда 9—10 ой яшайди ва баҳор, ёз ойларида ҳайвон тезаги билан тушиб ғумбакка айланади. Ҳазм органларининг шиллиқ пардаси шикастланиб катар, камқонлик, ориқлаш кузатилади. Анемия касаллиги вужудга келади. Тойларда эса кўпинча тўғри ичак ташқарига чиқиб қолади, ҳазм органлари фаолияти бузилади. Олдини олиш: терига ёпишган бўка тухумлари қашлағичда қириб ташланади. Бўкалар учадиган даврда. ҳафтада бир марта инсектицидлар билан ҳайвонлар тери қопламига ишлов берилади ёки ҳайвон танаси иссиқ сув билан ювилади. Бу иш бўкаларнинг учадиган даврида ҳар 10 кунда такрорланади. Даволаш: октябр— ноябр ойларида ҳайвонларга 1% энвест пастаси берилади. Гастрофилёзлар Ўзбекистоннинг барча вилоятларида тарқалган.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил